Жаҳон | 17:38 / 18.05.2024
18803
7 дақиқада ўқилади

“Россия ҳали узоқ урушмоқчи” — Путин ҳарбий раҳбариятни нега алмаштирди?

Россияда мудофаа вазири лавозимига иқтисодчининг тайинланиши – Владимир Путин коллектив ғарб билан Украина орқали ва бошқа фронтларда узоқ муддатли урушга тайёрланаётганини билдиради. Бюджет тақчиллиги ва коррупция ошиб кетгани шуни тақозо қилган, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Сергей Шойгунинг РФ мудофаа вазирлигидан кетиши, унинг ўрнига иқтисодчининг тайинланиши, вазирлик раҳбариятидан икки киши қамоққа олиниши бутун дунёда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz “Геосиёсат” лойиҳасида ўзгаришларни сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан таҳлил қилди.

— Россия ҳарбий раҳбариятидаги кадр алмашинувларидан ички ва ташқи дунё қандай сигналларни олди?

Россиялик экспертлар, мухолифлар ҳам кутмаган ўзгаришлар бўлди. Путиннинг янги президентлик даври бошлангач, Вазирлар Маҳкамасини янгидан тузиш ваколати бор эди, аммо фақат кучишлатар блокларнинг баъзи раҳбарлари ўзгартирилди. Бу шуни билдирадики, Путин Украинадаги уруш жараёнидан норози, ўзгаришлар орқали уруш динамикасини ўзгартиришни ният қиляпти.

Мухолифатчилар Шойгу ишдан кетишини кутмаганди, лекин бир ярим йилдан бери бундай миш-мишлар бор эди. Россиянинг армияси катта, иккинчи ҳарбий қудрат дейилар эди, Россия учун ҳарбий машина давлатчиликнинг табиатини ва Россия геосиёсий лойиҳаларининг динамикасини ўзгартириб берувчи йирик элемент. Шойгу Путинга яқин шахс, 12 йил мудофаа вазири бўлди. Олдинги йилларда Путин бошқалар билан анча масофа сақлаган бўлса, Шойгу билан тор доирада яқин бўлар эди, яъни ўзига яқин олишини кўрсатиб келган. Шойгу мудофаа вазирлигидан олинди, бу жамоатчилик учун узоқ кутилган, лекин ҳайратли ўзгариш бўлди.

— Шойгунинг кетказилишига унинг бир ўринбосари ва вазирлик кадрлар бўлими бошлиғи коррупцияда айбланиб ушлангани ва Пригожин воқеаларини сабаб қилиш мумкинми? Ёки бу Украина уруши билан боғлиқми?

Давлатда номи улуғ, супраси қуруқ лавозимлар ҳам бўлади. Ҳамма давлатда Хавфсизлик кенгаши котиби президентнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси дегани. Мудофаа вазирлиги эса катта вазирлик, айниқса, уруш пайтида бир неча млрд маблағ айланади кунига. Нефт ва газдан тушаётган фойданинг ҳаммаси мудофаа вазирлигига берилаётган эди. Хавфсизлик кенгаши эса кичкина аппарат, катта бюджет йўқ, алоҳида ажратилган муассаса мавжуд эмас, ФВВнинг бюджети ҳам Хавфсизлик кенгаши бюджетидан анча катта. Мақомга кўра, кўтарилиш ёки ўзи даражасида тургандек, лекин аслида, катта тушиш бу, реал ҳокимият, ресурслар нуқтаи назаридан. Ҳали буни Шойгунинг ўзи қандай қабул қилаётганини билмаймиз, унинг ўзи урушдан чарчаган бўлиши мумкин. Аслида, Шойгу профессионал ҳарбий эмас, ФВВдан чиққан, Путин ҳокимиятга келаётганда унинг рейтингидан фойдаланган ҳукуматини мустаҳкамлаш учун.

Бугун Путин сиёсий қарорларни Украина уруши призмасида қабул қиляпти. Уруш позициялар урушига айланди. Халқаро экспертлар фикрича, Шойгу ўрнига “бухгалтер” Белоусовнинг қўйилиши Украина урушига узоқ муддатли тайёргарликни билдиради, яъни коррупцияни камайтириш ва узоқ муддатли ҳарбий машина яратиш.

— Андрей Белоусовнинг Россия мудофаа вазири лавозимига номзод сифатида кўрсатилиши нима билан изоҳланади?

Айтганимдек, экспертлар фикрига кўра, Путин узоқ муддатли урушга тайёрланяпти. Путин бир томондан Россия иқтисодиётини мудофаа вазирлиги билан боғлаб, мудофаа вазирлиги стратегиясини узоқ муддатли урушга қаратмоқчи. Буларнинг ҳаммаси Украина учун ёмон хабар, аслида. Шойгу қўл остида кўпроқ коррупция юз берди, Путин орзу қилган Киевни тезкор эгаллаш амалга ошмади, уруш чўзилиб кетди. Шу фонда иқтисодчининг мудофаа вазири этиб сайланиши уруш анча чўзилиши, Россия тизимли тайёрланаётганини билдиради.

Белоусов Қрим аннексиясини қўллаган. Ўзи Қрим аннексиясини қўлламаган одам Путин ёнида бўлиши мумкин эмас. Ўзи, умуман, либерал демократик давлатларда шундай бўлади, айрим ҳолатларда босим остида бўладиган вазирликларга мухолифат вакиллари қўйилиши мумкин. Лекин кучишлатар тизимларга энг яқин одамлар қўйилади. Россияда мудофаа вазирлиги сиёсий субъект, чунки ҳарбий давлат, Марказий Осиё давлатларида мудофаа вазирлари сиёсатга аралашмайди.

— Энг катта қулаш ёки силкиниш бу Николай Патрушев билан юз берди дейиш мумкинми? Хавфсизлик кенгаши котиблигидан Путиннинг кемасозлик бўйича ёрдамчиси лавозимига туширилди.

Патрушевни таҳқирлаш сифатида баҳоланяпти бу. Унинг хатоси нимада экани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Халқаро экспертлар ва Россиядаги мухолифат айтишича, Путин атрофида 2 хил кланлар бор: бири агрессив кучлар, уларнинг етакчиси эса Патрушев, у тактик ядро қуроли ишлатишни қўллайди. Патрушев узоқ муддат федерал хавфсизлик хизмати бошлиғи бўлди, КГБ даврида ҳам ташқи разведка билан боғлиқ муҳим шахс эди. Патрушев Украина уруши лоббисти хам бўлган. Балки уруш бўйича Патрушев берган прогнозлар, моделлар ишламагани учун, бу четлатиш Путиннинг ички норозилиги бўлиши ҳам мумкин.

— Шойгу ва Патрушев ўртасида зиддиятлар ҳам бор эди уруш бошида.

Кучишлатар тизимлар раҳбарларининг зиддияти ҳақида ички маълумотлар кўп. Шойгу ва Патрушев ўртасида ҳар хил стратегия ва тактикалар бўйича доимий зиддиятлар бўлиши табиий.

— Шойгу Путиннинг ҳарбий саноат комиссиясидаги ўринбосари ҳам бўлиб қоляпти экан, Мудофаа вазирлигидан бутунлай узоқлашмаганини билдирадими бу?

Ҳар қандай давлатда турли комиссиялар, ишчи гуруҳлар бўлади. Уларга раҳбар, бошлиқ қилиб қўявериш мумкин, лекин Шойгунинг қўлида жуда катта вазирлик бор эди. Бутун Россиянинг ҳудудлари, ҳарбий базалари, ракета тизимлари, катта бюджет бор эди. Бунақа комиссияларнинг бунинг ўрнини боса олмайди. Путин балки Шойгуни юпатмоқчидир бу билан. Шойгу урушдан чарчагандир, балки уруш шармандачилигидан қутқараётгандир. Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Путин Шойгуга анча юмшоқ гапирди, Патрушев кўринмади бу йиғилишда.

— Бу ўзгаришлар ортидан қандай кутилмалар бўлиши мумкин?

Айтилганидек, узоқ муддатли урушга тайёрланяпти. Россия кейинги конфликтларга ҳам иқтисодини мослаштиришга ҳаракат қиляпти. Иқтисодчининг мудофаа вазири қилиниши СССР тарихида ҳам, шу пайтгача Россия тарихида ҳам бўлмаган, лекин олдинги мудофаа вазирлари ҳам ҳарбий бўлмаган. Путин ҳарбийлардан қўрқади деган вариант ҳам бор, яъни давлат тўнтаришидан. Чунки СССР тарихида бўлган ҳарбийларнинг босимлари, таҳдидлари.

Буларнинг ҳаммасини инобатга олсак, Россия коллектив Ғарб билан Украина орқали ва бошқа фронтларда узоқ муддатли урушга тайёрланяпти. Россиянинг иқтисодиёти ички зўриқиш ҳолатида. Агар шундай зўриқиш бўлмаганда, Шойгу ҳали ишлаши мумкин эди. Бюджет, ресурслар тақчиллиги, коррупция ошиб кетгани Белоусовни қўйишни тақозо қилган бўлиши керак.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид