Жамият | 11:52 / 08.01.2020
66838
5 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик айрим чегарачиларнинг «ҳурмати жуз-жуз»ми? Россияга сафар саргузаштлари

2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида хизмат сафари билан Россияда бўлдик. Бориш ва қайтиш поездда бўлди. Бундан кўзланган мақсад, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли халқаро йўналишда қатновчи поезд Қозоғистон транзит ҳудудидан ўтишида кузатиладиган муаммолар ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритиш, бунга гувоҳ бўлиш эди.

Сафар давомида ҳақиқий ҳолат ҳам бу борадаги гапларни тасдиқлади, қозоғистонлик баъзи бир чегарачилар ва божхоначиларнинг «ҳурмати жуз-жуз» эканини ҳам билиб олдик.

2019 йил 7 ноябрь куни йўлга чиқиб, Сариоғоч чегара пунктида тўхтадик. Чегаранинг Ўзбекистондаги қисмидан ўтишга 2 соатга яқин вақт сарфладик, Қозоғистон ҳудудида ҳам яна 2 соат атрофида туришимизни айтишди. Вагонга дастлаб чегарачилар чиқишди. Йўловчиларни навбати билан бўш турган қўшни купеда махсус қурилма воситасида қайд эта бошлашди.

Албатта, бундан аввал, улар юкларимизни кўриб чиқишган, ОАВ вакили эканимиздан хабар топишганди. Бироздан сўнг, купега қўшни юрт божхоначиси кириб келди.

У юкимиз кўплиги, пастга тушириб, рентгентдан ўтказиш жараёни кўп вақт олиши, сарсон бўлишни истамасак, «жуз-жуз» беришимиз кераклигини айтди. Буёғи қандай бўларкин, дея ўзимизни гўлликка солиб турганимизда, қўшни купедаги чегарачи уни чақириб қолди. Қозоғистонлик божхоначи чегарачи билан нималарнидир пичирлашишгач, қайтиб келиб, «сизлар кетаверинглар, ақ жол», дея хайрлашиб, вагонни тарк этди.

Россияга кириб бордик, кунлар ўтди, икки ойдан кейин ватанга қайтишни бошладик. Бу сафар атайлаб плацкартга чипта олдик. Россия-Қозоғистон чегарасидан яхши ўтдик. Яъни, барча ўз ишини бажарди, кўнгилсиз ҳолатларни кузатмадик.

Бироқ, кўп йиллардан буён Россияга қатновчи ҳамроҳларимиз ҳаммаси Сариоғочда бошланишини айтишди. Биз очиғи, Россиядан қайтаётган оддий ўзбек мигрантлари қиёфасида шу онларни интиқлик билан кутдик.

- Ҳалиям Мирзиёев президент бўлиб, президентлар яхши бўлгач, булар (қозоғистонлик чегарачилар ва божхоначилар) анча яхши бўлиб қолишди. Илгарилари йигитларимизни хор қилишарди, пул билан қайтаётганига «уверен» бўлгани учун дангал сўраб оларди, пул бермаганига қўймасди, - дейди фарғоналик бир опа.

- Нима, ҳозир пул олишмайдими?, - дея сўраймиз гапни гапга улаш илинжида.

- Олишади, лекин ҳозир, уларнинг «ҳурмати» арзонлашди, - деб гапга аралашди ёнимиздаги бошқа ҳамсафаримиз.

Ниҳоят, поездимиз Қозоғистон даштлари узра чўзилган пўлат излар устида чопқиллаб, Сариоғоч чегара пунктига ҳам етиб келди. «Проводник»ларимиз бизни олдиндан тайёрлашди. Биоҳожатхоналар йўқлиги боис, ҳожатхоналар эшиклари қулфланди. Барча қозоғистонлик чегарачилар-у божхоначиларни кута бошлади.

Ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди, биз вазият анча ўзгарибди-да, деб хурсанд бўлиб турувдик, сокинлик узоқ чўзилмади. Божхоначилар, паспорт назорати келиб кетгач, чегарачилар гуруҳи кириб келишди денг. Чаққон-чаққон ҳаракат қилишиб, кимнинг юки кўплигини аниқлашди ва улардан бири «юкинг кўп, ҳурматти қил, жуз-жуз бер» деб қолди. Биз яна аввалгидек, талмовсираб туравердик. Йўқ, булар анойи эмас экан. Бошқа бири келасолиб, мени вагоннинг ўртароғига тортиб кетди. Қолганлари талабалар, Россиядан қайтаётган меҳнат муҳожирларидан «ҳурматларини қилиш»ни сўрай бошлашди, десам, юмшоқ айтган бўламан, талаб қилишди.

Менинг эса чўнтакларимни титкилашди. Менга шу керакмасми, «пул йўқ», дея имкон даражасида қаршилик кўрсатишга уриндим. Чегарачи тишлаганини узиб оладиган хилидан экан, чўнтагимдан 150 рубл топиб олди, аммо «инсофли» экан, «ана бор экан-ку, ҳурмат жўқма», дея 100 рублни олди-ю, 50 рублни қайтариб берди ва нари кетди.

Хуллас, Россиядан Ўзбекистонга поездда қайтаётган ватандошлар, (автобусда бориб-қайтиб кўрмадим, бу ҳам бўлиб қолар) Сариоғочга келганда чўнтакда 100 рубл қолса кифоя, бош оғриқ қилмай, кайфиятни бузмай Ўзбекистонга кириб оласиз. Ахир, қозоғистонлик айрим чегарачилар ва божхоначиларнинг «ҳурмати жуз-жуз», ўйланманг.

P.S.: Қозоғистон ва Россия чегарачилари вазифаларини тезроқ бажаришлари учун махсус мобил қурилмалар билан жиҳозлангани йўловчи бўлсак-да, бизнинг ҳавасимизни келтирди. Ўзбек чегарачилари қўшни ҳамкасбларининг қўлидаги жиҳозларга қандай қарашаркин?!

Мавзуга оид