Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Gentra ютган хоразмлик билимдонларни “нашатир спирти” ҳам ўзига келтиролмади: “Заковат” телеўйинининг баҳорги мавсумига старт берилди
Палтонинг орқасидаги камар нега ўрнатилган? Уруш даврида почтачилар нима учун ўзлари билан нашатир спирти олиб юрган? 23 млн инсоннинг ҳаётига зомин бўлган тиббиёт аппаратини биласизми? – “Заковат” телеўйини баҳорги мавсумининг илк ўйинида берилган қизиқарли саволлар билан танишинг.
Фото: Заковат
2022 йил 15 апрел куни “Заковат” интеллектуал клубининг баҳорги мавсум ўйинлари 1-ўйини бўлиб ўтди. Унда ўтган йили Бухорода бўлиб ўтган Брейн-ринг турнирида ҳаммани ўз тезкорлиги ва топқирлиги билан лол қолдирган Хоразм вилояти жамоаси иштирок этди. Эсингизда бўлса, ўшанда жамоа аъзоларининг ҳар бири Gentra автомашинасини ютиб олганди.
Мақтовлар билан бошланган ўйиннинг биринчи раундидаёқ мағлубият томон қадам ташлаган жамоа, назаримизда, бошловчи томонидан берилган саволга чуқур кирмаган ҳолда жавоб берди. Ҳисоб – 0:1.
Биринчи раунддан сўнг ҳар бир тўғри топилган жавоб учун билимдонлар ҳомийлар томонидан 1 млн сўмдан рағбатлантирилиши ҳақидаги эълон стол атрофида йиғилганлар кайфиятини кўтаргандек бўлди. Шунга кўра, кейинги раундларда жамоа жонланиши лозим эди. Аммо бундай бўлмади.
Иккинчи саволнинг жавоби юборилган суратда эди. Муҳокама шиддати суст, жавоб вариантлари саноқли. Афсус, бу гал ҳам тўғри жавоб берилмади, ҳаттоки тахминлар орасида аниқ жавобга яқин вариант ҳам келтирилмади. Ҳисоб эса 0:2 томошабинлар фойдасига.
Бошловчи билимдонларни дадилликка чақириб, “Ички хавотир – ўйинчининг душмани” эканини таъкидлади. Яхши ниятлар билан учинчи раундга старт берилди.
Учинчи саволга тўғри жавоб янгради... Бироқ иштирокчилар эмас, ўйинни кузатиб турган бошқа жамоа аъзолари томонидан (Бошловчи атрофдаги жамоаларда тўғри жавоб борлигига қизиқиб кўрди). Ҳисоб – 0:3.
Тўртинчи раундда билимдонлар ниҳоят илк очкони қўлга киритишди. Нашатир спирти ҳақидаги савол ўйинчиларни худди уни ҳидлагандек сергаклантирди. Ҳисоб – 1:3.
Бешинчи раундда клубдан ёрдам сўралди. 20 сония ичида атрофдагилардан бирин-кетин берилган турлича вариантлардан бири танланди. Бироқ клуб ҳам бу саволга жавобни билмаслиги ойдинлашди. Шу тариқа клуб ёрдами ҳам ҳавога учди. Ҳисоб янада қалтислашди – 1:4.
Олтинчи раундда блиц саволлар ўйналди. Йигирма сониядан учта саволга жавоб топилиши лозим бўлган бу раунд ҳам охирги нотўғри жавоб сабабли бой берилди. Жамоа аъзоси томонидан айтиб ўтилган тўғри жавоб ўрнига хато вариант танланди. Жамоа жар ёқасига келиб қолди – 1:5.
Сўнгги – еттинчи раундда бугун жамоанинг куни эмаслиги ойдинлашди. Ушбу савол ҳам топилмади ва ўйин билимдонларнинг 1:6 ҳисобдаги йирик мағлубияти билан якун топди.
Муваффақиятсизлик сабаби жамоа Тошкентга узоқ йўл босиб келганиданми ёки ўйинга жиддий тайёргарлик кўрмаганиданми, буниси бизга қоронғи. Нима бўлганда ҳам Хоразм жамоаси энди катта эҳтимол билан ўйинларни тарк этади.
Ўйиннинг стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллифи – Раҳматилла Мусулмонов, Чирчиқ шаҳри.
Бошловчи: Соҳибқирон Амир Темур Ҳиндистонга юриш қилишидан олдин, у диёрни ўрганиб, у ерда учраши мумкин бўлган тўсиқларни ўрганганлар. Кўп сонли армияси, жанговар филлари бор. Уларга қарши тайёргарлик аъло даражада бўлган. Аммо шаҳар қалъа деворини бузиш пайтида кутилмаган қийинчиликка дуч келадилар.
Диққат савол: Соҳибқирон лашкарлари қалъа девори ёнида яна қандай тўсиққа дуч келадилар?
Жавобни Наврўз Хўжаев беради: Бизнинг фикримизча, қалъалар олдин ҳандақ билан ўраб олинган ташқи томондан, унинг ичида тимсоҳлар бўлган бўлиши мумкин.
Тўғри жавоб: Тимсоҳ масаласида ўйлаб кўрганимда, уларни бошқа жойга қуриш мумкин эди. Ёки бошқа бир чиқариб юбориш йўлларини топиш мумкин эди. Аммо қалъа девори ёнида! Қалъа деворини биласизлар, баланд бўлади. Ҳинд қўшинлари орасида атайлаб бир жанг тури жорий этилган. Девор тагига келган рақиб устига илонлар ташланган. Улар лашкарларни дарвозага яқинлаштирмаганлар.
Билимдонлар ўйинни ҳисобда ортда қолиш билан бошладилар.
Савол муаллифи Раҳматилла Мусулмонов эса 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи - Гавҳар Тиллабоева, Бўстонлиқ тумани.
Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Темир йўлларга, кўриб турганингиздек қиррали тошлар солинади. Поезд юрганида қаттиқ тебраниш вақтида бу тошлар муҳим ҳаракатни амалга оширади.
Диққат савол: Бир дақиқа ўйлаб айтинг, бу қиррали тошларнинг вазифаси нима?
Жавобни Азамат Маткаримов беради: Тасаввур қиламиз, булар қиррали эмас силлиқ, думалоқ худди сувнинг остидагидек тошлар бўлганда, катта тезликда поезд ўтганда релс оз-моз жойидан силжиши мумкин эди, бунақа қиррали тошларнинг эса ишқаланиши кам бўлади ва релсни камроқ жойидан қўзғатишга сабаб бўлади.
Тўғри жавоб: Марҳамат экранга қаранг! Улар поезд юришига халақит қилувчи ўтларни кесиб туради. Ўтларни қиррали тошлар тебраниши пайтида кесиб-кесиб ташлайди.

3-раунд. Савол муаллифи - Қурбонгул Каримова, Навоий шаҳри.
Бошловчи: Машҳур сайёҳ Марко Поло кундаликларидан бирида ёзилишича, уларнинг кемасини қароқчилар талайди. Кемани обдон шип-шийдон қилиб бўлгач, кетар маҳалда бир чеккадан ҳамма асирларга денгиз сувини ичиришади.
Диққат савол: Нима мақсадда?
Жавобни Азамат Маткаримов беради: Денгиз суви ичганларидан кейин оғзи қуриб, овоз чиқмай қолади ва узоқ вақтгача ёрдамга чақиролмай ёки ортиқча шовқин қилолмай қолади.
Тўғри жавоб: Денгиз суви шўр. Уни ичсангиз кўнглингиз айниб, қайт қиласиз. Асир ва асиралар тилла буюмларни ютиб юборган бўлса, эҳтиёт шарт, текширмоқ мақсадида уларга денгиз сувидан мажбуран ичиришган экан.
4-раунд. Савол муаллифи – Ислом Иномжонов, Боғдод тумани.
Бошловчи: Ислом Иномжонов телевизорда 85 ларга кириб қолган нуроний отахоннинг интервьюсини кўриб, мана шу саволни юборибдилар. Уруш вақти 13-14 яшар бола бўлганда, маълум муддат почтальонлик қилган эканлар. Уруш пайти почтальонга бошқаларга ўхшамаслик учун махсус бош кийим берилар экан, ажралиб туришлари учун. Ва албатта, пойабзал, кўп юрган одамнинг пойабзали емирилади, йиртилади. Албатта сумка ва яна бир суюқлик беришар экан.
Диққат савол: Уларга қандай суюқлик берилган?
Жавобни Шодлик Ҳасанов беради: Кўпинча почтальонлар қора хат олиб келган, нохуш хабар. Балки ушбу хатни олган одамлар ҳушидан кетиб қолган бўлса, ҳушига келтириш учун новшадил спирти берилгандир.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри.
5-раунд. Савол муаллифи – Акром Иномжонов, Чилонзор тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг! Палтонинг орқа томонига камар қўйиш ХХ аср 40-йилларида бошланган. Ўша вақт дизайнерлари бу камарни асосан ҳарбий шинеллар учун ўйлаб топишган.
Диққат савол: Бу камарлар ўша пайтда қандай вазифани бажарган?
Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.
Жавобни Азамат Маткаримов беради: Филмларда кўп кўрганмиз, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш саҳналари бор. Жанг майдонидан олиб чиқишда ушлашга қулай бўлиши учун эҳтимол шунақа камарлар ўйлаб топилган бўлиши мумкин.
Тўғри жавоб: Палтони кўряпсизми, йиғиштириб қўйилган, йиғиб қўйилган. Жанг пайтида камар тақиб қўйилган, ихчамроқ бўлиб туриши учун. Тунда тугмани ечиб юборишган, у кенгайиб худди одеял сифатида устига ёпиб ётган, уни ҳалигача дизайнерлар сақлаб қолган.
Ҳисоб: 1-4
Савол муаллифи Акром Иномжонов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд – блиц саволлар.
Блиц. Биринчи савол муаллифи - Марофат Йўлдошева, Бухоро шаҳри.
Бошловчи: Халқ назарида улар энг зўр врачлар экан. Касбий интуициядан келиб чиқиб, улар беморига икки марта қараб, қаерингиз оғрияпти, демасдан даволашни бошлаб юборади.
Диққат савол: Улар қандай врачлар бўлиши мумкин.
Жавобни Наврўз Хўжаев беради: Ветеринар бўлсин.
Тўғри жавоб: Ветеринар врачлар жавоби тўғри. Сезганингиздек, мавзумиз ветеринар врачлар ҳақида.
Иккинчи савол муаллифи – Юлдуз Аминбоева, Янгийўл шаҳри.
Бошловчи: Ветеринарларга жуда иш кўп, фермаларда, ҳатто ветеринар клиникалари очилган, ўша ерда, озиқ-овқат назорати пунктларида, ветеринария дорихоналарида жуда уларга талаб катта. Яна шундай жой борки, кўп катта шаҳарларда, у ерда ҳам энг ками иккита ёки учта ветеринар ишлаши шарт.
Диққат савол: Қайси жойда?
Жавобни Жамолиддин Тожиев беради: Ҳайвонот боғи, зоопарклар.
Бошловчи: Зоопарклар тўғри жавоб.
Учинчи савол муаллифи – Умида Абдувоҳидова, Юқори Чирчиқ тумани.
Бошловчи: Ветеринария тарихи эрамиздан аввалги IV асрга бориб тақалар экан. Қадимги юнонлар отларни даволовчи врачларни бир юнонча сўз билан аташган экан.
Диққат савол: Мана шу сўзнинг юнонча вариантини айтинг.
Жавобни Азамат Маткаримов беради: Гипполит, гиппос дегани – от дегани.
Тўғри жавоб: Гиппократ.
Ҳисоб: 1-5
Савол муаллифи Умида Абдувоҳидова 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи – Ҳамидулло Исмоилов, Фарғона шаҳри.
Бошловчи: Тиббиётда кашф этилган мосламалар кўп. Тиббиёт билан боғлиқ жуда кўп ихтиролар яратилган. Улар ёрдамида қанча-қанча инсонлар ҳаётлари сақлаб қолинган. Шундай имконияти бор бўлган қурилмалардан бири борки, у кўплаб касалликларни аниқлаб, уларга тўғри ташхис қўйишда катта рол ўйнаган. Шу билан бирга, бу қурилма дунё бўйича сўнгги 45 йил ичида 23 миллиондан ошиқ инсонларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлган экан.
Диққат савол: у қайси қурилма ва нега шунча одамларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлган?
Жавобни Наврўз Хўжаев беради: Бу рентген қурилмаси, нурланиш оқибатида зарарланиб, 23 миллиондан зиёд одам ўлган бўлиши мумкин.
Тўғри жавоб: Бу қурилма УЗИ аппарати эди. Бола туғилмасидан, ҳомила ўғил ёки қизлигини аниқлаб беради, ўғил керак бўлса, ҳомила сақлаб қолинади, ёки аксинча, аборт қилинади. Аппарат 45 йилдан бери 23 миллион гўдакнинг нобуд бўлишига сабаб бўлган.
Ҳисоб: 1-6. Билимдонлар жамоаси мағлуб бўлди.
Савол муаллифи Ҳамидулло Исмоилов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Бугунги ўйинда қуйидаги мухлислар пул мукофотларини қўлга киритишди:
- Раҳматилла Мусулмонов 1 миллион сўм;
- Гавҳар Тиллабоева 2 миллион сўм;
- Қурбонгул Каримова 3 миллион сўм;
- Акром Иномжонов 4 миллион сўм;
- Умида Абдувоҳидова 5 миллион сўм;
- Ҳамидулло Исмоилов 6 миллион сўм;
Энг яхши савол муаллифи – Қурбонгул Каримова “Денгиз сувини ичириш” ҳақидаги саволи учун 5 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.
Ўйиннинг энг фаол билимдони – Шодлик Хасанов 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Маълумот учун, мавсум ўйинларида билимдонлар ҳар бир тўғри берилган жавоб учун 1 млн сўмдан, савол билан иштирок этган мухлислар эса саволи нечанчи бўлиб топилмаганига қараб 1 млндан 6 млн сўмгача пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Мавзуга оид
21:21 / 18.12.2025
Интеллектуал олимпиада ўйинлари ғолиблари тақдирланди
11:41 / 24.10.2025
Саида Мирзиёева “Zakovat-Gambit” ғолибларини табриклади
21:03 / 21.08.2025
Саида Мирзиёева Қирғизистонда ўтган “Заковат” турнири ғолибларини табриклади
20:27 / 18.08.2025