Ўзбекистон | 20:57 / 12.07.2019
3909
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда полиетилен пакетлардан фойдаланиш 20 фоизга камайгани маълум қилинди

“Президент қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан полимер плёнкадан тайёрланган пластик пакетларни бепул тарқатиш тақиқланди. Корзинка.уз шохобчаларида полиэтилен пакетларни сотиш билан бир қаторда, матодан тикилган халталар ҳам сотувга қўйилган. Бу ўз ўрнида елим халталардан фойдаланиш кўрсаткичи 20 фоизга камайганини кўрсатади”, — дейди Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев.

Европа мамлакатларида ерга чиқинди ташлагани учун 20-30 еврогача жарима тўланади. Сингапур давлатида эса, қоғоз, сигарет қолдиғи ташлаган фуқаро 300 доллардан 1000 долларгача жарима тўлайди. Мамлакатимиздаги баъзи ҳудудларда ҳам чиқинди ташлагани учун маъмурий жавобгарликка тортиш йўлга қўйилди. Жумладан, Республикада 9 мингга яқин экологик рейдлар ўтказилди. 6700 дан кўп маъмурий жавобгарлик аниқланиб, жарима ундирилди.

Бироқ шунга қарамасдан, аҳоли ўртасида чиқиндини махсус ажратилган жойларга ташламаслик ҳолатлари учраб турибди. Бу борада Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ОАВ билан ҳамкорликда кўрсатувлар олиниши, роликлар яратилиши учун бир йиллик шартнома имзолаган.

Маълумот учун, полиэтилен пакетлари 60 йил аввал пайдо бўлган бўлса, орадан шунча вақт ўтганига қарамасдан, табиий шароитда чириш жараёни кузатилмади. Статистик маълумотларга кўра, пластик пакетларнинг табиий шароитда чириши 400 йилни ташкил қилар экан.