Ўзбекистон | 16:52 / 01.04.2024
16537
3 дақиқада ўқилади

2024 йил Ўзбекистон биринчи марта халқаро TALIS тадқиқотида қатнашади – ММТВ

TALIS – ўқитувчилар фаолияти, иш шароити ва мактабдаги таълим муҳитини баҳолашга қаратилган халқаро тадқиқотдир. Бу йил баҳор ойларида Ўзбекистоннинг 210 та мактаби шу тадқиқотда иштирок этиши ва жараёнда ўқитувчиларнинг ижтимоий-эмоционал ҳолатлари ўрганилиши кутилмоқда. 

1 апрел куни АОКА агентлигида ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда хабар берилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Стратегик ривожлантириш ва халқаро рейтинглар бошқармаси бошлиғи Лазиз Хўжақуловнинг айтишича, бугунги кунда ўқитувчиларнинг руҳан зўриқиш ҳолатлари таълим муассасаларидаги бор масала бўлиб турибди. 

“Бу фақат Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунёда ўқитувчиларнинг социал ва эмоционал бўйича [муаммолари] мавжуд. Вазирликда нима иш қилиняпти деганда иккита нарсани айтиш керак. 

Биринчидан, халқ таълими тизимидан бошланиб, мактабгача ва мактаб таълими тизимигача давом этиб келяпти, халқаро TALIS тадқиқотлари бор, шу тадқиқотларда ўқитувчиларнинг касбига бўлган муносабати, бунга қандай таъсирлар кўрсатилаётгани ўрганиляпти. Бу – бизга ҳам янги нарса. 

Иккинчиси, ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантириш йўналишида социал-эмоционал ҳолатлари устида ишлаш бўйича қўшма лойиҳа [имзолаш] ҳам режа қилиняпти”, – деди у. 

Хўжақуловнинг қўшимча қилишича, ўқитувчиларни руҳий стресс ва зўриқиш ҳолатларини енгиш бўйича ҳам малака ошириш курсларида алоҳида ишлар олиб бориш кўзда тутилган. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, Ўзбекистон мактаблари 2024 йилнинг апрел ва май ойларида биринчи маротаба TALIS тадқиқотида иштирок этади. Бунда ҳам худди PISA тадқиқоти учун танлаб олингандек, республиканинг 210 та мактаби сараланган. Тадқиқотлар сўровнома кўринишида ташкил қилинади. 

Маълумот учун, TALIS (Teaching and Learning International Survey) халқаро тадқиқотида ўқитувчилар, мактаб раҳбарларининг касбий ва педагогик фаолияти, меҳнат шароити ва мактабдаги таълим муҳитини ўрганилиб, унга тегишли таҳлиллар бўйича ишончли ва таққосланадиган маълумотлар ишлаб чиқилади. Тадқиқот 2008 йилдан бери Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ҳар 6 йилда сўровнома кўринишида ўтказилади. 

Сўнгги марта 2018 йилда бўлган TALIS халқаро баҳолашларида 48 та давлат қатнашган, натижалари 2020 йилда июн ойида эълон қилинган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш