Иқтисодиёт | 12:54 / 08.05.2020
12223
4 дақиқада ўқилади

ДСҚ хайрия эвазига тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида тушунтириш берди

Мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоясини қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар белгиланди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимизнинг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5986-сонли Фармони имзоланди.

Фармонга асосан, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак" фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлганлар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган:

пул маблағлари ва товарлар (хизматлар) фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади;

товарлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмаслиги белгиланди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг ёзишича, масалан, агар корхона 40 млн. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотини хайрия учун жамғармага берган бўлса, шу миқдордан 15 фоизлик ҚҚС ставкаси бўйича бюджетга 6 млн. сўм тўламайди.

Бундан ташқари, тадбиркор ушбу хайрия қилган маблағлари чегириладиган харажатлари таркибига киритилиб, фойда солиғига тортилмайди.

Корхонанинг фойда солиғи базаси 100 млн. сўмни ташкил этган ҳолда, 15 фоизлик фойда солиғи ставкаси бўйича бюджетга 15 млн. сўм ўтказиши лозим эди. Лекин, фойда солиғи базаси хайрияга йўналтирилган маҳсулотнинг қиймати (хайрия - 40 млн. сўм)га камайтирилади (100 млн. сўм – 40 млн. сўм) ва ўша қисмидан фойда солиғи ҳисобламайди.

Билдирилишича, жаҳон тажрибасида хайрия ёрдам кўрсатиш солиқларнинг тўлашдан қочишнинг энг кўп тарқалган усулларини қўллашга замин яратишини таъкидлаб, бундай кўринишдаги ёрдам кўрсатишдан аста секинлик билан воз кечилмоқда.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатларини мисолида кўриладиган бўлса, хайрия ёрдам кўрсатишда солиқ имтиёзларни қўллаш ҳамма давлатларда ҳам мавжуд эмас, мавжудларида эса фақат кўрсатилган хайриянинг 3 фоиздан 10 фоизгачаси фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар таркибига киритилади.

Президент томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида энг асосан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, уларга кўрсатиладиган хайрия кўмаклари учун қатор солиқ имтиёзларни қўллаш бўйича Фармон қабул қилинди.

Шу билан бирга, Фармон билан 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 баравари (2,8 млн. сўм)дан 7,5-баравари (5,1 млн. сўм)гача оширилди.

Хайрия ёрдамини бераётганлар ҳамда уларни олаётган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “saxovat.argos.uz” сайтида шаклланиб бормоқда.

Ушбу сайтда шаклланаётган маълумотлар юқорида қайд этилган Фармон билан белгиланган солиқ имтиёзларини қўллаш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Белгиланган солиқ имтиёзларини қўллаш учун саховатпеша тадбиркорлар томонидан кўрсатилаётган хайрия ёрдамлари тўғрисида маълумотларни агентликнинг қайд этилган сайтига жойлаштириб бориш сўралган.

Қайд этилишича, солиқ органлари, тегишли идоралардан олинаётган маълумотлар асосида хайрия ёрдамини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ва уларни олаётган жисмоний шахсларга юқорида қайд этилган солиқ имтиёзларини тўғри ва тўлиқ қўллашлари бўйича амалий ёрдам кўрсатиб борадилар.

Мавзуга оид