Таълим | 13:58 / 18.08.2025
10270
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йилида тўлов-контракт миқдори ошмаслиги кутилмоқда

Молиявий мустақиллик берилган олийгоҳлар тўлов-контракт миқдорини ошириш масаласини ўзи ҳал қилади.

Фото: Kun.uz

Бу йил ОТМларда тўлов-контракт миқдори ошмаслиги кутилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги масъулларига таяниб, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев хабар берди.

«Тез орада талабалар учун янги ўқув йилига онлайн шартнома бериш бошланади. Шартномада ўтган йили тасдиқланган суммалар акс этади. Ўтган йили тўлов-контрактлар миқдори ҳақидаги Давлат қабул комиссиясининг қарори «2024/2025-ўқув йилида қуйидаги миқдорлар тасдиқлансин» деган мазмунда чиққан эди. Жорий йилда янги миқдорлар тасдиқланмайди, демак, юридик жиҳатдан ўтган йили тасдиқланган миқдорлар амал қилишда давом этаверади», деб ёзди ҳуқуқшунос.

Қоидага кўра, молиявий мустақиллик берилган олийгоҳлар тўлов-контракт миқдорини ошириш ёки оширмаслик масаласини ўзи ҳал қилади. Шундай ОТМлардан бири - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўтган ҳафта контракт нархи 15 фоизга оширилгани ҳақида хабар берганди.

2024/2025-ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари 2024 йил июль ойи охирида тасдиқланганди. Унда контракт миқдори ўтган ўқув йилига нисбатан 15 фоизга ошганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид