Жаҳон | 10:22 / 28.07.2023
15449
2 дақиқада ўқилади

БМТ: 2023 йилнинг июли тарихдаги энг иссиқ ой бўлади

Метеорологлар фикрича, ҳозирги иссиқлик ўтган минг йилликда кузатилмаган. БМТ бош котиби «глобал исиш даври тугади, глобал қайнаш даври келди», деди.

Фото: Reuters

Бу йилги июль, афтидан, рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлади. Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ва Европа Ерни масофадан туриб зондлаш дастури - Copernicus’нинг 27 июль, пайшанба куни маълум қилишича, жорий ойнинг дастлабки уч ҳафтасида ўртача глобал ҳарорат кўплаб минтақаларда жазирама тўлқинлар туфайли ўтган йиллардаги ҳароратдан сезиларли даражада ошиб кетган.

Copernicus директори Карло Буонтемпога кўра, жорий йилнинг июль ойидаги ҳаво ҳарорати 1940-йиллардан бери қайд этилган об-ҳаво маълумотларидан кескин фарқ қилади. Олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳозирги ҳарорат «охирги минг йиллик тарихда қайд этилмаган ва ҳатто сўнгги юз минг йил ичида ҳам кузатилмаган», деди у. 

Охирги ҳафталарда, айниқса, Ўрта Ер денгизи минтақасида, Америка Қўшма Штатлари жанубида ва Хитойнинг айрим ҳудудларида жазирама ҳарорат кузатилди. Греция ва Жазоирдаги 40 даража иссиқ ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди. Мутахассислар фикрича, бундай иссиқлик инсон омили туфайли келиб чиққан иқлим ўзгариши оқибатида ҳисобланади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш «глобал исиш даври тугади, глобал қайнаш даври келди», деди. У жаҳон ҳамжамиятини фалокатга йўл қўймаслик учун иқлим ўзгаришига қарши тезкор ва радикал чоралар кўришга чақирди.

Мавзуга оид