Жамият | 21:14 / 04.03.2021
41961
12 дақиқада ўқилади

Талабалар турар жойи муаммоси: Туркияда бу масала қандай ҳал қилинган?

Феврал ойи охирида Тошкентнинг Юнусобод туманида беш нафар талаба ўлик ҳолда топилгач, Ўзбекистон раҳбарияти талабаларнинг турар жойлари муаммосига жиддий эътибор қарата бошлади. Фожиадан сўнг ижарада яшаётган талабаларнинг шароитлари ўрганиладиган бўлди. Kun.uz мухбири миллионлаб талабалар яшайдиган Туркияда улар учун турар жойлар масаласи қандай ҳал қилинганини ўрганди.

Туркия олий таълими рақамларда

Туркияда айни пайтда 207та университет мавжуд. Талабаларнинг умумий сони эса 8 млн 400 минг нафар. Олий таълим тизими учун ажратилган бюджет миқдори 36 млрд лира (қарийб 5 млрд доллар)ни ташкил қилади. Таққослаш учун, 2002 йил ушбу рақам 2,5 млрд лира (335 млн доллардан ортиқ)ни ташкил этган.

UNESCO маълумотларига кўра, Туркия хорижий талабаларни жалб қилиш масаласида дунёнинг кучли ўнталигидан жой олган. Мамлакатда 200 мингдан ортиқ хорижлик талаба бор бўлиб, 2023 йилга қадар уларнинг сони 350 минг нафарга етиши кўзда тутилган. Агар бу мақсадга эришилса, мамлакат хорижий талабалар ортидан 15 млрд доллар даромад қилиши мумкин. Айни пайтда Туркия университетга кириш кўрсаткичи бўйича Европада биринчи ўринда туради.

Туркияда давлат, хусусий ва бошқа турдаги талабалар турар жойлари (ТТЖ) мавжуд.

I. Давлат тасарруфидаги талабалар турар жойлари

Талабалар турар жойларида, одатда, оиласидан бошқа шаҳарда яшовчи талабалар яшайди. ТТЖ тизими Ёшлар ва спорт вазирлиги тасарруфидаги кредит ва ётоқхоналар бош бошқармаси (Kredi ve Yurtlar Kurumu) томонидан бошқарилади. Ушбу бошқарманинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:

  • талабалар учун ётоқхоналар қуриш ва уларни ишга тушириш;
  • ТТЖларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласида ёрдам кўрсатиш;
  • таълим, ижтимоий, маданий ва спорт тадбирлари билан талабаларнинг миллий ва маънавий жиҳатдан ривожланишига ҳисса қўшиш;
  • олий ўқув юртлари талабаларига кредитлар ёки стипендиялар бериш; талабаларга олий таълим олиш жараёнида кўмаклашиш.

Давлат тасарруфидаги ТТЖлар мамлакат бўйлаб 700 мингдан ортиқ талабани арзон турар жой билан таъминлайди. Давлат тасарруфидаги ТТЖларнинг тўлови хусусий ётоқхона тўловларининг 1/5 қисмини ташкил қилади. Хусусий ётоқхонада туриш нисбатан қиммат. Шу сабабли талабаларга ҳеч бўлмаганда таълимнинг илк йили давлат тасарруфидаги ётоқхоналардан фойдаланиш тавсия қилинади.

ТТЖга жойлашиш тартиби, тўловлар

Талаба ТТЖга жойлашиш учун тегишли веб-сайтга кириб, онлайн ариза тўлдиради ёки ўзи турмоқчи бўлган ётоқхона маъмуриятига мурожаат қилади. Ариза топшириш саналари расман эълон қилинади ва бу саналар, одатда, август ойининг иккинчи ярмига тўғри келади. 

Ётоқхоналар учун тўловлар 2020-2021 ўқув йили учун ойига камида 200 лира (27 доллар)ни ташкил қилади. Аммо янги қурилган ва бошқа ётоқхоналарга нисбатан яхши шароитга эга бўлган айрим давлат ётоқхоналарининг тўлови 200-340 лира (27-46 доллар) орасида. Талаба рўйхатдан ўтиш пайтида бир ойлик гаров пулини тўлаши лозим. ТТЖдан чиқиб кетаётганда фойдаланишда бўлган хона ва ундаги жиҳозларга ҳеч қандай зарар етмаган бўлса, ушбу гаров пули талабага қайтариб берилади. Ётоқхона ва гаров тўловлари ҳар йил сентябрида 10-20 лирага оширилади. Агар талаба ётоқхона тўловини олдиндан тўласа, 20 фоизлик чегирмага эга бўлади. Агар ойлик тўлов миқдори 200 лира (27 доллар)ни ташкил қилиши ҳисобга олинса, бу ҳолда у 1 йил ичида тахминан 400  лира (53 доллар)ни тежаб қолиш имконига эга бўлади.

Ётоқхона овқатлари

Давлат ётоқхоналарида талабалар икки маҳал овқат билан таъминланади. Шунингдек, талабаларга кунлик нонушта учун 5 лира, кечки овқат учун эса 11 лира, умумий ҳисобда эса ҳар куни 16 лира миқдорида овқат учун ёрдам пули ажратилади.

Масалан, сиз нонушта қилиш учун тухум, чой, тост, пишлоқ ва зайтун сотиб олдингиз ва бу озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 6 лирани ташкил қилди. Сиз ушбу таомларни +1 лира тўлаш орқали сотиб олишингиз мумкин. Ёки кечки овқат учун ловия шўрва, гуруч, ва салат сотиб олдингиз дейлик. Ушбу таомларнинг умумий қиймати 13 лирани ташкил этди. Аммо сиз уни +2 лирага сотиб оласиз.

Ётоқхоналарда ҳафтанинг ҳар куни овқат берилади. Шу тариқа, талабалар ҳар ой 480 лира (64 доллар) миқдорида овқатланиш учун ёрдам пули билан таъминланади. Овқатлар нархи бозор нархидан камида 35 фоиз чегирмали тарзда белгиланади. 

Ётоқхоналардаги шарт-шароитлар қандай?

Туркияда ҳар йили мамлакат бўйлаб кўплаб янги ётоқхоналар қурилади. Янги қурилган ётоқхоналардаги хоналар асосан 3 кишига мўлжалланган. Аммо хоналари 4-5-6 талабага мўлжалланган ётоқхоналар ҳам мавжуд.

Давлат тасарруфидаги ётоқхоналарнинг ҳар бир қаватида бепул интернет тизими мавжуд. Баъзи ётоқхоналарда ҳожатхона ва ҳаммом хонада жойлашган бўлса, баъзи ётоқхоналарда улар ҳар бир қаватда умумий. Ҳар бир хонада кичик музлаткич бор. Ётоқхоналарда иситиш тизими ва иссиқ сув муаммоси йўқ. Ҳар бир ётоқхонада кир ювиш машиналари етарли. Талабалар кир ювиш ва қуритиш хоналаридан фойдаланган ҳолда кирларини бепул ювишлари мумкин. Аммо кир ювиш кукунлари ўз чўнтаклари ҳисобидан.

Олий ўқув юртлари кўп бўлган катта шаҳарларда университетдан узоқда жойлашган ётоқхона талабалар учун муаммо туғдириши мумкин. Масалан, университет кампуси Истанбулнинг Онадўли ёқасида жойлашган талабага шаҳарнинг Европа ёқаси томонидан ётоқхона берилиши мумкин. Бу ҳолда талабалар турар жойлари минтақавий дирекциясига мурожаат қилиш орқали муаммони ҳал қилиш мумкин. Бунда талаба ўз аризасида яшамоқчи бўлган учта ётоқхона рўйхатини келтириб ўтиши лозим.

Кимларга имтиёз берилади?

Туркияда қуйидаги тоифадаги талабаларга давлат ётоқхоналарига жойлашишда имтиёз берилади:

  • шаҳид ва фахрийларнинг фарзандиларига;
  • ногиронлиги 40 фоиз ва ундан юқорилиги аниқланган талабаларга;
  • давлат ҳимоясида бўлган, меҳрибонлик уйларида тарбияланган талабаларга;
  • лицензияга эга миллий ёки ҳаваскор спортчиларга.

II. Хусусий талабалар турар жойлари

Башарти талаба хусусий ётоқхонада яшашга қарор қилса, у ўзи таълим олувчи олий ўқув юртидан узоқ бўлмаган ётоқхоналардан бирини танлаш имкониятига эга бўлади. Чунки хусусий ётоқхоналар, одатда, университетларга яқин ҳудудда жойлашган бўлади. Яъни талаба транспорт учун қўшимча ҳақ тўлашига ҳожат қолмайди.

Талаба ўзининг моддий имконига кўра, бир ёки икки кишилик хонада яшаши мумкин. Агар у хонадоши билан боғлиқ бирон муаммога дуч келгудек бўлса, ётоқхона менежерига мурожаат қилиши ва ундан хонани алмаштириб берилишини сўраши мумкин. Талабалардан электр энергияси, сув, табиий газ ва интернет учун тўлов талаб қилинмайди. Чунки хусусий ётоқхоналарда мазкур тўловлар хона нархига киритилган бўлади. Шу боис, ётоқхона тўловидан бошқа ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.

Хусусий ётоқхоналарда ҳам кунига икки маҳал овқатланиш имконияти мавжуд. Уларнинг аксариятида очиқ буфет нонуштаси ва 4 хил турдаги кечки овқат берилади. Талаба исталган вақтда хусусий ётоқхонадаги мавжуд ўқув хонасида 24 соат дарс қилиши, дўстлари билан суҳбатлашиши ва дам олиш хоналарида телевизор томоша қилиши, спорт залида шуғулланиши мумкин. Аммо хусусий ётоқхоналар тўлови давлат тасарруфидаги талабалар турар жойлариникига нисбатан қиммат. Масалан, талабалар сони кўп бўлган Истанбул, Анқара ва Измир каби шаҳарларда ётоқхонанинг йиллик нархи 10 минг лира (1 минг 350 долларга яқин)ни ташкил этади. Талаба бир ўқув йили учун шартнома имзолаган бўлса, у бир ой учун ўртача 1000 лира (135 долларга яқин) тўлов қилади. 

Хусусий ТТЖ очиш тартиби қандай?

Туркияда талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи махсус низом билан тартибга солинади. Ушбу низомда олий ўқув юртлари талабаларига турар жой хизматларини кўрсатиш мақсадида жисмоний ёки юридик шахслар томонидан хусусий турар жой муассасаларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти ва назорати билан боғлиқ тартиб ва ​​тамойиллар ўз аксини топган.

Хусусий ТТЖ ташкил қилишга оид тегишли ҳужжатлар вилоят дирекцияси томонидан кўриб чиқилади ва ваколатли орган рухсати билан 15 иш куни ичида лицензия берилади. ТТЖ бинолари, бино бўлимлари ва жиҳозлар бўйича стандартлар эса вазирлик (Ёшлар ва спорт вазирлиги) томонидан белгиланади.

ТТЖ бинолари ёнилғи қуйиш шохобчалари, ёнувчан ва портловчи материаллар ишлаб чиқариладиган ёки сақланадиган жойлардан камида юз метр узоқликда бўлиши шарт. ТТЖлар хусусияти, хизмат кўрсатиш сифатига қараб вазирлик томонидан белгиланган тартиб ва ​​принципларга мувофиқ таснифланиши мумкин. ТТЖлар очиш ва уларнинг фаолиятига рухсат беришда ТТЖ турлари ва уларнинг минимал сиғимига эътибор қаратилади. Унга кўра:

  • талабалар турар жойлари камида ўттиз талабага;
  • талабалар пансионатлари камида йигирма талабага;
  • квартира типидаги турар жой мажмуалари камида ўн нафар талабага хизмат кўрсатиши лозим. ТТЖ имкониятларини аниқлаш тартиби, принциплари ва стандартлари вазирлик томонидан белгиланади.

Таъсисчи хусусий турар жой хизматларини амалга ошириш учун вазирлик томонидан белгиланган шарт-шароитлар тўлиқ таъминланишига жавобгардир. Таъсисчи ёки таъсисчининг вакили ўз ваколатларини бошқа шахсга ўтказа олмайди. 

Чет эл фуқароси бўлган жисмоний ёки юридик шахслар ўзлари ёки Туркия фуқаролари билан ҳамкорликда тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, фақат ўз миллатларига мансуб талабалар учунгина вазирликнинг тегишли рухсати билан ТТЖ ёки пансионат очишлари мумкин. Бошқа миллатга мансуб муассис томонидан очилган ТТЖ директорларидан камида бири Туркия Республикаси фуқароси бўлиши шарт. Текширув натижасида ТТЖ очиш рухсати ёки лицензияси бекор қилинган таъсисчилар беш йил ўтмасдан яна янги муассаса оча олмайди ёки бошқа бир муассасага ҳаммуассис ёки таъсисчи вакили бўлиб кира олмайди.

Хусусий ТТЖ раҳбарияти ва ходимлар таркиби қандай шакллантирилади?

ТТЖ директорлари камида бакалавр даражасига эга бўлиши шарт. Қизлар яшовчи ТТЖларда директор, директор ўринбосарлари ва менежерлар аёллардан, ўғил болалар яшайдиган ТТЖларда эса эркаклардан тайинланиши лозим. Шунингдек, талаба қизларга турар жой хизматларини кўрсатувчи муассасаларда тозалик хизматини бажарувчи ходимлар ҳам аёл киши бўлиши шарт.

Қиз ва ўғил болалар учун алоҳида алоҳида ташкил қилинган талабалар турар жойлари ҳар йили ўқув йили бошланишидан олдин ёнғин хавфсизлиги, электр энергияси, иситиш тизими, сув ва газ билан таъминлаш хавфсизлиги юзасидан олий ўқув юртларининг тегишли бўлимлари, муҳандислар ёки ушбу соҳадаги ваколатли шахс ҳамда ташкилотлар томонидан текширилади.

Нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон шароитида мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

  • йилдан йилга ўсиб бораётган талабалар сонига мувофиқ равишда янги талабалар турар жойлари қурилишини тизимли тарзда амалга ошириш;
  • соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ва талабаларга танлов имкониятини яратиш;
  • квартира типидаги турар жой мажмуалари фаолиятини йўлга қўйиш;
  • ТТЖлар фаолияти бошқарувини ОТМлар ихтиёридан чиқариш ва уни ушбу соҳага ихтисослашган тизимга ўтказиш.

Отабек Тиллаев

Мавзуга оид