Ўзбекистон | 19:49 / 04.09.2019
12857
4 дақиқада ўқилади

«Судьяни судья ўқитади» тамойили. Судьялар олий мактабида магистратура дарслари бошланди

2019 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилган Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида илк марта 2019/2020 ўқув йили учун бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, сенаторлар, депутатлар, тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари, юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш муассасалари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 60 нафар талабгор Судьялар олий мактаби тингловчилари сафига қабул қилинди. Талабаларга «судьяни судья ўқитади» принципи асосида тажрибали судьялар томонидан дарс берилади. Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Канада, АҚШ, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Япония ва бошқа давлатларнинг судьялар тайёрлашга масъул муассасалари билан хамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Тадбирда Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев, Олий суд раиси Козимжон Комилов ва олий мактаб директори Ҳожи-Мурод Исоқов сўзга чиқди.

Козимжон Комилов
Ҳожи-Мурод Исоқов

«Мана бугундан ҳамкасблар қаторига қўшилдинглар. Сизлар бир нарсани унутманглар. Сизлар биринчи қалдирғочсизлар. Бу поғонага етиб келгунча, бу мактабни очгунча, жуда катта машаққатлар бўлди. Сизларни тайёрлаб биз янги судьялар корпусини шакллантиришимиз керак. Мутлақо янги фикрловчи, мутлақо янги ишловчи, интилувчан, фақатгина қонунга бўйсунувси корпус шакллантириш давом этимоқда. Бу йилнинг ўзида 20дан ортиқ суд бинолари қуряпмиз. Ҳамма замонавий техника билан жиҳозланган. Ойлик маошларни оширяпмиз. Сизнинг вазифангиз нафақат яхши ўқиш, амалий ишлар билан шуғулланиш, балки 24 соат ишлаб олинг. Бу ердан сиз катта энергия олишингиз керак. Эртага халқ олдига чиқасиз. Ҳозир очиқлик ва шаффофлик вақти. Халқни рози қилмаган, халқ кўнмаган судья бизнинг қаторимизда ишламайди. Шунинг учун сизларга фақат муваффақият тилайман. Сизлар билан энг тажрибали юристлар, судьялар шуғулланади. Бир йилдан кейин фақатгина шу даргоҳни битирган одамгина судья бўла олади. Халқнинг олдида суд маданиятини кўрсата билишингиз керак. Йил охиригича 200дан ортиқ видеоконференция ташкил қиляпмиз. Интернетда, матбуотда бирор кун йўқки, суд ҳақида маълумот бўлмаса. Жамият бўлаётган воқеаларни билиб туриши керак. Жамият ҳозир чанқоқ. Биз оқни оқ, қорани қора қилишимиз керак. Интернетда қарорларимиз эълон қилиняпти. Биз борган сари ахборот-коммуникацияларини тўлақонли кирита бошлаймиз. Биринчи сентябрдан ҳамма ижро варақалар электрон кетади. Қонунларнинг ишламай турган жойларини бизга кўрсатинглар. Сизлардан янги ташаббуслар кутиб қоламиз», дея Олий суд раиси сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Очилиш нутқларидан сўнг, йиғилиш қатнашчилари бўлган Президент Администрацияси масъул ходимлари, сенаторлар, депутатлар, тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мактабнинг аудитория хоналарини айланиб чиқишди. 

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид