Ўзбекистон | 09:40 / 16.03.2022
80820
4 дақиқада ўқилади

1 апрелдан пенсионерлар учун бир қатор имтиёзлар жорий этилади

Фото: Kun.uz

Президент “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;

б) шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;

в) оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.

Бунда, дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади;

г) кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади.

Бунда, абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб борилади;

д) давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

2022 йил 1 майдан бошлаб ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимлари ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг “Саll-маркази”га қилинган мурожаатлар асосида қуйидаги хизматларни кўрсатади:

а) ахборот-сервис хизмати:

оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари кўригига ёздириш, уларни уйга кўрикдан ўтишга чақириш;

“Нуроний” жамғармаси хизматларидан фойдаланиш учун буюртма бериш, рўйхатдан ўтиш ва буюртманинг ҳолатига аниқлик киритиш;

“Нуроний” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган профилактик, тиббий даволанишлар ва сайёҳлик сафарлари бўйича маълумотлар олиш;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасалар (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) тўғрисида маълумотлар олиш;

маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида кинотеатрлар, театрлар, музейлар ва бошқа маданий тадбирлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар олиш;

б) уйда хизматларни кўрсатиш:

“Нуроний” жамғармаси томонидан кўрсатиладиган хизматлар доирасида дори воситалари, протез-ортопедия мосламалари ва кресло-аравачаларни уйга етказиб бериш;

шифокорлар рецептларига асосан ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг маблағлари ҳисобига дори воситаларини олиб келиш ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг шифокори кўригидан сўнг тиббий кўрик маълумотларини етказиш;

кутубхоналарга аъзо бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа нашрларни етказиш.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид