21:30 / 01.04.2019
38184

Одамлар «суд» сўзини «адолат» сўзи билан боғламай қўйишса нима бўлади?

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин. (Ш.Мирзиёев, 2016 йил 21 октябрдаги фармондан)

Замонавий ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми – вужудга келадиган келишмовчиликларни суд орқали ҳал қилиш. Фуқаролик жамиятини бусиз тасаввур этиб бўлмайди. «Нимадандир норозимисиз – судга мурожат қилинг» – мазкур қоида барча, маълум миқдорда барқарор бўлган жамиятлар учун оддий, ҳаммага маълум қоида. 

Жамият барқарорлиги баъзи ўринларда қатъий тамойилларга амал қилишни тақозо қилади. Айни шундай тамойиллардан бири – жамиятда самарали суд тизимининг мавжудлиги. Яъни, суд кишиларга қай даражада адолатни таъминлаб беролса, мазкур жамият шунчалик барқарор ҳисобланади. Аксинча, одамлар «суд» сўзини «адолат» сўзи билан боғламай қўйишса, ундай жамият барқарор бўлмайди. Бундай жамиятда ижтимоий муносабатларда юзага келадиган зиддиятлар бошқа йўллар билан ҳал қилинади, суд воситасида эмас. Натижада жамият том маънодаги жамиятга – кишиларнинг иродаси мевасига айланолмайди.

Тарихга теранроқ назар ташлайдиган бўлсак, айнан суд тизими фундаментал инсон ҳуқуқларини таъминлаб беролмаган тузумлар тезда ижтимоий инқирозга юз тутган. Бундай тузумларнинг айримлари судларга мустақиллик бермай, уларни «қўғирчоқ»қа айлантириб, суд обрўсини йўққа чиқарган бўлса, бошқа бирлари судларнинг фаолиятини тоталитар мафкура қолипларига солган, натижада кишилар судларга Яратган уларга ато этган фундаментал ҳуқуқларини таъминлаб бера оладиган жой сифатида қарамай қўйишган. Фундаментал ҳуқуқларнинг таъминланмаслиги эса охир-оқибат ички норозилик ортиб боришига ва одамларнинг ишончи йўқолишига сабаб бўлган. Собиқ совет иттифоқи инқирозининг чуқур сабаби аслида шу – туб ҳуқуқларнинг бузилиши, ҳуқуқларнинг таъминланмаганидир.

Ўзбекистон фуқаролик жамияти қуриш йўлига тушди деб бемалол айта оламиз. Бунинг яққол белгиси – яқин ўтмишда ҳали бир марта ҳам очиқ суд доирасида кўрилмаган ишлар суд идораларида кўрила бошлаганидир. Бу Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ўзгаришлар йўлида содиқлигидан дарак.                                  

Куни кеча Тошкент шаҳрида Халқаро Ислом академияси устидан берилган, мазкур академия биноси ичида кийиниш тартиби юзасидан академия маъмурияти ҳамда ўқувчиси ўртасида юзага келган зиддият бўйича берилган ариза бўйича суд бўлиб ўтди. Бундай зиддиятнинг судда ҳал бўлиши фуқаролик жамияти учун мутлақо нормал ҳолат. Мазкур суд иши жараёнида тарафларнинг зиддиятга сабаб бўлган масала юзасидан далиллар келтириши, яъни далиллар беллашуви ва охир-оқибат суднинг амалдаги қонунчилик меъёрларига асосланган қарори мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг исботи бўла олади.  

Бироқ...

Мазкур суд иши ҳали ўз якунига етгани йўқ, зеро даъвогар томоннинг адвокати кейинги инстанция – Олий судга мурожаат этишини билдирди, суд ҳали давом этади. Бироқ қуйи ва ўрта инстанция судлари давомида ва суддан кейин бўлиб ўтган баъзи хунук ҳолатлар кишини таажжубга солди. Қандай ҳолатлар? 

  1. Суд очиқ суд бўлгани сабаб унда иштирок этмоқчи бўлиб келган кишилар аввалбошда суд залига қўйилмади. Натижада суд идораси эшиги олдида бирмунча одам йиғилди. Гуруч курмаксиз бўлмайди – баъзи кишилар ўз норозиликларини баланд овозда намоён қилишди. Бу манзара четдан туриб суратга олинди ва кейинчалик мазкур суратлар гўё тартибсизлик манзараси сифатида Халқаро Ислом академияси сайтида намойиш қилинди. Бу менга атайин – судга ташриф буюрган рақиб тарафнинг шаънини қоралаш учун қилинган, суд идораси ходимлари билан бирга тузилган режали тадбирдек кўринди.
  2. Судни ўтказиш учун негадир кичик хона танланди. Бунинг устига судда иштирок этиш истагида келганлар хонага кирганда бу, айтиш мумкин бўлса, суд зали қандайдир қорага бурканган, бунинг устига ниқоб тақиб олган, суд биносида ўзларини намойишкорона ахлоқсиз тутаётган аёллар билан қисман банд қилинган эди. Бу ҳам даъвогар тарафни қўллаб-қувватлаш учун келганларнинг шаънини ерга уриш учун қилинган тадбирга ўхшарди.
  3. Судда иштирок этиш истагида бўлган баъзи кишиларга мазкур очиқ судда иштирок этишга йўл қўйилмади.
  4. Халқаро Ислом академияси сайтида қисқа давр ичида бирин-кетин тўртта, қарши тарафнинг шаънини пастлатувчи ҳамда ичида очиқдан-очиқ, воқеликда бўлмаган маълумотлар билан «безатилган» мақолалар эълон қилинди. Бунинг устига мазкур мақолалар ўтган асрнинг 30-40-йилларида юз берган қатағонлар даври услубида – одамларни «халқ душмани»га чиқариш кампанияси услубида ёзилган бўлиб, суд жараёнида ўз вазифасини бажараётган адвокатни «халқ душмани»га айлантириш мақсад қилингани яққол кўриниб қолди.    

Модомики, фуқаролик жамиятини барпо этишни кўзлаган эканмиз, «суд» деган сўз биз учун ўта яқин, ёқимли, ижобий ҳисларимизни уйғотувчи, «адолат» сўзи билан бир қаторда турадиган сўз бўлмоғи лозим. Судга мурожаат этиш осон бўлмоғига, суд жараёни эса барча юксак тамойил ва тартибларга мувофиқ олиб борилмоғига жамият ўлароқ уринмоғимиз лозим. Суд айнан мана шундай ижобий, кўркам масканга айланмаса фуқаролик жамияти қуриб бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, одамлар суд идорасини яхши кўриб қолишлари керак.      

Юқорида тилга олинган ҳолатда эса бизга гўё кимдир судни қора рангларга бўяб, низоларни суд орқали ҳал қилишдан қайтараётгандек. Бу ҳам етмагандек қонунга мувофиқ ўз арзи билан судга мурожаат қилган фуқарони, унинг адвокатини ҳамда улар тарафида бўлганларни қип-қизил «халқ душмани» қилиб кўрсатишга уринилмоқда. Кўримсиз «театрлаштирилган» саҳналар, баъзи фуқароларнинг «судда қатнашишининг олдини олишлар», қатағон даврига мос мақолалар – булар «суд» каби юксак тушунча билан боғланиб қолмаслиги керак. 

Қолаверса, суднинг юзи давлатчиликнинг, жамиятнинг юзи. Бу юзни хунук қилиб кўрсатиш оғир маънавий жиноятдир. Суддек жамиятнинг барқарорлиги учун фавқулодда аҳамиятли жойни кўримсиз қилиб кўрсатишга бўлган уринишларни оғир хиёнат деб таснифлаш лозим. 

Мақола сўнгида ўртага бир нечта савол қўйгим келди: низолар судда ҳал қилинмаса, қаерда ҳал қилинади? Президент адолат тикламоқ ва дунёга Ўзбекистоннинг янги қиёфасини намойиш этишга уринаётган бир пайтда коммунистик тафаккур ва ёндашув билан 1937 йил қатағони даврига қайтиш ҳиссиётини Давлатнинг истаги сифатида кўрсатишдан, Президент ислоҳотларига қарши иш кўришдан ким манфаатдор? 

Халқ, миллат бугун ўз Президенти қиёфасини ҳам, орзу-истакларини ҳам яхши танийди, унинг мақсадлари рўёби учун елкама-елка бўлиб курашмоқда. Қизиқ бу айнан кимларга ёқмаяпти экан? Наҳотки улар шунчалик қўрқмас деган савол хаёлга келади. Ислом академияси томонидан юқорида тилга олганимиз туҳмат маълумотлар ўз-ўзидан уларнинг сайтидан бугун ғойиб бўлиб қолганини кўриб амин бўлиш мумкинки улар кучли эмас. Чунки, фақатгина Давлати ва Президентга чин юракдан содиқларгина, орқадан иш қилмайдиганларгина қўрқмас ва кучли бўлишади!

Шокир Шарипов

 

Top