Жамият | 18:38 / 17.06.2022
17890
2 дақиқада ўқилади

Супурги ортидан миллион даромад қилаётган бўстонликлар

Андижон вилояти, Бўстон тумани “Халқобод” МФЙдаги хонадонлар супурги етиштириш билан шуғулланишади. Маҳаллада 661 та хонадон бўлиб, деярли барча хонадоннинг даромади шу ҳунардан.

Буғдойдан бўшаган ерларга супурги уруғи сочилади. Тўрт ойда ҳосил йиғиштирилиб олинади ва тайёр ҳолатга келтириш учун ишлов берилади. Бу деҳқончиликнинг яхши томонлари кўп.

Масалан, йиғиштириб олинган супургининг нархи деҳқонни қониқтирмаса, 2-3 йил давомида сақлаб қўйиши ва кейинчалик сотувга чиқариши мумкин.

Барча ҳунарлар каби бу ҳунарнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Аммо даромади яхши. Сабаби супургидан уруғ ва чорва озуқаси ҳам олинади.

“Касбим ўқитувчи. Қўшимча даромад сифатида супурги етиштириш билан шуғулланамиз. Ҳар йили фермерлардан, кластерлардан буғдойдан бўшаган ерлардан шартнома асосида ер оламиз ва кузги деҳқончиликни қиламиз. Битта супурги эмас, бунинг барги чиқади хўжалик молларга ўт бўлади. Дони бўлади, қўй боқамиз, ем бўлади” – дейди Зуҳриддин Абдужабборов.

Тўрт ой давомида қилинган меҳнат самараси – бир гектар ердан 10-12 миллион сўм даромад қилиш мумкин. 1 гектар ердан 2 мингдан 2,5 минг донагача супурги етиштирилади.

Айни кунларда супургиларнинг донаси 13 мингдан улгуржи нархларда сотилмоқда. Супургиларни қўшни вилоятлардан ҳам келиб олиб кетишади. Маҳалла ёшлари эса шу касб орқасидан мавсумий иш билан таъминланган.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид