15:16 / 28.04.2021
34806

Шойгунинг Тожикистон ва Ўзбекистонга ташрифига изоҳ берилди

Маълумот берилишича, "Шойгунинг Душанбе ва Бухорода ҳамкасблари билан олиб борган музокараларида Марказий Осиёда Афғонистондаги воқеалар таъсирида юзага келаётган вазиятга урғу берилган".

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Тожикистон ва Ўзбекистонга ташрифи Афғонистондан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилиши фонида бу мамлакатда вужудга келаётган вазият борасидаги хавотирлар билан боғлиқ. Бу ҳақда "Интерфакс" ҳарбий-дипломатик манбага таяниб хабар берди.

Дипломатнинг маълумот беришича, "Шойгунинг ҳамкасблари билан Душанбе ва Бухорода олиб борган музокараларида Марказий Осиёда Афғонистондаги воқеалар таъсирида юзага келаётган вазиятга урғу берилган".

"АҚШ президенти Жозеф Байденнинг Афғонистондан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилишини эълон қилиши Марказий Осиёда экстремизм ва минтақа давлатларидаги вазиятнинг беқарорлашуви учун қўшимча манба бўлади", - деб таъкидлаган агентлик суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, 27 апрел куни Душанбеда бўлиб ўтган КХШТ мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишида бу муаммога алоҳида эътибор қаратилган.

26-27 апрел кунлари Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ишчи ташриф билан Душанбеда бўлди ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан музокаралар ўтказди. Томонлар ҳаво маконидаги чегаралар ҳимоясини кучайтириш учун Россия ва Тожикистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича бирлашган минтақавий тизимини яратиш тўғрисидаги келишув лойиҳасини тайёрлаган.

28 апрел куни Сергей Шойгу Бухоро шаҳрида Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан учрашув ўтказди.

Таъкидланишича, Россия ва Ўзбекистон биринчи марта ҳарбий соҳада шерикчилик дастурини ишлаб чиқади. Дастур икки мамлакатнинг 2021—2025 йилларда ҳарбий соҳадаги ўзаро алоқаларини тизимли ҳолга келтиришга мўлжалланган.

Top