Ўзбекистон | 08:40 / 26.03.2019
8289
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу йил йўллар ва инфратузилмани таъмирлаш учун қанча пул сарфланишини маълум қилди

Фото: vostokphotos.ru

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги иқтисодий ислоҳотларнинг ўсиш кўрсаткичлари бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳокимлик томонидан 2019 йилда пойтахтдаги марказий ва маҳаллалар ҳудудидаги ички кўчаларни жорий таъмирлаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан қарийб 188 млрд. сўм миқдорида маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2019 йилда Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги марказий кўчалардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари учун 5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

“Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида “Ислом маданияти маркази” қурилиши муносабати билан шу ҳудудда уй-жойлари бузилишга тушган оилаларга Нурафшон кўчасида қурилган кўп қаватли  уй-жойлардан 221 та хонадон тақдим этилди. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида Олмазор туманидаги Нурафшон кўчасида 6 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.  Мазкур турар жойларни барпо этиш учун барча манбалар ҳисобидан 58,2 млрд. сўм маблағ сарфланди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Миробод туманидаги Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасининг биринчи босқичдаги қурилиш ишларига 87,8 млрд. сўм миқдорида маблағ сарфланган. Натижада шифохонанинг 7 та бўлими учун янги бино қурилди ва даволаш бўлими қайта реконструкция қилинди.

2019 йилда Олмазор тумани “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги Университет кўчаси қайта реконструкция қилинди. Бу ерда бажарилган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қарийб 17 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди. Натижада автотураргоҳ қурилди, Фаробий ва Университет кўчаси кесишмасида Беруний майдони ташкил этилди ва ҳайкал ўрнатилди.

Шу билан бирга, бу йил Чилонзор туманидаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази” биносини  қайта реконструкция қилиш ишлари бошланди. Бу мақсадлар учун 7,2 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Мавзуга оид