Жамият | 15:31 / 05.09.2024
3919
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда бир туп теракни кесган фуқаро 9 млн 375 минг сўм жаримага тортилди

Шунингдек, қоидабузар фуқарога ўсимлик дунёсига етказилган зарари учун 680 минг сўм ҳисобланган.

Фото: Экология вазирлиги

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида кўчада ўсиб турган теракни кесган фуқаро БҲМнинг 25 баробари миқдорида жаримага тортилган. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Пахтачи тумани ҳудудида рейд кузатуви олиб бориш жараёнида Тинчлик маҳалласида яшовчи фуқаро М.Р. маҳалла ҳудудидаги ўсиб турган бир туп терак дарахтини ўзбошимчалик билан кесиб ташлагани аниқланган.

Ҳолат юзасидан давлат инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима белгиланган.

Шунингдек, теракни кесган фуқарога ўсимлик дунёсига етказилган зарари учун 680 минг сўм ҳисобланган.

Маълумот учун, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб БҲМ 375 минг сўм этиб белгиланган. БҲМнинг 25 баробари 9 млн 375 минг сўм бўлади.

Мавзуга оид