Жабалиядаги тўқнашувлар, Харкив фронтидаги барқарорлашув ва мигрантларни қувишни мақсад қилган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй бераётган муҳим воқеа ва ҳодисалар шарҳи билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазонинг жанубида жойлашган БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш Яқин Шарқ агентлиги клиникасига Исроил зарбаси туфайли маҳаллий журналистларнинг хабарига кўра, 14 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Денгиз қирғоқларида қорин тўйдириш учун балиқ тутаётган фаластинликларга ҳам Исроил вертолётлари ўқ узган.
Исроил самолётлари Ғазонинг шимолидаги Жабалия шаҳрига ҳужум қилгани оқибатида ҳам 3 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Бир неча киши яралангани хабар қилинмоқда.
ҲАМАС ҳаракати Исроил қўшини билан Жабалия шаҳридаги тўқнашувларнинг кадрларини эълон қилди.
«Ал-Ақсо» тошқини операциясининг 224-кунига келиб «Ал-Қассам бригадаси» расмий вакили Абу Убайда сўнгги ўн кун ичида исроиллик оккупантларнинг 100 та танки ва зирҳли техникасига ҳужум қилганини таъкидлаган.
«Ҳарбий можаронинг барча зоналарида душманнинг ўнлаб аскарлари ҳалок бўлишмоқда ва ярадор қилинмоқда. Жасадларни олиб чиқиш бир фурсатга ҳам тингани йўқ. Биз душман билан узоқ жанг қилишга тайёрмиз», — деган Абу Убайда.
Урушнинг 224-кунига келиб Фаластинда ҳалок бўлганлар сони 35 минг 303 нафарга етди. Яраланганлар сони 79 минг 261 кишини ташкил этмоқда.
Сўнгги бир сутка ичида Исроил қўшини 4 та оммавий қирғин ўтказган, унда 31 киши ҳалок бўлган ва 56 киши яраланган.
2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода ҳалок бўлган журналистлар сони 147 нафарга етган. Ўлдирилган сўнгги журналист Ҳаэл ан-Нажор бўлди. У Рафаҳга уюштирилган авиазарба натижасида ҳаётдан кўз юмди.
Араб давлатлари Фаластин ҳақида
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида 11 та араб давлатлари етакчилари иштирокида Араб давлатлари лигасининг 33-саммити ўтказилди.
Араб давлатлари етакчиларининг муҳокамасидаги асосий мавзу Фаластиннинг Ғазо секторидаги вазият ва умуман Фаластин муаммоси бўлди.
Баҳрайн қироли Ҳамад ибн Исо Ол халифа Манамада ўтган Араб давлатлари лигаси саммити очилиш маросимида Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро конференция ўтказишга чақирди.
Баҳрайн қироли ўз мамлакати Фаластинни тўлақонли тан олиш ва уни Бирлашган Миллатлар ташкилотига қабул қилишни қўллаб-қувватлаш масаласига содиқ эканини тасдиқлади. У шунингдек, Фаластин давлатининг тузилиши минтақага ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Ўзининг саммитдаги чиқишида Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Ол Сауд халқаро тан олинган Фаластин давлатини тузишга чақирди. Ўз нутқида шаҳзода халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторида ўт очишни бас қилиш, Фаластиндаги тинч аҳолига нисбатан тажовузни тўхтатишга бўлган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Украинадаги уруш
Украина президенти Володимир Зеленский Харкив областида вазият барқарорлашганини маълум қилди. Украина қўшинлари Харкив области шимолида Россиянинг бостириб кириши билан боғлиқ вазиятни «барқарорлаштириш»га муваффақ бўлган — РФ қўшини сўнгги ҳафта давомида фронтнинг мазкур участкасида камида ўн километрга илгарилаганди. Бу ҳақда Зеленский журналистлар билан мулоқотда маълум қилган.
«Бугунги кун учун асосийси — бизнинг мудофаа кучларимиз вазиятни барқарорлаштиришди… Бугун мудофаа кучларимиз россияликларни турган жойида тўхтатди. Уларнинг энг чуқур кириб келган нуқтаси — 10 километр. Йўналишда душманнинг айрим бригадаларида ҳеч қандай илгарилаш йўқ — бунгача ҳам бўлмаганди».
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия қўшини «мудофаанинг бетон линияси»гача етиб келмаган ва биринчи линия атрофида бўлиб турибди.
«Биринчи линия — чегара эмас, у ерда истеҳком қуриб бўлмайди, чунки у ерда ишлаган одамлар россияликлар ишлатган қуроллардан ҳалок бўлди. Улар ҳозир тахминан ўша ерда. Бу биринчи линия, яъни ҳарбийларимиз тўхтовсиз отишмалар остида қурган линия. Биринчи ва иккинчи линияни ҳарбийлар қуришган, учинчисини эса маҳаллий ҳукумат. Буниси энг кучлиси — бу улар ҳарбийлардан яхшироқ экани учун эмас, шунчаки бу чизиқ қуроллардан, снарядлардан, отишмалардан йироқ бўлгани учун мустаҳкамроқ қурилган», — деган Зеленский.
Украина президентига кўра, бу йўналишда Россия қўшинларининг асосий нишони Вовчанск шаҳри ҳисобланади.
Шунингдек, Володимир Зеленский маҳбусларни сафарбар қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонун оғир бўлмаган жиноятлар учун судланганларга ҳарбий сафарбарлик эвазига озодликка чиқиш имконини беради.
Харкив фронти ҳақида гапирар экан, Хитойда бўлиб турган Россия президенти Владимир Путин Харкивни эгаллаш режаси йўқлигини айтган. У бу юриш ҳаракатларини Украина қуролли кучларининг зарбаларига жавобан чегара ҳудудда санитар зона ташкил этишга ҳаракат деб атади.
«Агар бу давом этса, биз хавфсизлик зонаси ташкил этишга мажбур бўламиз, деб очиқ айтгандим. Санитар зона. Мана буни қиляпмиз. Харкивга келадиган бўлсак, бугунги кунда бундай режа йўқ», — деган Путин.
Путин Россия музокаралардан бош тортмаслиги, аммо энди «ердаги мавжуд реаллик»дан келиб чиқилишини айтган.
Украинага ҳужум пайтида Россиядан камида 53 минг 586 аскар ҳалок бўлган, деб ҳисоблаб чиқишган журналистлар очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда. Бу фақат ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги некрологлар ва аниқланган қабрларга қараб қилинган ҳисоб-китоблар. Бедарак кетганлар ва кўмилмаганлар ҳисобга олинмаган. Ҳақиқий сон бундан 2-3 баробар юқори бўлиши мумкин.
Россиянинг ташқи савдоси
Хитой, Ҳиндистон ва Туркия Россия кўмирини харид қилишни кескин қисқартирган. Бу уч давлат Россия кўмирининг энг йирик импортёрларидан ҳисобланиб келган ва 2024 йилнинг биринчи чорагида харид ҳажмини кескин қисқартиришган.
Туркия ва Ҳиндистонга экспорт ўтган йилга нисбатан икки баробарга қисқарган. Хитой эса кўмир харидини 16 фоизга қисқартирган. Шунингдек, Жанубий Корея, Япония ва Тайванга ҳам экспорт қисқарган.
Фақат Бирлашган Араб Амирликлари дастлабки чоракда харид ҳажмини 8 фоизга, Ҳонгконг эса 1 фоизга оширган.
Путиннинг Хитойга қилган сафари чоғида Си Жинпинг Россия гази хариди бўйича янги шартнома имзоланишини рад этган. Катта дабдаба билан ўтказилган ташриф Кремл кўп йиллардан буён кутаётган асосий келишувсиз якунланган.
Путин ўзининг бешинчи муддатига инаугурация маросимини ўтказганидан сўнг Пекинга ҳукуматдаги барча асосий мансабдорлар билан келган бўлса-да, Россия газини Хитойга қўшимча етказиб бериш ва «Сила Сибири-2» газ ҳайдаш қувурини қуриш бўйича шартномалар имзолашга Си Жинпингни кўндира олмаган.
Трамп мигрантларни қувмоқчи
АҚШнинг собиқ президенти ва галдаги президентлик сайловларига ўз номзодини сурган Доналд Трамп агар қайта президент этиб сайланса, илк кундаёқ АҚШ ва Мексика чегараларидан мигрантлар оқимига нуқта қўймоқчи.
Трамп маъмуриятининг собиқ мансабдорлари гуруҳи ҳамда иммиграция масалалари бўйича мутахассислар гуруҳи фармонлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлашга киришган.
The Washington Post нашрининг ёзишича, Доналд Трамп Жо Байденнинг иммиграцион дастурини бекор қилмоқчи ва ўзининг сўзларига кўра, АҚШ тарихидаги энг йирик оммавий депортация учун асослар яратмоқчи.
Қўйиладиган қадамлар ичида хорижликларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун ҳужжатларни кўриб чиқишни тезлаштириш ва юз минглаб мигрантларнинг депортация қилинишдан ҳимоясини бекор қилиш каби масалалар бор. Шунингдек, Трамп маъмурияти бутун дунёдаги давлатларни депортация қилинган ўз фуқароларини қабул қилишга мажбурлаш ниятида.
Гарчи аввалроқ Трамп мигрантлар мамлакат «қонини бузаётгани» ҳақидаги баёнотларидан сўнг қаттиқ танқидлар остига олинган бўлса-да, аксилмиграцион оҳанг Доналд Трамп сайловолди кампаниясининг бош шиорига айланиб улгурган ва у сайловларда бу чақириқлар тарози палласини унинг фойдасига оғдириши эҳтимоли катта.
Мавзуга оид
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024
Таълимсиз қолган Ғазо болалари, соқолини олган Пашинян ва ўзидан кетаётган Илон Маск — кун дайжести
14:12 / 14.11.2024
Ливанга қўйилган талаб, сионист элчини танлаган Трамп ва Севастополда портлатилган флот қўмондони — кун дайжести
14:20 / 13.11.2024