Ўзбекистон | 23:51 / 24.10.2019
31310
2 дақиқада ўқилади

«Бекатлар шунчаки кутиш жойи бўлмаслиги керак» — Президент Тошкент ерусти метросининг илк бекатларидаги ўзгаришлар билан танишди

Бугун, 24 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитени Сергели йўналишининг қурилишини кўздан кечирди ва Тошкент метрополитенида йўловчиларга яратиладиган шароитлар билан танишди

Давлат раҳбари «Олмазор» бекати яқинида бўлиб, қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. Сергели туманининг ривожланиб бораётгани, янги кўп қаватли уйлар қурилаётгани нуқтаи назаридан бу метро йўналиши улкан аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Йўловчиларнинг метрополитенгача етиб олиши ва метрода ҳаракатланиши учун яратиладиган шароитлар билан қизиқди.

Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташриф буюриб, ерусти ҳалқа метросининг қурилиши билан ҳам танишди.

Метрополитеннинг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган 11 километрлик ерусти метроси ҳам қурилмоқда.

Сергели йўналиши эса Чилонзор ерости линиясининг "Олмазор" бекатига уланади.

Давлат раҳбари Яшнобод туманига ташриф буюриб, «Дўстлик-2» ва «Оҳангарон» бекатларида яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев «Дўстлик» бекатидан «Оҳангарон» бекатигача поездда бориб, ерусти метросининг илк йўловчиси бўлди.

«Биз бу ишларни аҳоли талабини инобатга олиб ва келажакни ўйлаб қиляпмиз. Агар бугун қилмасак, шаҳарда тирбандлик яна ортади. Жамоат транспорти ҳар томонлама қулай ва арзон, автомашинада юришдан кўра афзал бўлиши керак», деди Президент.

Тошкент метрополитени бекатлари йўловчилар учун шунчаки кутиш жойи бўлмаслиги кераклиги таъкидланди.

«Метрополитен бекатлари ва ерусти метросининг атрофи нафақат обод бўлиши, балки аҳоли дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган, оилавий келиб сайр қиладиган манзилгоҳ ҳам бўлиши керак. Бу ерда тадбиркорларимиз савдо мажмуаларини очишсин», дея Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид