Май ойида Ўзбекистоннинг 6 ҳудудидан носвойлар ёки тамакисиз чекиш маҳсулотларидан намуна олиб, Япониянинг Киото университети лабораториясида текшириш учун олиб борилган. Тадқиқот натижалари ҳақида олим Жасур Жўраев Кun.uz мухбирига гапириб берди.

Жасур Жўраев 5 йилдан бери Японияда ўқиб, жамоат соғлигини сақлаш бўйича илмий изланиш қилиб келади. У 2010 йил Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий профилактика йўналишини ва 2017-2019 йилларда Япониянинг Хиросима университети магистратурасида ўқиган. 2023 йилдан бери Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб келяпти.

Жўраев 2024 йилнинг май ойида Фарғона, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги 25 дона (20-30 граммли) носвойни Киото университети токсикологик лабораториясига олиб борган. Носвойлар инсон ва атрофга салбий таъсир қилувчи 10 хил органик моддалар учун текширилган. Улардан қуйидаги турғун органик ифлослантирувчи кимёвий моддалар (пестицидлар) топилган: α-hexachlorocyclohexane, α-geksaxlorosiklogeksan, dieldrin, diyeldrin, toxphene-P26, toksafen- P26, endosulfan-2, endosulfan-2, hexachlorobenzene, geksaxlorobenzin.

“Бу моддалар носвойда қанча миқдорда бўлиши ҳақида ҳозирча меъёр белгиланмаган. Лекин текширганимизда ўзбек носвойида сигаретлардаги заҳарли моддалар бир неча баробар кўпроқ бўлиб чиқди. Тадқиқот тугаса, тавсиявий меъёр белгилаб, ССВ орқали маълум қиламиз”, – деди у.

Маълумот учун, турғун органик ифлослантирувчилар ва пестицидлар саломатлик ва сайёра экотизимларига таҳдид солувчи хавфли кимёвий моддалар ҳисобланади. Улар ўсимлик зараркунандалари ва касалликлари, бегона ўтлар, шунингдек, ёғоч, пахта толаси маҳсулотлари, жун, тери зараркунандалари, уй ҳайвонларининг хавфли касалликлар қўзғатувчиларига қарши курашишда фойдаланилади. Бу органик моддалар ер ва сувда узоқ вақт сақланиб қолади, атроф-муҳитга кенг тарқалади, улар озиқ-овқат занжири орқали тирик организмларда тўпланади ва одамлар учун ҳам, ёввойи табиат учун ҳам заҳарли ҳисобланади.

Жўраевга кўра, ўзбек носвойларида Стокгольм конвенциясида келтирилган турғун органик ифлослантирувчи моддалар аниқланган. Конвенция рўйхатидаги моддалар 3 тоифага бўлинган: А, Б ва C органик моддалардир. Турига қараб уларни ишлаб чиқариш ва ишлатиш чегараланган ёки тақиқланган.

Жўраев носвой истеъмол қилувчилар нега уни нисбатан зарарсиз деб ўйлашини қуйидагича изоҳлади. “Нос уй шароитида зарарсиз тайёрланади ва сигарет билан таққослаганда тутун йўқ, никотин ўпкагача етиб бормайди, туфлаб ташлайман, ичимга кетмайди деб ўйлашади. Лекин ҳар йили АҚШда 1300 га яқин киши тутунсиз тамаки сабаб оғиз саратонига учрайди”, – деди у.