Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон миллий аккредитация тизими халқаро даражада тан олинди
Ҳар бир давлат иқтисодиёти олдида турган муҳим вазифалардан бири бу, шубҳасиз, экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳондаги янгидан-янги бозорларга кириб боришдир. Аммо мамлакатларнинг бозор борасидаги ўз қонун-қоидалари, қонунчилик ҳужжатлари, товар ва маҳсулотлар кириб келишига алоқадор талаблари бор, жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Соҳа тилида айтадиган бўлсак “техник тўсиқлар” мавжуд.
Фото: Ўзбекистон миллий аккредитация маркази
Қайд этилган бу тўсиқлар аслида ички бозор сифати ва софлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутади. Уларни бартараф этиш учун ҳар бир давлат миллий аккредитация органлари Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик – ILAC ва Халқаро аккредитация форуми – IAF каби нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши, кўп томонлама битимларга қўл қўйишлари лозим.
Бу аъзолик давлатлар учун нима беради? Аъзо ва кўп томонлама битимларга қўл қўйган давлатлар бир-бирининг маҳсулот сифати синовларини ўзаро тан олади. Яъни “бир маротаба синовдан ўтказиб, бутун дунёда тан олиш” тамойилига кўра иш юритади. Бу эса ўз навбатида, бозорларга эркин кириб бориш имкониятини беради. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматлари сифати хорижий давлатлар иқтисодиёти ва жамияти талаби даражасида бўлишига, сифат кўрсаткичининг юқорилиги билан ишонч қозониб, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишга ёрдам беради.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, хорижий давлатлар аккредитация идоралари ILAC ва IAF ташкилотларига тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши учун ўртача 5-6 йил талаб этилади (Қозоғистон, Колумбия – 4 йил; Таиланд – 5 йил; Россия, Ямайка – 6 йил; Беларусь, Туркия, Чили – 7 йилда аъзо бўлган).
Ўзбекистон аккредитация маркази 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган ҳолда 2020 йил апрель ойида ILAC’нинг ҳақиқий мухбир аъзоси сифатида тан олинган. 2020 йил декабрь ойида эса IAF аъзолигига қабул қилинди.
Марказ олдида турган кейинги вазифалардан бири мазкур халқаро ташкилотлар доирасида амал қилувчи аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимларга (ILAC-MRA ва IAF MLA) қўшилиш ва бу орқали маҳаллий маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда жаҳон бозорида тўсиқларсиз эътироф этилишини таъминлашдан иборат эди.
Ушбу натижага эришиш учун Марказ ўз фаолиятини тубдан халқаро стандартларга мослаштириш, халқаро миқёсда талаб қилинадиган барча вазифаларни бажариш, битимларга аъзо бўлган давлатнинг тажрибаларини ўрганиш, халқаро тоифадаги экспертлар билан семинар ва маҳорат дарсларини ташкил қилиб, фаолиятни янада такомиллаштиришга эътибор қаратди. Мутахассисларнинг малакаси оширилди, лаборатория ходимлари учун ҳам қатор ўқув-машғулотлари олиб борилди.
Ниҳоят, жорий йилнинг январь ойидан март ойига қадар 8 нафар халқаро эксперт (Ҳонгконг, Ҳиндистон, Тайван, Эрон, Малайзия, Шри-Ланка, Филиппин, Индонезия) Ўзбекистон аккредитация маркази фаолиятини баҳолашдан ўтказиб, хулосаларини берди. Умумий ҳисобда Марказ фаолияти қониқарли баҳоланиб, камчиликлар борасида тавсиялар берилди. Ушбу камчиликлар атрофлича ўрганилиб, бартараф этилди ва натижалар ёзма равишда халқаро ташкилотларга тақдим этилди.
Барча саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ 2022 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон аккредитация маркази Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик – ILAC’нинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва ISO/IEC 17011:2017 халқаро стандарти талаблари ҳамда ILAC тартиб-таомилларига мувофиқ,
- ISO/IEC 17025 синов
- ISO/IEC 17025 калибрлаш
соҳаларида аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимга (ILAC MRA) қўшилди.
Бунинг натижасида Ўзбекистонда амалга оширилган синовлар дунёнинг 116 та давлатида тан олинишига йўл очилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 28 сентябрь куни эса яна бир нуфузли ташкилот, Халқаро аккредитация форуми – IAF’нинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва IAF тартиб-таомилларига мувофиқ
- ISO/IEC 17065 маҳсулотни сертификатлаштириш
- ISO/IEC 17021-1 менежмент тизимини сертификатлаштириш
соҳаларида аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимга (IAF MLA) қўшилди.
Марказ Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик–ILAC ташкилоти ва Халқаро аккредитация форуми – IAF билан биргаликдаги фаолиятга муҳим аҳамият қаратади. Ушбу нуфузли ташкилотлар билан алоқалар Ўзбекистон миллий аккредитация тизимини ривожлантиришдаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. ILAC ва IAF Низомларининг мақсади, тамойиллари ва вазифаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон аккредитация маркази барча мажбуриятларни сўзсиз ва бекам-у кўст бажаришни ўз масъулиятига олди. Зотан, ILAC ва IAF га аъзо бўлиш аккредитация тизимининг халқаро стандартлар асосида ишлаши кафолатидир.
Mаълумот учун: Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги (ILAC) 4 та йирик минтақавий идорадан (Европа, Марказий Америка, Африка ва Осиё Тинч океани) ташкил топган. Бугунги кунда дунёнинг 116 та давлати аккредитация идораси ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади. Яъни “ILAC MRA” – “Синовларни ўзаро тан олиш битими”га қўшилган.
Халқаро аккредитация форуми (IAF) дунёнинг 88 та давлатидаги 75 та аккредитация идорасини ўз таркибига олувчи йирик халқаро ташкилот. Ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзолари IAF MLA - Баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш Битимига қўшилиш ҳуқуқига эга бўлади. Битим доирасида 11 мингдан ортиқ сертификатлаштириш органларининг баҳолаш натижалари (сертификатлари) ўзаро тан олинади.
Ўзбекистон миллий аккредитация маркази матбуот ҳизмати Ⓣ