Ўзбекистон | 16:07 / 26.01.2023
8149
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 1,6 миллиард долларлик ҳужжатлар тўплами имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи арафасида Бишкекда ўтказилган форумда 1,6 млрд доллардан ортиқ қийматдаги 50 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Жумладан 300 млн долларлик инвестиция келишувлари ва 1,3 млрд долларлик савдо шартномалари.

26 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида Бишкек шаҳрида «Қирғизистон – Ўзбекистон» бизнес-форуми бўлиб ўтди. Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги хабарига кўра, унда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. 

Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги

Форум очилишида чиқиш қилган спикерлар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилликда 7 баробарга ошиб, 2022 йилда 1,2 миллиард долларни ташкил этганини қайд этишган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётлари яқин келажакда 2 миллиард долларлик маррадан ошиш учун етарли салоҳиятга эгалиги маълум қилинди. Бунга, бошқа чоралар билан бир қаторда, цемент, кўмир, рангли металллар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ўзаро етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкинлиги таъкидланди.

Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги

«Саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. 2016 йилга нисбатан қўшма корхоналар сони 8 баробарга ошиб, 320 тага етди. Автомобил ва тижорат техника воситаларини ишлаб чиқариш, қўшма тўқимачилик корхоналарини ишга тушириш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишга келишилди», дейилади вазирлик хабарида.

Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириши тамойили асосида темир, каолин, травертин, базалт конларини ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳар икки иқтисодиётнинг рақобатдош устунликларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бунда интенсив боғлар ва замонавий иссиқхоналарни ривожлантириш, биргаликда картошка, маккажўхори ва гўшт етиштириш, қўшма чорвачилик комплексларини яратиш назарда тутилмоқда.

Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги

Форум давомида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари кенгаши ташкил этилиши, шунингдек, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида қардошлик муносабатлари ўрнатилгани туфайли кейинги 3 йил ичида бу ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошган. Ўзаро ишбилармонлик миссиялари, кўргазма ва форумлар ўтказиш, икки мамлакат ҳудудларининг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича ишлар давом эттирилади.

Ўтган йил сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тарихий уч томонлама битим имзолангани таъкидланди. Мазкур стратегик лойиҳа рўёбга чиқарилишини фаоллаштириш транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида тилга олинди. Бу лойиҳа Марказий Осиё минтақасида анъанавий транзит йўналишларини диверсификация қилиш ва юк ташиш ҳажмларини ошириш имконини беради.

Тизимли ишларни йўлга қўйиш, икки давлат тадбиркорларининг доимий ҳамкорлиги учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади. Унинг ёрдамида ишбилармон доиралар вакиллари савдо шартномаларини тузишлари, тайёр саноат кооперацияси лойиҳалари ва бизнес ҳамкорлар танлашлари мумкин бўлади.

Форум якунлари бўйича кимё, электротехника, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган 50 дан ортиқ муҳим келишувлар имзоланди.

Асосий ҳужжатлар:

  1. Агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари томонидан имзоланган Йўл харитаси»;
  2. Жалолобод вилоятида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  3. Тери ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Норин вилоятида картошка етиштириш бўйича қишлоқ хўжалиги синфини ташкил этиш тўғрисида келишув;
  4. Картошка етиштириш бўйича агросинф ва чорвачилик комплексини яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  5. «Қирғизистон Республикасида карбид ва калций ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида қўшма ҳамкорлик тўғрисидаги битим. Шартнома суммаси 20 миллион долларни ташкил этади;
  6. Қирғизистон Республикасининг маккажўхори донини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича келишув. Шартнома суммаси 100 миллион долларни ташкил этади;
  7. Қирғизистон Республикасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва қурилмаларни йиғишни ташкил этиш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;
  8. Базальт тошини қайта ишлаш заводини ишлаб чиқариш бўйича меморандум;
  9. Ўзбекистон компаниялари маҳсулотларини Қирғизистон Республикасида сотиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  10. Қирғизистондан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома.

300,3 млн долларлик инвестиция шартномалари, 1,15 млрд долларлик экспорт шартномалари ва 223 млн долларлик импорт шартномалари имзоланган.

Мавзуга оид