16:36 / 15.05.2024
4071

Қайси омиллар нарх ошишига энг кўп даражада таъсир кўрсатиши мумкин? – МБ инфляцион кутилмаларни эълон қилди

​​​​​​​Тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам коммунал хизматлар қимматлашишидан хавотирлари ошган. Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (17,2 фоиз) ва Бухоро вилоятида (15,7 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонда (10,2 фоиз) ва Жиззах вилоятида (12,4 фоиз) қайд этилган. 

Фото: Kun.uz

Марказий банк апрел ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 1,2 фоиз бандга кўтарилиб, 14 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (55 фоиз);
  • валюта курси ўзгариши (55 фоиз);
  • монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши (29 фоиз);
  • транспорт харажатларининг ошиши (28 фоиз).

Апрел ойида келгусида нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омил сифатида коммунал хизматлар нархининг ошишини қайд этган респондентлар улуши кўпайган бўлса, валюта курсининг ўзгариши ва нархларнинг сунъий оширилишини омил сифатида белгилаган респондентлар улуши камайган.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Апрел ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 13,3 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 1,1 фоиз бандга ошган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (60 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (54 фоиз);
  • транспорт харажатларининг қимматлашиши (31 фоиз);
  • солиқ юкининг юқорилиги (31 фоиз).

Коммунал хизматларнинг қимматлашиши ва солиқ юкининг юқорилигини нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил сифатида қайд этган тадбиркорлар улуши ошган бўлса, иш ҳақи ва нафақаларнинг кўтарилишини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб белгилаганлар салмоғи камайган.

Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма қурилиш (15,1 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани талабалар белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма АТ ва ОАВ (16) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса туризм (11,3) соҳасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (17,2 фоиз) ва Бухоро вилоятида (15,7 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон (10,2 фоиз) ва Жиззах вилоятида (12,4 фоиз) қайд этилган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг кутилмалари Тошкент шаҳри (14,8 фоиз) ва Тошкент вилоятида (14,5 фоиз) баланд, Сурхондарёда (11,3 фоиз) эса энг паст бўлган.

Даромадлари 4 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича ўртача даражадан юқори шаклланган.

Top