«Япон университетлари кутубхонасида бўш жой топиш қийин» — Токиода ўқиб қайтган тадқиқотчи таассуротлари
Kun.uz'нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукнида бу гал Японияда таҳсил олиб қайтган Зокир Раҳимовнинг таассуротлари билан танишамиз. 37 ёшли Зокир Раҳимов Наманган вилоятида туғилган, Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган. У икки йил давомида Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университетида таҳсил олиб, яқинда Ўзбекистонга қайтиб келди.
Японияга боришдан олдин...
– 2004 йилда Тошкент кимё-технология институтининг бакалавр йўналишини тамомлаб, мутахассислигим бўйича Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 4 йил ишладим. 2010–2018 йиллар давомида эса Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг «Давбионазорат» инспекциясида бош мутахассис, «Эко-энергия» илмий-татбиқий марказ директори лавозимларида фаолият юритдим.
2017 йил фаолиятим юзасидан катта конференцияда қатнашдим. Япониядан келган профессорнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича олиб бораётган изланишлари мени жуда қизиқтирди. Япониянинг ривожланиши йўлида атроф-муҳитга эътибори ва у ердаги илмий изланишлар мақсадимни белгилашда туртки бўлди.
Шу давр ичида Японияда ўқиш ва билим олиш мақсадим қатъийлашди ва илмий ишим қайси йўналишда бўлишини белгиладим. Ҳужжатларимни Япония томонидан беғараз ёрдам – JDS дастурига топширдим. IELTS ва математика имтиҳонларидан ўтиб, Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университетининг Халқаро экология ва қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олишга муваффақ бўлдим.
Япония таассуротлари
– Японияга илк бор келишим эди. Бундан аввал Европа давлатида яшаб, бир мунча ўқиганман. Бу давлат янгиликларни кашф этишимга сабаб бўлди. Масалан, одамларда бир-бирига бўлган ҳурмат, «кечирасиз», «узр», «катта раҳмат» сўзларининг жуда кўп ишлатилиши. Мактаб олдидаги бекатларда ўқувчилар дарсдан сўнг қатор бўлиб автобусга чиқиш учун навбат кутиб туришлари мени ажаблантирди.
Худди шу навбатда туриш маданияти бу ерда ёшлик давридан ўргатилиши ва барчага ҳурматда бўлишларини кузатдим. Мени энг ҳайрон қолдирган жиҳати – японияликлар жуда ишонувчан бўлиши. Сиз айтган ҳар бир гапга ишонишади. Японларнинг ана шу ишонувчанлиги чет давлатларга чиққанда ўзларига панд беришини ҳам англадим.
Ривожланиш ва иқтисодий ўсиш – таълим тизими билан боғлиқ
– Мен Япония, Жанубий Корея давлатлари қай тарзда ривожланди, тараққий этишда катализатор вазифасини ўтаган омиллар нималардан иборат, деган саволларнинг жавобларига қизиқдим.
Ҳар бир ривожланиш ва иқтисодий ўсиш – таълим тизими, илмий изланишлар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрдим.
Тўғри, таълим, илмий изланишларга эътибор долзарб эканини биламиз, дейишингиз мумкин. Бироқ Японияни ажратиб турадиган жиҳат бу – мактабда билим бераётган ўқитувчи ва оилада таълим-тарбия бераётган ота-она гапларининг бир хиллигида.
Японияда 1-синфдан то 4-синфгача болаларга баҳо қўйилмайди. Шу давр ичида тарбияга, маданиятга кўпроқ эътибор берилади. Синф хоналарини ҳам болаларнинг ўзлари ювишади, тозалашади.
Community, яъни жамоа бўлиб ишлаш ва ўқувчиларни шунга ўргатиш тизими йўлга қўйилган. Мен бу билан япон ўқиш тизимини баҳолашдан йироқман. Чунки бу тизимнинг ўзига хос салбий жиҳатлари ҳам бор. Масалан, болаларда лидерликнинг сўндирилиши. Масалани ечиш керак бўлган пайтда ўз зиммасига масъулиятни ола олмаслик ҳам кузатилади.
Атроф-муҳит ва экологияга бўлган эътибор юқори
– Японияда атроф-муҳит ва экологияга бўлган эътибор жуда юқори даражада. Чунки 60-йиллар, айни ривожланиш даври бошланиши арафасида заводлар томонидан атмосфера ва дарёларга зарарли моддаларни чиқариш кўпайган.
Минамата касаллиги келиб чиқиши давлатни экология сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундаган. Яқин ўтмишда бу мамлакатда ўрмонлар кесилмай келяпти. Улар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сирасига киради. Миллий боғлар ва табиий ҳудудларда экологик туризм ривожланган. Одамлар шанба ва якшанба кунлари келиб, табиат қўйнида дам олишлари одат тусига кирган.
Ўзбекистонда ҳам муҳофаза этиладиган ҳудудлар, миллий боғ ва экомарказлар кўп. Бу бизнинг қонунчилигимизда ҳам кўзда тутилган. Ана шу тизимни бизда ҳам оммалаштириш мумкин. Ана шундай бу каби ҳудудлар илмий ишлар учун ҳам маблағ топишга эришади.
Соғлиқни сақлаш тизими Японияда тараққий этган мамлакатларда бўлгани каби қиммат. Мазкур соҳада суғурта компаниялари фаол. Соғлиқни сақлаш тизими борасида менда икки хил тасаввур вужудга келди. Биринчиси, Ўзбекистон билан таққослайдиган бўлсак, Ўзбекистонда шифокорлар тезкор ёрдам кўрсатишади, муолажалар қилишади, айрим дори ва муолажалар бепул тақдим этилади. Японияда мен билан шундай ҳолат юз берди: университетда футбол ўйнаш вақтида йиқилиб тушдим, қўлим бироз лат еди. Врачга мурожаат қилдим, у қўлимни кўриб, спиртли пластир қўйди. Орадан 3-4 кун ўтиб, қўлим оз-моз шишди, оғриқ қолмади. Шифокорга бориб, қўлимни боғлаш кераклиги, оғриқ қолмаётганини кўп марта таъкидлаганимдан кейингина у ҳаракатга тушди. Худди шунга ўхшаш ҳолат дўстимда ҳам кузатилди. У бир дона тишини даволатиш учун 6 ой давомида тиш шифокорига қатнади. Бу вақт давомида унинг оғриқ билан юрган пайтларини ҳам кузатдим.
Овқатланиш тарзи – узоқ умр кўришнинг асл сабабчиси
– Япон халқи овқатланишга катта аҳамият беради. Бу ерда узоқ умр кўрувчилар сони нима учун кўп, деган табиий савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, 70-йилларда Японияда қон босими, юрак билан боғлиқ касалликлар кўпайгани боис, изланишлардан сўнг тузни кўп миқдорда истеъмол қилиш ана шу касалликларга сабаб бўлаётгани исботланган. Туз давлат томонидан тарқатилиши жорий этилган, уни истеъмол қилиш миқдори камайтирилган. Бу эса ўз натижасини берган.
Япония университетлари кутубхонасида бўш жой топиш мушкул
– Бу ерда болалар ўзлари қизиққан йўналишдаги университетга ўқишга кириш учун фанлардан ёзма ва тестлар топширишади. Университетда бюджет ўринлар йўқ. Япон талабаларининг ўқиш пулларини айрим ҳолларда уларнинг ота-оналари тўлашса, баъзида уларнинг ўзлари ресторан ва дўконларда ишлаб топишади.
Японияда талабалар учун университет томонидан барча шароитлар ҳозирланган. Кутубхоналарда бўш ўрин топиш қийин. Шунинг учун жойларни олдиндан банд қилиш тизими жорий этилган. Интернет орқали китоб ва мақолаларни топиб ўқиш оммалашган.
Талабалар томонидан танланган илмий ишлар асосланганлиги ва изланишлар давомида олинган натижага асосланиши муҳим аҳамият касб этади. Мен ҳам ўз илмий ишим бўйича маълумотлар олиб, таҳлил қилишим ва ўзимга бириктирилган профессорга тақдим этишим керак бўлди. Бунда ANOVA ва шунга ўхшаш махсус дастурларни билмаганим учун бироз қийналдим. Япон дўстларимнинг ёрдами билан уни тушуниб олишга эришдим.
ANOVA дастури орқали таҳлил қилишни ўргандим. Бизнинг институтларда ҳам шунга аҳамият берган ҳолда ўқитишларини жуда ҳам истардим. Чунки ҳар бир ёқланаётган диплом иши таҳлил натижасида ёзилади ва талабанинг олган маълумотларига таяниб, ҳимоя қилинади.
Университетларда спортга ҳам алоҳида эътибор қаратилган ва барча шароитлар яратилган. Ўз вақтингизга қараб, ҳафтада 2-3 марта спорт залига бориш имкониятига эгасиз. Бундан ташқари, университет ҳаётида турли танлов ва чиқишлар оммалашган. Бу сизга дўстлар орттириш имконини беради.
Талаба ўқишни тамомлашидан 6 ой олдин қайси компания ёки идорада ишлаши аниқланади. Университетга турли компания ва ташкилот вакиллари келиб, талабаларни ишга таклиф этади. Талаба ўқишни битириб, қаерга ишга борсам экан, демайди. Илмий ишини татбиқ этиш борасида ўзи учун қизиқ бўлган компанияга ишга киради.
Яна бир қизиқ жиҳати – университетда ишлаб келаётган, фаолиятида давомида муайян мезонларга асосланиб, магистрант ва PhD талабалар чиқарган, турли мақолалари чоп этилган профессорлар сайлов натижасида университет президенти, яъни ректор этиб сайланади.
Ўқитувчи ходимлар билан шартнома тузилади. Улар ана шу ҳужжат асосида фаолият юритади. Яна бир муҳим жиҳати – ҳар уч йилда университет бошқарув ходимлари – президенти ва вице президентлари ишдан кетишади, яъни ўзгариш юз беради.
Ўзбекистон билан таққослаганда...
– Ҳар бир нарсанинг ўз ижобий ва салбий томонлари бўлади. Мен хурсанд қилган ва фахрланишимга сабаб бўлгани шуки, Ўзбекистонда мактаб, институтда ўқитиш тизимининг ўзига хослиги, ҳаётий тажрибанинг кенглиги, тарих, кимё, биология, география фанларини билишимиз бошқа талабалар орасида устунликка эга эканимизни кўрсатди, деб ўйлайман.
Японияга келмоқчи бўлган талабаларга маслаҳатим – келишдан олдин бу давлатнинг маданияти, тарихини яхшилаб ўрганиш керак. Энг муҳими, ўз мақсадларини аниқ қилиб олишлари зарур деб ўйлайман. Бундан ташқари, борган давлатларининг қонун ва талабларини бажаришга аҳамият беришларини сўраган бўлардим.
Мақсад – олинган билимларни ҳаётга татбиқ этиш
– Икки йил ичида оила ва ўзбек миллати қадриятлари ниҳоятда аҳамиятли экани, ота-она ва ватан соғинчи нақадар кучли эканини ҳис этдим. Назаримда, Япония тараққий этгани сайин ота-она, қариндош ва умуман одамлар орасида меҳр камайиб бораётганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, ўзимизнинг миллий таомларни соғиндим.
Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университетида икки йил давомида кўп нарсани ўргандим. Ўзбекистонда мен олган тажриба қўл келади, деб ўйлайман. Халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, умуман, атроф-муҳит, экологияга оид лойиҳаларни ёзишда нималарга эътибор қаратилиши чуқур ўргатилди. Ўрмонларни ривожлантириш, биохилма-хилликни асраш учун қандай халқаро методологиялар ишлаб чиқишимиз зарурлигини, грант берувчи ташкилотлар билан ишлаш, уларга лойиҳаларни қандай тақдим этиш кераклигини ўргандим. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларимизда бошқариш режаларини жорий этиш нақадар долзарб эканини англадим. Олган билимимни Ўзбекистонда татбиқ этиш ниятидаман.
Ўйлашимча, биз нафақат Япония тажрибасини қўллашимиз, балки бу йўлда ривожланган давлатларни ўрганиб, уларнинг тажрибасини таҳлил қилиб, бизга мос келадиган тарафларини олиб, татбиқ этиш тарафдориман. Чунки иқлим, маданият каби муайян жиҳатлари тўғри келмаслигини унутмаслигимиз керак.
Қишлоқ хўжалиги ривожида айниқса генетикага бўлган эътиборни кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Масалан, мен таҳсил олган япон университетида маккажўхори экиб, уни парвариш қилиш ва натижада яхши ҳосил олиш учун тер тўкиб, илмий ишлар ёқлашганига гувоҳ бўлдим. Бу борада генетиканинг ўрни аҳамиятли деб ҳисобланишини кузатдим. Шунингдек, сувни тежаш технологиялари жорий этилишини Африка мамлакатларида олиб борилаётган лойиҳаларда кўришга муваффақ бўлдим.
Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:31 / 27.12.2024
Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради
12:13 / 25.12.2024
“Ўзбекистондаги носвойлардан 10 хил заҳарли модда аниқладик” — Япониядаги ўзбек олими янги тадқиқоти ҳақида
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024