Спорт | 09:15 / 14.08.2024
14710
5 дақиқада ўқилади

Фаровонлик ва инсон капитали – Олимпиада медаллари жадвали аслида бизга нималар дейди?

Медаллар, одатда, давлатлар профессионал спортдан анча узоқ бўлган муҳим ишларни ҳам тўғри қилаётганини билдиради. Чунки жамоаларнинг спортдаги ютуқлари – мамлакат фаровонлиги ва инсон капитали ривожланишига чамбарчас боғлиқ. Нега шундай эканлиги ушбу мақолада тушунтирилган.

Фото: Getty images

Financial Times таҳлилчиси Саймон Купер 8 август куни эълон қилган мақоласида Олимпиада ва бошқа йирик спорт мусобақаларида кўплаб медаллар олаётган давлатларга тўхталиб ўтган. Унинг фикрича, ғолиб давлат рўйхати бу шунчаки спортдаги ютуқларга раҳбарлик қилиш эмас, балки кўпроқ нарсалар ҳақида гапиради.

«Олимпиада медаллари спортга қараганда кучлироқ таъсирга эга бўлиши мумкин. Медаллар одатда давлатлар спортдан анча чеккароқда бўлган муҳим ишларни ҳам тўғри қилаётганини билдиради.

Нега бундайлигини билиш учун медаллар жадвалининг юқори қисмини ўрганиш керак. Бу мусобақада Украинадаги босқин туфайли Россия қатнашмаяпти, лекин ўндан ортиқ россиялик спортчилар бошқа давлатлар номидан мусобақада иштирок этмоқда. Бу АҚШ ва Хитой мусобақада мос равишда 1 ва 2-ўринларни бўлишиб олишига сабаб бўлмоқда» (СССР тарқалгач россиялик спортчилар ёзги олимпиада ўйинларида доимий равишда кучли бешликда бўлиб келган, муаллиф шу сабабли Россияни АҚШ ва Хитойга рақобатчи ўлароқ эслатмоқда.)

Муаллиф медаллар рейтингининг энг юқорисида турган 16 давлатни (8 август ҳолатига) мисол келтириб, уларнинг ҳаммаси демократик ва аҳолиси юқори даромадга эга давлатлар эканига урғу берган. Бу мусобақада дунёнинг барча чеккаларидан одамлар қатнашса ҳам асосий омил – географик жойлашув эмас, балки айнан бир категориядаги давлатлар кўпроқ ғолиб бўлади.

«Қишки олимпияда ўйинларида ҳам ҳолат шундай. Асосий совриндор давлатларнинг барчаси ривожланган давлатлар ҳисобига тўғри келади. Иқтисодчи Стефан Шимански билан бирга, олимпиада ва бошқа мусобақаларга асосланиб, барча даврлардаги энг яхши натижаларни солиштириб чиққанимизда энг яхши спорт жамоаси — демократик ва аҳолиси бой Норвегия бўлди.

Кўриниб турибдики, ҳар қандай миллий жамоаларнинг спортдаги ютуқлари мамлакатнинг бойлиги, аниқроқ айтсак инсон капитали ривожланиши билан боғлиқ бўлади».

Бунда БМТ томонидан эълон қилинаётган Инсон ривожланиши индексида давлатлар бўйича аҳоли умр давомийлиги, таълим олиши ва ҳаёт даражалари ўлчанади. Бу рейтингдаги Топ-10 давлатларни доим спортда ҳам юқори ўринларда кўришингиз мумкин, дейди мутахассис.

Буни қандай тушунтириш мумкин?

Бой демократик давлатлар, айниқса социал-демократлар ўз аҳолиси ҳақида яхши қайғуради. Бу эса моддий даражасидан қатъи назар ҳар қандай одамларга спорт билан шуғулланиш учун имконият яратишдир.

Масалан, Норвегиянинг энг чекка ҳудудларида ҳам барча мавсумларга мослашган спорт майдончалари бор. У ердаги кийим алмаштириш хоналари иссиқ, мураббийлар дипломли бўлади ва болалар ҳам имконият даражасидаги нархларда спорт билан шуғуллана олади. Еврокомиссия маълумотларига кўра, 2019 йилда Норвегия аҳолисининг 84 фоизи ҳафтада бир маротабадан кам бўлмаган ҳолда спорт турлари, фитнес ёки қайта тикловчи жисмоний машқлар билан шуғулланган. Ва бу спортсевар Европа учун энг яхши натижа ҳисобланади.

Дунё даражасида миллий спорт ютуқлари мамлакатни одатда жуда кенг доирада кучли тарафларга эгалигини кўрсатади. Ҳамма учун спорт майдончалари ва яхши мураббийларни таъминлаб берган давлат, қонуниятга кўра, соғлиқни сақлаш тизими ва мактаб таълимини ҳам ҳамма учун яхши таъминлаб қўяди. Бой ва демократик давлат бўлиш – яхши таълим олган ва спорт билан шуғулланган бўлиш одатда умумийликнинг бир қисмлари.

Бой давлатларнинг кўпроқ аҳолиси спорт билан мунтазам шуғулланиш имконига эга бўлади ва якунда уларнинг жуда кам қисми медалларни олади.

Камбағал мамлакатларнинг аҳолиси бундай имкониятлардан жуда камига эга бўлади. Кўплаб бечораҳол аҳолида озиқ-овқат етишмаслиги туфайли ҳали туғилмасданоқ Олимпиадага чиқиш потенциали «ўлиб бўлади». Ҳиндистон ёки Африкадаги шаҳарлардан футбол ўйнаш учун стадионларни қидириб кўринг. Ҳукумат жуда кам бундай иншоотлар қуради. Парижда муваффақиятли қатнашган Кения, Эфиопия ёки Ямайка каби камбағал давлатларга эътибор қилсангиз, энг арзон спорт тури бўлган турли масофаларга югуришда қатнашмоқда. Хитойнинг сўнгги 15-20 йиллардаги муваффақияти ҳам бекорга эмас, балки унинг иқтисодий ўсиши билан чамбарчас боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, сузувчи Леон Маршанни олқишлаган французлар ҳам шунчаки спортни эмас, ундан кўра кўпроқ нарса – фаровонлик учун мухлислик қилишди”.

Мавзуга оид