Иқтисодиёт | 14:28 / 13.06.2024
4348
5 дақиқада ўқилади

Асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди

Марказий банк энергия тарифлари ўзгаришининг инфляцион кутилмаларга таъсирини жиловлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди.

Фото: Kun.uz

Марказий банк Бошқарувининг 2024 йил 13 июндаги навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, асосий ставка энергия тарифлари ўзгаришининг инфляцион кутилмаларга таъсирини жиловлаш мақсадида ўзгаришсиз қолдирилган. Бу билан пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада сақлаб қолинади.

“Иқтисодиётда юқори ялпи талаб ва иккиламчи таъсирлар томонидан инфляцион хатарларнинг мавжудлиги шароитида инфляцияни прогноз горизонтида 5 фоизлик таргет кўрсаткичигача пасайтириш мақсадида Марказий банк келгусида ҳам ижобий реал фоиз ставкаларини етарли даражада сақлаб қолиш чораларини кўради”, - дейилади расмий хабарда.

Инфляция

Май ойида умумий инфляция уй хўжаликлари учун энергия ресурслари нархлари оширилиши ҳисобига тезлашиб, йиллик 10,6 фоизни ташкил этди. Энергия нархлари таъсирисиз инфляция даражаси озиқ-овқат товарлари инфляциясининг сезиларли мавсумий пасайиши ҳисобига 6,8 фоиз доирасида шаклланди.

Умумий инфляцияга монетар омиллар таъсири камайиб бориши ҳисобига базавий инфляция динамикасининг пасаювчи тенденцияси давом этиб, май ойида 6,3 фоизга тенг бўлди. Хизматлар базавий инфляцияси йил бошидан бироз пасайиб, йиллик 8,8 фоизни ташкил этди.

Инфляциянинг барқарор компонентларида пасаювчи тенденциянинг давом этиши базавий инфляциянинг секинлашиши кенг қамровли тус олаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, истеъмол саватидаги 70 фоиздан ортиқ товар ва хизматларда нархлар ўсиши ўтган йилдаги кўрсаткичларга нисбатан секинлашган.

Апрел ойидаги энергия тарифлари ўзгариши борасидаги муҳокамалар ҳамда айрим солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ошиб, мос равишда 14 ва 13,3 фоизга тенг бўлди. Май ойида аҳоли кутилмалари 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган бўлса, тадбиркорларнинг кутилмалари 12,7 фоизгача пасайди. Тарифлар ўзгаришининг инфляцион кутилмаларга таъсири дастлаб прогноз қилинганидан кўра пастроқ шаклланмоқда.

Бу, ўз навбатида, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва йил якунида инфляция даражасининг асосий сценарий прогнозлари доирасида бўлишига хизмат қилади.

Иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб қолмоқда

Жорий йил январ-май ойларидаги муқобил статистик маълумотларга кўра, иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Хусусан, январ-май ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан савдо ва пулли хизматлардан тушумлар 37,4 фоизга ва иқтисодиёт субъектларининг банклар орқали тўловлари ҳажми 36,4 фоизга кўпайди. Пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга ошиб, аҳоли даромадларининг реал ўсишини қўллаб-қувватловчи муҳим омиллардан бўлмоқда.

Январ-май ойларида банклар томонидан 102 трлн сўмлик ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга кўп кредитлар ажратилган. Ушбу даврда аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари 21 фоизга, банк ҳисобварағига эга аҳоли сони 6,1 фоизга ва уларнинг ҳисобварақлари сони 14,8 фоизга кўпайган.

Хизматлар соҳаси ва ишлаб чиқариш саноатидаги барқарор ўсиш суръатлари иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бўлиб, инвестицион фаолликнинг юқорилиги ишлаб чиқаришни рағбатлантириши таъсирида меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб юқорилигича сақланиб қолади.

Асосий экспорт товарлари нархининг халқаро бозорларда юқори шаклланиши ва импортга бўлган талабнинг нормаллашуви шароитида ташқи савдо манфий балансининг бирмунча қисқариши тахмин қилинмоқда.

Реал алмашув курси мустаҳкамланиши кутилмоқда

Иқтисодиётга турли каналлар орқали валюта оқимларининг ортиши ва унга бўлган талабнинг барқарорлашиши билан бирга май ойидаги ички инфляция ҳисобига реал алмашув курсининг маълум даражада мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Банклараро пул бозорида таъминланган операциялар улушининг ортиб бориши кредит хатарининг ва мос равишда фоиз ставкаларининг маълум даражада пасайишига хизмат қилади. Барқарорлашган ликвидлик ҳолати ва макропруденциал чоралар таъсирида чакана кредитлар ўсиши мувозанатлашмоқда.

Пул-кредит шароитларининг жорий даражада сақлаб қолиниши иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда миллий валютада жамғаришни рағбатлантиришга ҳамда базавий инфляциянинг пасаювчи динамикада давом этишига зарур шароитларни яратади.

Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкорлар билан боғлиқ ташқи ноаниқликларнинг кучайиши фонида шаклланиб борадиган ташқи иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб пул-кредит сиёсати чораларига тегишли тўғрилашлар киритиб борилади.

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблигига ҳамда инфляцион кутилмаларнинг шаклланишига алоҳида эътибор қаратишини таъкидламоқда.

Мавзуга оид