Сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бино ва иншоотларни қуриш тақиқланади
Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.
Сел ва кўчки билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий зарар миқдорини камайтириш мақсадида Шаҳарсозлик кодексига сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш тақиқланиши белгиланган янги норма киритилмоқда. Бу меъёрлар Сенатнинг ялпи мажлисида маъқулланди.
Шунингдек, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Бу меъёрлар Сенат ялпи мажлисида маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда акс этган.
Шу билан бирга, Уй-жой кодексида турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши, шунингдек, ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи янги норма акс эттирилмоқда.
Мазкур қонун хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар яратишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
17:42 / 07.11.2024
Эгалланган ҳамда ҳужжатсиз ер участкаларига сўнгги “акция”. Эгалик ҳуқуқини эътироф этиш учун нима қилиш керак?
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
22:21 / 01.11.2024