Жаҳон | 16:07 / 17.01.2017
137080
2 дақиқада ўқилади

Машарипов айбига иқрор бўлди

1 январь кунида Истанбулдаги Reina тунги клубига автомат билан қуролланган ҳолда бостириб кириб, одамларни қирғин қилганликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов ўз айбига иқрор бўлди. Бу ҳақда журналистларга Истанбул губернатори Васип Шаҳин маълум қилган.

Бундан олдинроқ ҳукумат Истанбулда янги йил кечасида амалга оширилган теракт ижрочиси Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машарипов эканини тасдиқлаганди.

Абу Муҳаммад Хуросоний тахаллусига ҳам эга бўлган Машарипов 1983 йилда Ўзбекистонда туғилган, 4 тилни билади, Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Тахминларга кўра, у 2016 йил январида Туркияга келганди. 

Губернаторнинг сўзларига кўра, сўроқ жараёнида Машарипов барча айбини тан олган. Бундан ташқари, унинг бармоқ излари жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ изларига мос тушган.

Террорчи Янги йил оқшомида Истанбулнинг Reina клубига бостириб кирди ва одамларни "ов қила бошлади". Бу вақтда бино ҳудудида 700 чоғли киши бўлган. Террорчи 180та ўқ узган, унинг ҳужуми оқибатида 39 киши қурбон бўлган ва 69 нафари шифохонага ётқизилганди.

Мавзуга оид