Ўзбекистон | 22:37 / 04.07.2020
17853
2 дақиқада ўқилади

Шодмонов: «1-сонли Республика клиник шифохонаси ёпилмайди, ходимларнинг бир қисми Зангиотага ўтказилади»

Клиника ходимларининг бир қисми Зангиота туманида янги қурилган шифохонага ўтказилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган Республика 1-сонли клиник шифохонаси ёпилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган гап-сўзларни рад этди.

Вазирнинг сўзларига кўра, шифохона ўз мақомида ва ўз жойида тўлиқ қувватда фаолият олиб бормоқда. Барча бўлимлари белгиланган тартибда тиббий хизмат кўрсатмоқда.

«Унинг ёпилиши, бошқа жойга кўчиши бўйича бизга ҳеч қандай топшириқ бўлгани йўқ. 1-сонли Республика клиник шифохонаси бундан кейин ҳам ўз йўналишида фаолиятини давом эттиради. Ушбу шифохона вазирлик балансида юридик шахс сифатида сақланиб турибди.

1-сонли Республика клиник шифохонасида хизмат қилувчи тиббиёт ходимларининг бир қисмини Зангиота туманидаги ушбу шифохонага ўтказамиз ва у ердаги ходимлар ўз хоҳиши билан бу ерга келишяпти», – деди Алишер Шодмонов Зангиотада коронавирус беморларини даволаш учун махсус қурилган шифохона очилиши муносабати билан 4 июль куни ўтказилган пресс-турда.

Эслатиб ўтамиз, Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят даражасидаги бир нечта шифохоналар тиббиётнинг кластер тизими ташкил этилаётган Зангиота туманига кўчирилиши мумкин. Аввалроқ Kun.uz чирчиқлик фуқаролар норозилигига сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан репортаж тақдим этган эди.

Мавзуга оид