08:01 / 08.05.2020
13576

Ногиронлиги бўлган болалар учун алоҳида синфлар очиш инклюзив таълим тамойилига тўғри келадими? – Эксперт фикри

Ўзбекистонда турли хил ногиронлиги бўлган болалар инклюзив (уйғунлашган) шароитда сифатли таълим олишлари ва кейинчалик муносиб иш ўринлари билан таъминланишлари учун қандай чоралар кўрилиши керак? Буюк Британиядаги Сассекс университети докторанти Дилмурод Юсупов ушбу мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

Фото: Shutterstock

Яқинда Халқ таълими вазирлиги «Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ва Ўзбекистонда 2030 йилгача инклюзив (интеграциялашган) таълимни ривожлантириш концепциясини муҳокамага қўйди.

Мазкур қарор лойиҳаси ва концепциянинг муҳокамага қўйилганини ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоий муҳофазаси, таълим олиши ва уларни жамиятимизга қўшиш борасидаги салмоқли қадам, деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, қарор ва концепцияда қатор тушунмовчиликлар мавжуд бўлиб, таклиф этилаётган чоралар инклюзив (уйғунлашган) таълим тамойилларига тўлиқ мос келмаслиги мумкин.

Алоҳида синфлар – бу инклюзиями ёки ажратиш?

Қарор лойиҳасига мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳудудларда биттадан умумтаълим мактабида синов тариқасида «жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсони ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болалар учун алоҳида таянч коррекцион синф» очилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар бир синовдаги умумтаълим мактабида штат жадвалида бир нафар дефектолог ўрни ажратилади.

Аммо, қарор лойиҳасида фойдаланилган терминологиядан айнан қайси турдаги ногиронлиги бўлган болалар назарда тутилгани ноаниқлигича қолмоқда. Болаларда турли хил ногиронлик ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, турли хил тана функция бузилишлари бўлиши мумкин, яъни жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (кўриш ва эшитиш).

Мазкур ногиронлик ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг эҳтиёжлари ҳам тубдан фарқ қилади.

Мисол учун, жисмоний имконияти чекланган болага умумий мактабда пандус ўрнатилиши ва бошқа оқилона қулайликлар яратиш орқали мактаб биносини мослаштиришнинг ўзи кифоя қилса, кўзи ожиз бола учун бу махсус Брайль ёзувидаги дарсликлар ва мосламалар, кар ва заиф эшитувчи болалар учун имо ишора тили хизмати ва ўқишда қийинчилиги туфайли алоҳида эҳтиёжларга эга болалар учун бу қўшимча тьютор (инглизча tutor — «педагог-мураббий») хизмати демакдир.

Бир тасаввур қилиб кўрайлик. Кейинги йил 1 сентябрдан бошлаб маълум бир ҳудуднинг умумтаълим мактабида ногиронлиги бўлган болалар учун алоҳида биринчи «Н» синфи ташкил қилинди. Аутизми бўлган боланинг отаси Фарҳод Ортиқбоевнинг фикрича, бу «давлат ичидаги давлат бўлиб» инклюзив таълим тамойилларига зид келади ва болаларни уларнинг ногиронлик ҳолати бўйича ажратиш бўлиб қолади.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясига мувофиқ, инклюзив таълим (французча «inclusif» — «ўзига қўшган» сўзидан) — ногиронлиги бўлмаган болаларнинг ногиронлиги бўлган болалар билан биргаликда ўқитилиши деб ҳисобланади.

Кўпгина давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, оммавий мактабдаги махсус синфлар болалар жамоатчилиги томонидан қабул қилинмайди.

Тўғри, баъзи давлатларда шундай тажрибалар амалга оширилган бўлиб, биринчи ногиронлиги бўлган болалар учун алоҳида синфлар тузилиб, кейин аста-секин улар умумий синфларга қўшилган. Бундай ёндашув болаларнинг мулоқот қилишларига имконият яратиши мумкин, лекин уларнинг ўзаро мулоқоти ўқиш жараёнидан ташқарида чекланган бўлиб қолади.

Қачон умумий мактаблар инклюзив бўлади?

Жисмоний имконияти чекланган болалар умумий мактабда уйғунлашган шароитда таълим олишларига ҳеч қандай тўсиқ бўлиши мумкин эмас, чунки уларнинг ақлий салоҳиятлари чекланмаган.

Улар дуч келадиган асосий тўсиқлар – бу мактаб биносининг мослаштирилмагани ҳамда мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар ва ногиронлиги бўлмаган ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан салбий ва камситувчи муносабати.

Кўпчилик жисмоний ногиронлиги бўлган болалар умумий мактабларга қатнай олмагани туфайли уй шароитида сифатсиз таълим олишга мажбур бўлмоқдалар. Муаммо бу ерда боланинг жисмоний ҳолатида эмас, балки умумий мактабларда шароитлар яратилмаганида.

Давлат томонидан ажратилган 2 фоиз квота асосида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинганидан сўнг, бир қатор тўсиқларга дуч келишди. ОТМлар ўқув биноларида шароитлар бўлмагани туфайли, алоҳида ногиронлиги бўлган талабалар учун академик гуруҳлар ташкил қилинди.

Бу муаммони ҳал этиш учун қарор лойиҳасида ОТМларнинг ўқув бинолари ва талабалар ётоқхоналарида ногиронлиги бўлган талабалар учун шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

Аммо, ОТМларга юкланаётган мажбурият умумтаълим мактабларига тааллуқли эмасми?

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини, транспортдан, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши таъминланиши керак.

Умумий ўрта таълим мактаблари ижтимоий инфратузилма объектлари рўйхатига кирадими? Нега яқинда Сирғали туманида янги қурилган умумий мактабларда ногиронлиги бўлган болалар учун шарт-шароитлар яратилмади? Бу қонун бузилишига кирмайдими?

Ихтисослаштирилган ёки инклюзив таълим?

Қарор лойиҳасида бир томондан синов тариқасида алоҳида синфларни ташкил этиш киритилган бўлса-да, иккинчи томондан ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича режалар киритилган. Турли хил ногиронлиги бўлган болалар учун махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари олдинги даврдан бизга мерос бўлиб қолган. Махсус таълимнинг камчиликлари бор.

Биринчидан, уларнинг сони чекланган бўлиб, барча ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олиш салоҳиятига эга эмас. Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи болалар асосан шаҳар марказларида жойлашган мактаб-интернатларига бориб, оила аъзоларидан йироқда ётоқхоналарда яшаб ўқишга мажбур бўлмоқдалар. Ўқув жараёни қанчалик сифатли йўлга қўйилмаган бўлса-да уйларидан узоқда яшаш ёш болаларнинг руҳий ривожланиши ва оиладаги олиши керак бўлган тарбияга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қарор лойиҳасида махсус мактаб-интернатларни оптималлаштириш ва босқичма-босқич ногиронлиги бўлган болаларни оммавий мактабларга ўтказиш ўрнига, махсус таълимни янада ривожлантириш чоралари кўзда тутилган.

Иккинчидан, чекланган давлат бюджетига мактаб-интернатларни доимий молиявий таъминлаб туриш, янги махсус мактаблар ва ётоқхоналарни қуриш ҳамда махсус мактабларининг қўшимча ходимларига иш ҳақи тўлаш кабилар харажатларнинг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Бунинг ўрнига, умумий мактабларда ногиронлиги бўлган болалар учун шарт-шароитлар яратиб, уларни ўқув жараёнига қўшиш давлат бюджетини тежаш ва ҳозирда махсус таълимга йўналтирилаётган маблағларни инклюзив таълимни ривожлантиришга имконият яратиши мумкин.

Мисол учун, кўзи ожиз бола, агар Брайль ёзувидаги махсус дарсликлар ва мосламалар билан таъминланса, умумий ўрта таълим мактабига педагогика йўналиши бўйича ОТМни битирган кўзи ожиз ўқитувчи ишга қабул қилинса, махсус мактаб-интернатига эҳтиёж қолмайди. Бу орқали ҳам кўзи ожиз бола инклюзив шароитда таълим олиш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳам кўзи ожиз ўқитувчи муносиб иш билан таъминланади.

Махсус ресурслар ва кадрлар етишмовчилиги

Қарор лойиҳасига кўра, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни дарсликлар, айниқса кўзи ожиз болалар учун мўлжалланган Брайль ёзуви асосидаги дарсликлар билан етарли даражада таъминлаш назарда тутилган.

Махсус дарсликларнинг етишмовчилиги бу – катта муаммо ва уни ечиш учун давлат кўмагида Кўзи ожизлар босмахонасининг Брайль усулидаги дарслик чоп этиш қувватини ошириш режалаштирилган.

2017 йил 1 декабрь қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, тегишли давлат идоралари ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари негизида имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича ушбу соҳадаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда, махсус курсларни ташкил этиши керак эди. Аммо ҳали-ҳануз бу чоралар амалга оширилгани йўқ.

Республика миқёсида профессионал имо-ишора тили таржимонлари ва сурдопедагоглар етишмовчилиги сезиляпти.

Шунингдек, ақлий имконияти чекланиб алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган (аутизм, аутистик спектрнинг бузилиши (ААСБ), Даун синдроми, аутистик спектрнинг бузилиши (ААСБ) ва бошқа ҳолатларидаги) болалар инклюзив шароитларда таълим олишлари учун зарур бўлган тюьторлар штат бирлиги қарор лойиҳасига киритилмаган.

Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳали «тьютор» лавозими йўқ ва педагогика ОТМлари бундай кадрларни тайёрламайди.

Фақат тиббий ёндашув самарали натижа берадими?

Қарор лойиҳасида таълим-тарбия жараёнларининг асосий мақсади деб «нуқсонларни тузатиш (коррекция)га етарли даражада йўналтириш» назарда тутилган.

«Коррекцион педагогика» ва «дефектология» атамаларини эшитган инсон асосан болаларнинг нуқсонлари ва уларни тузатиш ёки уларни «нормал» ҳолатга келтиришни кўз олдига келтиради.

2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир ихтисослаштирилган мактаб-интернатга 1тадан шифокор ва ҳамшира штати бирлигини киритиш ва доимий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ҳам тиббий ёндашувни кўзда тутади.

Аммо, бундай ёндашув фақат ногиронликнинг тиббий моделига асосланган бўлиб, муаммони асосан болаларнинг нуқсонларида деб билади. Тиббий модель инклюзив таълим тамойилига ҳам зид келади, чунки асосий эътибор боланинг қобилиятлари ва ютуқларига эмас, балки унинг жисмоний ҳолатига қаратилган бўлади.

Кўпчилик ота-оналар ҳам ўзларининг бор эътиборларини ва молиявий маблағларини фарзандларини даволатиш ва соғломлаштириш, тиббий реабилитация орқали «нормал» ҳолатга келтиришга сарфлашади. Аммо тиклаб бўладиган ҳолатлар бор ва тиклаб бўлмайдиган ҳолатлар бор. Натижада ногиронлиги бўлган болалар бошқа болаларга қараганда ўқув жараёнидан ортда қолиб кетишади ва сифатсиз уй таълими билан кифояланиб қолишади.

Касб-ҳунарга йўналтириш ва иш билан таъминлаш

Тошкент шаҳрида жойлашган, нутқида нуқсони бўлган болалар учун 25-сонли ихтисослаштирилган (ёрдамчи) мактаб ўқувчилари ота-оналари билан суҳбатлашганимда улар бир катта муаммо ҳақида айтишган эди. Уларнинг фарзандлари олаётган мактабни тугатганлик ҳақидаги ҳужжат умумий мактаб аттестатидан кескин фарқ қилган ҳолда ақлий имконияти чекланган болаларни касб-ҳунар эгаллашида катта тўсиқ бўлиб келяпти.

Бу ҳужжат билан улар на коллежга, на 2 фоизли имтиёзли квота бўйича ОТМларга ўқишга киришлари мумкин. Натижада 9 йиллик ихтисослаштирилган мактабни битиргандан сўнг ўлар тўрт девор ичида қолиб кетишяпти.

Муаммони янада мураккаблаштирувчи бир омил бу – ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус касб-ҳунар коллежларнинг ёпилиши.

Шу билан биргаликда, уй шароитида таълим олган ногиронлиги бўлган болаларнинг ўқишни тугатганлиги ҳақидаги тасдиқловчи ҳужжат бошқа аттестатлардан фарқ қилади. Ҳужжатдаги фанлар ва баҳолар рўйхати қисқартирилган бўлиб, бир неча керакли фанлар ўтилмайди. Натижада уй шароитида таълим олган бола коллеж ёки лицейга ва кейинчалик ОТМга ўқишга киришда тўсиқларга учраши мумкин.

Бундан ташқари, уй шароитида таълим бериш учун ўқитувчиларга қўшимча ҳақ ва йўл ҳақи компенсацияси тўланса-да, ногиронлиги бўлган боланинг уйига бориб доим ҳам дарс ўтмаслик ҳолатлари кам эмас. Бу эса уларинг кейинги таълим босқичида ўқиш учун етарли билим кўникмаларга эга бўлмасликларига сабабчи бўлади. Уй шароитида ногиронлиги бўлган боланинг ёлғизлик ҳисси янада кучаяди ва керакли ижтимоий кўникмаларни ривожлантирмасдан келажакда уйда ўтириб қолиш эҳтимоли катта бўлади.

Қолаверса, жамиятимизда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга нисбатан муайян муносабат шаклланиб қолган, яъни уларни касб-ҳунар ўргатиш учун фақат тикувчилик ва шунга ўхшаш касбларга йўналтириш одатий ҳол бўлиб қолган. Ногиронлиги бўлган аёл касби деганда тезда тасаввуримизда тикув машинаси, оверлок ва бошқа анжомлар вужудга келади. Улар бошқа фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмасми?

Инклюзив ечимлар қандай бўлиши керак?

Ўзбекистон томонидан 2009 йил имзоланган ва ҳалигача ратификация қилинмаган «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг 24-моддасига мувофиқ, ногиронлиги бўлган болалар бошқалар билан тенг равишда ўз яшаш жойларида, инклюзив, сифатли ва бепул бошланғич таълим ва ўрта таълимни олиш имкониятига эга бўлиши таъминланиши керак.

Яъни халқаро стандартларга кўра, инклюзив таълим олиш – инсон ҳуқуқларидан бири, деб эътироф этилган.

Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш ҳам давлатимиз ва жамиятимиз, ҳам ногиронлиги бўлган болалар ва ота-оналар манфаатида деб ишонаман. Мактаб, коллеж, лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиш жараёни бу нафақат билим, балки ўзаро мулоқот қилиш, ижтимоий кўникмаларни шакллантириш ва натижада уларнинг кенг жамоатчиликка қўшилиши ҳамда жамиятимизнинг ногиронлиги бўлган шахсларга муносабатини ижобий томонга ўзгартиришнинг муҳим омили деб ҳисобланади.

Бу соҳадаги самарали илк қадамлардан бири 2014-2016 йилларда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган «Ўзбекистон Республикасидаги алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Республика болаларнинг ижтимоий мослашуви маркази томонидан амалга оширилган эди.

Лойиҳа доирасида 5та ҳудудда енгил ногиронлик туридаги болаларни умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тамойиллари асосида ўқитиш йўлга қўйилган эди. Бунда ўқитувчилар ва ота-оналар билан алоҳида иш олиб борилиб, пилот ресурс марказлар ташкил этилган эди. Афсуски, кўпгина муваффақиятларга қарамай, лойиҳа натижалари бардавом бўлгани йўқ.

Лойиҳа натижасида Ўзбекистонда инклюзив таълимнинг ҳуқуқий асослари Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган эди. 2015 йил 17 июнда «Жисмоний ёки руҳий ривожланишида камчилиги бор ўқувчиларни битта ихтисослаштирилган муассасадан иккинчисига ёки инклюзив (интеграциялашган) шароитида таълим олиши учун мактабга ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланиб, ногиронлиги бўлган болаларнинг умумтаълим мактабларига ўтказишнинг тартиби ишлаб чиқилган эди. Аммо амалий ҳаракатларсиз норматив ҳужжатлар шунчаки қоғозда қолиб кетиш эҳтимоли катта.

Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаси ва Ўзбекистонда 2030 йилгача инклюзив (интеграциялашган) таълимни ривожлантириш концепциясини ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари ва уларнинг жамоат ташкилотлари ҳамда ногиронлар ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда олиб борилиши керак ва қўйидаги таклифларга аҳамият бериш керак.

Биринчидан, «Таълим тўғрисида»ги умумий қонунда ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари инклюзив (уйғунлашган) шароитда таълим олиш ҳуқуқи ва бу ҳуқуқни амалга ошириш тартиби ҳамда унинг аниқ механизмлари белгиланиши шарт.

Бу ҳуқуқ Халқ таълими вазирлиги қабул қилган ички низом эмас, балки асосий қонунларда белгиланиши шарт ва миллий қонунчилигимиз «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенциясини ратификация қилиш орқали мослаштирилиши шарт.

Иккинчидан, умумий ўрта таълим мактаблари «Ногиронларни ижтимоий ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ўз мактаб биноларини ногиронлиги бўлган болаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда оқилона мослаштиришларини таъминлаши шарт.

Ушбу қонуннинг 9-моддаси мувофиқ, янги умумтаълим мактабларни ногиронлиги бўлган шахсларни эҳтиёжларини ҳисобга олмасдан қўришга йўл қўйилиши қонун бузилиши ҳолатларига олиб келади. Янги мактабларда шарт-шароитлар яратиш нафақат ногиронлиги бўлган ўқувчилар, балки ногиронлиги бўлган ўқитувчилар, ота-оналар ва кенг жамият учун манфаатли бўлади.

Учинчидан, инклюзив таълимни самарали йўлга қўйиш учун профессионал кадрларни тайёрлаш керак. Турли хил ногиронлиги бўлган болаларни оммавий мактабларда қўллаб-қувватловчи хизматларни ташкиллаштириш учун, ўқишда қийинчилиги бўлган болаларни таълим жараёнида ҳамроҳ қилувчи тьюторларни тайёрлашимиз керак.

Инклюзив таълим бу – ногиронлиги бўлган болаларнинг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб алоҳида синф ташкил қилиб коррекция ва соғломлаштириш эмас. Балки уларнинг қобилиятлари ва ютуқлари асосида ва уларнинг алоҳида эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал кўллаб-қувватлаш хизматлари ва оқилона қулайликларни таъминлаб барча болаларга қўшишдир.

Бунга асосий тўсиқ – кўпчиликнинг онги ва ногиронлиги бўлган болаларнинг салоҳиятига ишончсизлик. Аммо шуни унутмаслигимиз керак: хилма-хиллик инсон ҳаётининг барча жиҳатларини кучайтиради.

Дилмурод Юсупов,
Буюк Британиянинг Сассекс университети қошидаги
Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти

Top