Бир йил муқаддам «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин у ва унинг ёлланма жангчилари Россия ҳарбий раҳбариятини алмаштириш учун Москва томон «адолат марши»ни бошлаганликлари ҳақида эълон қилишганди. 24 июн куни эрта тонгда вагнерчилар амалда Ростов шаҳрини тўлиқ эгаллаганди. Лекин ўша кечадаёқ исён тўхтаганди. Бундан кўп вақт ўтмасдан Пригожиннинг империяси мавжудлигини йўқотди, унинг ўзи эса ўша ёзда Твер областида сирли авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлди.

Ўтган 12 ой ичида бу воқеанинг бошқа иштирокчилари ҳаёти ҳам жиддий даражада ўзгарди. BBC улар билан нималар бўлгани ҳамда улар ҳозирда қандай яшаётганини ҳикоя қилади.

Евгений Пригожин

Россиянинг Украинага босқинининг илк йили даовмида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин соядаги сирли кардиналдан урушнинг энг таниқли юзларидан бирига айланди. Унинг ишлари аъло даражада кетаётгандек эди: давлат унинг ҳарбий муваффақиятлардаги ролини очиқчасига тан олган ва унга қамоқхоналарда маҳбусларни урушга ёллашга рухсат берганди.

«Вагнер» энг самарали бўлинма репутациясига эга бўлди. Аммо Пригожиннинг ҳарбий раҳбарият манзилига йўлланган танқидлари Мудофаа вазирлиги ҳамда Бош штаб билан кенг кўламли можарога айланиб кетди. Пригожин идора раҳбарлари Сергей Шойгу ва Валерий Герасимовни Бахмутни штурм қилаётган вагнерчиларга (ёлланма жангчилар якунда шаҳарни харобага айлантирди) онгли равишда ўқ-дори бермасликда айблади.

Пригожин бу курашда ютқазди. Аввалига уни маҳбусларни урушга ёллаш имкониятидан маҳрум этишди. Кейин эса «Вагнер»нинг барча ёлланма жангчилари давлат назорати остига ўтиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантиришди.

Кейин эса вазият жадаллик билан ривожланиб борди — Пригожин ва-банкка қўл урди. 23 июн куни кечқурун у ҳарбий раҳбариятни «Вагнер» лагерига зарба беришда айблади (чиндан ҳам шундай бўлганига ишончли далил келтирилмаган). Кейин эса ёлланма жангчилари билан Ростов области марказида Жанубий ҳарбий округ штабини эгаллаб олиб, «Москва томон адолат марши» уюштирди. Бу жараёнда ўн беш нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлди.

Расмий версияга кўра, исён беларуслик Александр Лукашенко воситачилигидаги музокаралар орқали якунланган. ФСБ томонидан ҳарбий исён бўйича очилган жиноий иш ёпилган. Пригожин ёлланма жангчиларини олиб Беларусга кетади. Бир неча кун ўтиб «Вагнер» командирлари унинг бошчилигида Россия президенти Владимир Путин билан учрашади (учрашувда нима ҳақда гап кетгани тўғрисида ошкор этилмаган).