Ўзбекистон | 13:51 / 14.02.2024
3546
2 дақиқада ўқилади

Варшава шаҳрида Ўзбекистон-Полша парламентлараро музокаралари бўлиб ўтди

Музокараларда бир қатор соҳаларда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Фото: Дунё

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Полшага ташрифи доирасида мамлакат парламенти қуйи палатаси (Сейм) раиси ўринбосари Кристоф Босак ва Сенат вице-маршали Михал Каминский билан учрашув ўтказган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Учрашувларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган. Икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш, савдо, транспорт йўлаклари, яшил иқтисодиёт ва бошқа масалалар кўриб чиқилган.

Томонлар икки давлатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий доира вакиллари ўртасидаги алоқалар фаоллашганини қайд этган ҳолда, давлатлараро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини амалга ошириш учун самарали шартномавий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон ва Полша парламентларининг сармояларни жалб этиш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасидаги алоқалар кўламини кенгайтириш, таълим ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари хусусида фикр алмашилган.

Сейм спикери ўринбосари Кшиштоф Босак Ўзбекистон томонига Полша парламенти билан конструктив мулоқот, ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори экани учун миннатдорлик билдирган.

Сенат вице-маршали Михал Каминскининг таъкидлашича, Полша икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги барқарорлик Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва интеграция жараёнларини фаоллаштиришнинг калити ҳисобланади. “Марказий Осиё давлатларида барқарор хавфсизликни таъминлаш Полша томони манфаатларига тўлиқ жавоб беради”, деган у.

Полша томони жорий йилнинг март ойидан бошлаб Тошкент – Варшава ҳаво қатновлари йўлга қўйилиши Ўзбекистон-Полша ҳамкорлигини ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этган.

Мавзуга оид