Президент Миллий гвардия ходимларига алоқадор янги қарор имзолайди (батафсил)
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш янада кучайтирилади. Президентнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Белгиланишича, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадорлик, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси раҳбариятининг тавсияномаси асосида белгиланган қабул квоталаридан ташқари давлат гранти асосида Ўзбекистон Республикаси давлат олий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) кириш имтиҳонларсиз қабул қилинадилар;
ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадорлик, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий, олий ҳарбий (магистратура, иккинчи ва олий ўқув юртидан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасаларига қабул квоталаридан ташқари дастлабки ва ҳарбий-касбий танлов натижалари, шунингдек Миллий гвардия қўмондонининг тақдимномаси асосида қабул қилинадилар.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра мамлакатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқбузарликларни олдини олишга, шунингдек шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга салмоқли ҳисса қўшган, хизмат ва илмий фаолиятида маълум бир натижаларга эришган Миллий гвардиянинг амалдаги ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларига:
давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари олий таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) кириш учун беш фоизли квота;
ўқишга кириш учун ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган ёки тест синовлари ўрнига синов ёки суҳбат (танлов) асосида қабул амалга ошириладиган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) давлат гранти асосида умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари кириш учун беш фоизли квота;
ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун курсант ва тингловчилар (ўқувчилар)ни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли квота ажратилади.
Белгиланишича:
Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларига ажратилган беш фоизли квоталар доирасида олий таълим муассасаларига қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг тавсияномаси бўйича танлов асосида амалга оширилади ҳамда ўринлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари бўйича тўпланган балларидан келиб чиқиб, абитуриент кириш имтиҳонларининг энг юқори балларидан камида ўттиз фоизини тўплаган тақдирда, кетма-кетлик тартибида тақсимланади;
ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларига ўқишга кириш учун ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган ёки тест синовлари ўрнига синов ёки суҳбат (танлов) асосида қабул амалга ошириладиган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг тавсияномаси бўйича танлов асосида амалга оширилади ҳамда ўринлар қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган ижодий имтиҳонлари (синов ёки суҳбат) натижаси бўйича тўпланган балларидан келиб чиқиб, абитуриент тўплаши мумкин бўлган энг юқори баллдан камида эллик фоизини тўплаган тақдирда, кетма-кетлик тартибида тақсимланади;
ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларига ажратилган беш фоизли квоталар доирасида ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш дастлабки ва ҳарбий-касбий танлов натижалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлигининг тақдимномаси асосида амалга оширилади;
ҳарбий хизматчи ва ходимлар, шу жумладан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларини олий таълим муассасалари, ҳарбий (ихтисослаштирилган) таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тавсиянома (тақдимнома) Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосарларидан бирининг раислигида тузилган комиссия қарори ҳамда Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан берилади;
тавсиянома бир олий таълим муассасаларига бир марта кириш учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;
ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларида ушбу қарорда кўзда тутилган тавсиянома билан бир қаторда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси ҳам мавжуд бўлса, уларнинг танлов асосида қабул қилиш қўмондонлик тавсияномасида белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;
тавсиянома бланкалари қатъий ҳисобда турувчи, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган ҳужжат бўлиб, “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларига тавсиянома бериш бўйича комиссия раиси ва аъзоларига тавсиянома бериш бўйича қарор қабул қилишда холисликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича шахсий жавобгарлик юклатилади.
Белгиланишича, ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадорлик, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзолари (вояга етмаган фарзандлари болаликдан ногирон фарзандлари, ота-онаси, турмуш ўртоғи), шунингдек ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчи ва ходимлар:
Миллий гвардия тиббий муассасалари хизматидан бепул фойдаланиш:
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси санаторий-курорт муассасалари жойлашган жойга шаҳарлараро (ҳаво ва темир йўл) транспортида бепул бориш ва қайтиш ҳуқуқига эга.
Қуйидагилар турар жой хизмати бўйича коммунал ва бошқа кўрсатилган хизматлар тўлови учун ҳар ярим йилда бир маротаба қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравар миқдорида пул компенсация тўлови жорий этилади:
ўз хизмат мажбуриятларини (вазифасини) бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадорлик, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчи ва ходимларига;
қарамоғида ўз хизмат мажбуриятларини (вазифасини) бажариш чоғида ҳалок бўлган, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг вояга етмаган фарзандлари бўлган шахсларга.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда тегишли мурожаатлар асосида ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзолари (вояга етмаган фарзандлари, болаликдан ногирон фарзандлари ота-онаси, турмуш ўртоғи)га, шунингдек ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчи ва ходимларга Ўзбекистон Республикасидаги санаторий-курорт муассасаларига йилига бир маротаба, харажатлари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерация Кенгаши маблағлари ҳисобидан қопланадиган йўлланмалар ажратилиши таъминланади;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимларини ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топилишининг тартиби ва аниқ мезонларини тасдиқланади;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларини Республика таълим муассасаларига қабул қилиш учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини киритади;
Қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритади.
Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси учун олий таълим муассасаларига беш фоизли қабул квотасининг умумий ҳар йили учун тақсимланган 10 фоиз Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ўртасида қуйидаги нисбатда қўшимча тақсимланади:
Мудофаа вазирлиги – 2 фоиз;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – 2 фоиз;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги – 2 фоиз;
Давлат хавфсизлиги хизмати – 2 фоиз;
Президентнинг давлат хавфсизлик хизмати – 2 фоиз.
Мавзуга оид
17:05 / 14.08.2024
«Андижон» футболчиси Миллий гвардия ходимини урди
21:09 / 25.07.2024
Фарғона буюм бозорида тадбиркорлар ва маъмурият ўртасида низо келиб чиқди
13:15 / 14.05.2024
Фарғонада мактаб ўқувчисига шапалоқ туширган Миллий гвардия ходими ишдан четлатилди
09:20 / 04.04.2024