15:06 / 18.10.2019
0
5334

Боланинг қонуний вакили ҳеч қандай рухсатсиз процессуал жараёнларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади 

Фото: KUN.UZ

2019 йил 18 октябрда парламент қуйи палатаси ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди. 

Ялпи мажлисда қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан ишлаб чиқилгани, баъзи депутатлар томонидан бу борада оммавий ахборот воситалари орқали танқидий чиқишлар қилингани айтилди. Келажак авлод тақдири билан боғлиқ, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор масалага нима учун президент эътибор бермагунича ҳеч ким ҳаракатга келмаслиги кескин танқид остига олинди.

Бола ҳуқуқлари билан шуғулланадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман), қолаверса, прокуратура, адлия, ички ишлар ва суд органлари каби қатор-қатор ваколатли идоралар, ҳатто, парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ташаббус кўрсатмагани таассуф билан баён қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекси ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига вояга етмаганларга нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари, уларнинг олдини олиш чоралари,  судгача ва суд муҳокамаси жараёнида жиноят процесси иштирокчиси ҳисобланган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатлар белгилаш таклиф этилмоқда. Бу, ўз навбатида, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, унинг камситилишига йўл қўймаслик, ор-номуси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш каби масалаларни қамраб олади.

Тақдим этилаётган қонун лойиҳасида вояга етмаганлар жиноятлари тўғрисидаги ишларда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги қонун билан мустаҳкамланмоқда. Бундан ташқари, лойиҳага вояга етмаганнинг ҳаттоки, унинг қонуний вакилларининг ҳимоячидан воз кечиши мумкин эмаслигини англатадиган норма киритилмоқда.

Илгари вояга етмаганнинг қонуний вакили суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг рухсати бўлсагина процессуал ҳаракатларда иштирок этиши мумкин эди. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бу жараёнда қонуний вакил ҳеч қандай рухсатсиз иштирок этиш ҳуқуқига эга экани қайд қилинмоқда. Шу билан бирга, вояга етмаган шахснинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакил сифатида иштирок этишига имкон яратилмоқда. Бу вояга етмаган фуқаронинг ҳуқуқлари кенгаяётганидан далолат беради.

Илгари амалиётда вояга етмаган ҳуқуқбузар ёки жиноятда гумон қилинувчи боланинг ёлғиз ўзини сўроқ қилиш ҳолатлари учраб турарди. Депутатларнинг фикрича бу, албатта, нотўғри. Шу сабабдан, лойиҳада вояга етмаганларни гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида сўроқ қилиш унинг қонуний вакили ёхуд катта ёшдаги яқин қариндоши ёки ўзи ишонадиган бошқа шахс иштирокида ўтказилиши белгиланмоқда.

Шу билан биргаликда, болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар беришга ёки айбини тан олишга мажбурлаш тақиқланиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Депутатлар киритилаётган бу каби ўзгартиш ва қўшимчаларнинг барчаси болаларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилишини қайд этишди. Қонунчиликдаги айни ўзгаришлар бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро нормаларга ҳам тўлиқ жавоб беради.

Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top