Жамият | 16:57 / 08.08.2021
35872
7 дақиқада ўқилади

Кўчада жавоби топилиши қийин азалий савол: «Туалет қаерда?»

Суткалаб бирор нарса истеъмол қилмаслигимиз мумкин, лекин бир кунда бир неча бор ҳожатга чиқишимиз шарт. Аммо ҳожат қистаганда доим ҳам уйда ёки ишхонада бўлмаймиз. Шунда нима қиламиз?

Жамоат ҳожатхоналари масаласида кўп марта ёзилган, айтилган, ҳатто юқори даражада қарорлар қабул қилинган, режалар тузилган бўлса-да, ҳозирча бу борада бирор ютуқ билан мақтана олмаймиз. Тан олиш керак, юртимизда жамоат ҳожатхоналари даҳшатли даражада кам, улардан фойдаланиш маданияти ўта паст.

Инсон умрини ўртача етмиш йил деб оладиган бўлсак, одамзод ўз ҳаётининг тахминан олти ойини ҳожатхонада ўтказар экан. Шундай экан, бу жараён нафақат бир инсон учун, балки бутун жамият учун муҳим.

«Бирор оила ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлсанг, ҳожатхонасига кириб кўр», деб бекорга айтишмаган. Бодрабхона қандай қурилгани бир оила эмас, ташкилотлар, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари, умуман, бутун бир мамлакат ҳақида ҳам етарлича хулоса чиқаришга асос бўлиши мумкин.

2016 йилга қадар бизда бу мавзу ҳақида расман гапирилмаган. Гўёки муаммо йўқдек эди. Ўзбекистонда давлат бошқаруви янги қўлга ўтганидан сўнг кўп соҳалар сингари кўпчилик айтишга ҳам уялган, аслида ниҳоятда жиддий мавзу бўлган ҳожатхоналар масаласига ҳам тўхталинди.

2018 йил бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳожатхона хизматини такомиллаштириш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Ҳожатхоналар жуда камлиги тан олинди ва масала ечими юзасидан қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳожатхона қуриб ишга туширганларга бир қанча солиқ имтиёзлари таклиф қилинди. 

Бунга ҳам 3,5 йил вақт ўтди.

Мана шу сатрларни ўқиётганлар ўз яшаб турган ҳудудлари мисолида бир ўйлаб кўрсинлар: қайси шаҳар ёки туман марказининг бирор кўчасида янги жамоат ҳожатхонаси қурилди ёки эскилари талаб даражасида таъмирланди? Ўзи жамоат ҳожатхонаси бормиди?

Катта эҳтимол билан бу саволларга ижобий жавоб йўқ.

Лекин бу масала билан шуғулланган қўмита, айни пайтда Туризм ва спорт вазирлигининг маълумотларига таянилса, муайян ишлар бажарилгани маълум бўлади.

Туристик инфратузилма объектлари санитар-гигиеник ҳолатини яхшилаш ҳамда туристик ахборот марказларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Муҳайё Ҳайитова:

– 2017 йилдан бошлаб шу кунга қадар мамлакатимизда туристлар ташриф буюрадиган объектлар, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда 5 мингдан ортиқ санитария-гигиена шохобчаларининг ҳозирги замон талаблари асосида таъмирланганлиги ва янгидан қурилганлиги, шунингдек, республика бўйича йўловчилар фойдаланиши учун шохобчалар бўлмаган ёнилғи қуйиш станцияларининг деярли қолмаслигига эришилган.

Тадбиркорлик субъектларига намунавий, шу жумладан тармоқли лойиҳалар асосида замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш учун 80–100 квадрат метр ўлчамда ер майдонларини электрон аукционга қўймасдан олиш учун вазирлик илтимосномасига кўра устуворлик ҳуқуқи тақдим этилиши белгиланган бўлиб, бу асосда 130 нафар тадбиркорга ер майдонлари ажратилган. Шу кунга қадар уларнинг 16тасида қурилиш ишлари якунланган ва фойдаланишга топширилган. Қолганларида қурилиш давом этмоқда.

Рақамлар бир тарафдан қувонарли, 5 мингта – бу катта кўрсаткич. Лекин эътибор қаратилса, бунга асосан мавжудлари таъмирлангани, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳожатхона хизмати йўлга қўйилгани ортидан эришилганини кўриш мумкин. Тўғри, масжидларимизнинг яхшиланиб бораётган таҳоратхоналарини ҳам қўшиш мумкин бунга.

35 млн аҳолига эга давлатда бор-йўғи 130 киши жамоат ҳожатхонаси қуришни ният қилгани ниҳоятда кам, 16таси қуриб битказиб, фойдаланишга топширгани эса деярли йўқ дегани.

Демак, юқоридаги тахминимиз расман ҳам тасдиғини топади — ҳали бу борада қилинадиган ишлар ҳаддан ташқари кўп.

Бизнинг ҳожатхоналардан фойдаланиш маданиятимиз ҳам ниҳоятда оғриқли, доимий тарғибот ва алоҳида тарбияни талаб қиладиган масала. Ҳар қандай тоза ҳожатхона ҳам бирпасда расво қилиб ташланади. Нима топсак ташлаймиз, чекамиз, носвой туфлаймиз, ўзимиздан кейин тозалаб чиқмаймиз.

Тан олайлик, ҳозирча мақтанадиган жиҳатимиз битта: кесакдан ҳожатхона қоғозига ўта олдик, холос.

Бу борада ислоҳотларга муҳтож эканмиз, қарс икки қўлдан чиқишини тушуниб етишимиз шарт.

Давлат жамоат ҳожатхоналарининг стандартларини ишлаб чиқиши, ҳудудларга кўра тавсиялар бериши лозим:

  • Бундай ҳожатхоналарни ишга тушириш тадбиркорлар учун фойдали бўлиши учун рағбатлар пайдо қилиш, жумладан, зарур майдонларни ажратиш, субсидиялар бериш, замонавий тежаш ва тозалаш технологияларини жорий қилганларга эса алоҳида имтиёзлар бериш зарур;
  • Жамоат ҳожатхоналарини лозим даражада сақлаб турганлар, мунтазам фаолиятини таъминлаганларни солиқлардан озод қилиш масаласини кўриб чиқиш керак;
  • Уятли ҳисобламасдан, жамоат жойларида, етакчи ОАВда ҳожатхоналар маданияти бўйича тарғиботни кучайтириш зарур.

Аҳоли ҳожатхонадан фойдаланишнинг элементар маданиятини ўрганиши шарт.

  • Тадбиркорлар бу ҳам фойдали, ҳам савобли бизнес эканлигини англаб етишлари, ўз пулларини тикишга ўрганишлари керак. «Давлат қуриб бериши керак», деган тушунча иш бермайди. Чунки давлат яхши мулкдор бўла олмаслиги исботини топган. Қолаверса, ҳар бир нуқта битта тадбиркорлик субъекти бўлади ва энг камида иккита иш ўрни ярата олади;
  • Ҳар қандай дўкон, ҳар қандай идора эгалари ўз ҳожатхоналарини омма учун беркитмасликни ўрганишлари керак. Чунки зарур шароитнинг бўлмаслиги, атроф-муҳит ва озодаликда хунук из қолдиради.

Мўъжаз жамоат ҳожатхонаси қандай бўлиши керак?

Кўча-кўйда эркакларимиз кўпроқ юришини инобатга олсак, гавжумроқ жойларда енгил конструкциядан эркаклар учун 2та кабина ва писсуарлар, аёллар учун 2та кабинали мўъжаз стандарт ишлаб чиқиш мумкин.

Ҳожатхона албатта қўл ювиш учун раковиналар, сув билан таъминланган бўлиши керак. Сув солинадиган сиғимни томга ўрнатиш, ҳожатхонани тўлиқ қуёш энергияси ёрдамида электр билан таъминлаб ёритиш мумкин.

Канализация тармоғига улаш имконияти бўлмаса, қудуқ қазиб уни вақти-вақти билан тозалаб туриш мумкин. Ҳаммаси бир қараганда оддий иш. Лекин ҳеч ким ҳафсала қилмаяпти.

Фактлар:

  • Антисанитар ҳолат, юқумли касалликлар туфайли йилига 1,5 миллионга яқин бола нобуд бўлади. Бу безгак, қизамиқ ва ОИТС каби касалликлар туфайли юз берадиган ўлимлар сонидан ҳам кўпроқ. Ҳолат ҳожатхоналар муаммосига узвий боғлиқ;
  • Дунё бўйлаб миллиарддан ортиқ одам ўз ҳожатини очиқ осмон остида чиқаради, яъни энг оддий ҳожатхонага ҳам эга эмас;

Бу сатрларни ўқишгач, эртагаёқ ҳамма тадбиркорнинг ҳожатхона қуришга киришиб кетиши ёки аксарият аҳолининг маданияти ошиб қолишига ишониш қийин, албатта. Аммо биз қачондир нимадандир бошлашимиз, хижолатли деб ташлаб қўйган муаммомиз устида енг шимариб ишлашимиз керак.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид