16:53 / 11.04.2022
35992

Қандай амаллар рўзани бузади? — Рамазонга доир савол-жавоблар

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойи, хусусан, рўза тутишга доир энг муҳим саволларга жавоблар тақдим қилмоқда.

Савол: Қандай амаллар рўзани бузади?

Жавоб: Рўзадор қасддан овқат еса, сув ичса, дори ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўза бузилади. Бу ҳолатларда ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларда каффорат йўқ.

Қуйидаги ҳолларда рўзадор одамнинг рўзаси бузилади ва қазосини тутиб бериши вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди:

  • тонг отмаган деб ўйлаб, саҳарлик қилса ёки кун ботди деб ўйлаб оғзини очиб юборса-ю, сўнг тонг отиб қолгани ёки кун ботмагани билинса;
  • аёлини ўпиши, ушлаши орқали жунуб бўлиб қолса;
  • ҳуқна (клизма) қилдирса;
  • бурнига дори томизса.

Беихтиёр қайт қилса, рўза бузилмайди. Агар қасддан, зўрлаб, оғзи тўлиб қайт қилса, рўзаси бузилади, кейин қазосини тутиши вожиб бўлади.

Қуйидаги ҳолатларда рўза бузилмайди:

  • рўзадор эсида йўқ ҳолатда еса, ичса, жинсий алоқа қилса;
  • уйқусида ёки аёлига қараб жунуб бўлиб қолса;
  • қон олдирса;
  • сурма қўйса;
  • аёлини ўпса-ю, жунуб бўлмаса.

Рўзадор одам иложи борича ўзини бундай ҳолатдан узоқ қилмоғи лозим.

Рўзадор учун қуйидаги ишлар макруҳдир:

  • Ўз нафсига ишонмаган кишининг ўз аёлини ўпиши. Агар нафсини жиловлай олса, зарари йўқ;
  • Бирор нарсани татиб кўриш ва мисвоқдан бошқа нарса билан тишни тозалаш;
  • Эмизикли рўзадор аёл ўз боласига заруратсиз таом чайнаб бериши. Бунда агар чайнамасликнинг имкони бўлса, чайнамаган маъқул. Аммо имкони бўлмаса, чайнаб беришнинг зарари йўқ, валлоҳу аълам.

Савол: Кун жуда иссиқлиги туфайли ёки терлаб кетган вақтда рўзадор киши чўмилиши мумкинми?

Жавоб: Одамлар ичида рўзадор киши кундуз куни ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор:

1. Рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас;

2. Кундуз куни бемалол ювиниш мумкин.

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас». Мана шу гап устунроқ, «Муҳити Сарахсий» китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишлар қилинмаса, бу ишлар ифтордан кейинга қолдирилса, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин масалан, кун қаттиқ исиб кетганда ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишлар қилинса, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди, валлоҳу аълам.

Мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Top