12:29 / 02.04.2020
12890

Ўзбекистонда дезинфекция ишлари учун 1 млрд сўм ажратилган

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков эпидемиологик аҳамиятга эга бўлган ҳудудларни дезинфекциялаш тартиби ҳақида маълумот берди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Маълум қилинишича, республиканинг барча ҳудудларида дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун давлат бюджетидан 1 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган.

«Шу пайтга қадар хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар дезинфекция станциялари тизими мавжуд эди. Коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият мураккаблашгани муносабати билан ҳозир дезинфекция ишларини амалга ошириш жараёнига ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги тизими, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиянинг имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда.

Дезинфекцион ишлов бериш билан график асосида барча эпидемиологик аҳамиятга эга бўлган ҳудудлар ва объектлар тўлиқ қамраб олинади», дея Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош санитария инспектори республикада қўлланаётган карантин чораларининг моҳияти ҳақида тушунтириш берди.

«Карантин жорий этишдан мақсад — вирус билан касалланганлар ҳамда улар билан мулоқотда бўлган шахсларни изоляция қилиш. Бу бизга янги касаллик ҳолатларини тезда аниқлаш, касалланганларни даволаш ва инфекциянинг ёйилиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳам зарур», деди у АОКА қошидаги махсус штабда ўтказилган брифингда. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top