09:20 / 02.04.2020
85677

Коронавирус Африкада: Қитъани кутиб турган улкан таҳлика

Илк бор Хитойда пайдо бўлган ва тез фурсат ичида глобал фалокатга айланган Covid-19 пандемияси соғлиқни сақлаш инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган Африка мамлакатларига улкан хавф туғдирмоқда. Дастлаб Жазоирда аниқланган коронавирус қисқа муддат давомида бутун қитъага тарқалиб улгурди. Шаффоф маълумотлар чекланганлиги, сиёсий дастаклар мавжуд эмаслиги туфайли ушбу босқичда Африкадаги фалокат ҳажмини аниқ айтиб бўлмайди. Аммо баъзи таъсирлар аллақачон геосиёсий миқёсда кўзга ташлана бошлади.

Фото: AFP

Бутун Африка қитъасида қайд этилган ҳолатлар ҳозирча Португалиянинг ўзида қайд этилган ҳолатлардан камроқ. Аммо ЖССТ қитъа вакилларини вазият оғирлашишига тайёр бўлишга чақирган.

Позициялар қайтадан кўриб чиқилмоқда

Коронавирус пандемияси маҳаллий ва минтақавий муаммоларнинг глобал миқёс касб этиши мумкинлигини, уларни ҳал қилишда эса глобал ҳамкорлик механизмлари умуман етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Яъни инсониятнинг бирликда ҳаракат қилиб, муаммоларни енгиб ўтишини таъминловчи глобал бошқарув модели ҳали ишлаб чиқилганича йўқ. Коронавирус пандемияси давомида мамлакатлар айни шу заифлик туфайли ёлғиз қолмоқдалар ва ўз чегараларини қаттиқ назорат остига олмоқдалар. Иттифоқлар эса танқид ва саволлар ёмғири остида қолмоқда.

Ўз навбатида, инқирозда етакчилик ролини ўйнайдиганларнинг позициялари қайтадан кўриб чиқилмоқда. Масалан, АҚШ касалликка қарши курашишни уддалай олмаётган бир пайтда Хитой пандемияни ўз назоратига олганини иддао қилмоқда. Шу тариқа, Европадан Африкага ва ҳатто АҚШга ҳам AliBaba компаниясининг асосчиси Жек Ма орқали тиббиёт ускуналарини тақдим этиб, жаҳон эътиборини бошқа томонга қаратмоқда, яъни ўзи учун янги глобал таъсир доираларини яратмоқда.

Рақамлар ортиши аниқ

Малиликлар янгича услубда саломлашишмоқда AFP

Африкада коронавирусга чалинганларнинг сони ҳали оз бўлса-да, бу ҳудудда жиддий таҳдид мавжуд. Ташқи дунё билан алоқада бўлган ҳукумат амалдорлари, бюрократлар, бизнес, санъат ва спорт намоёндаларининг тест текшируви мусбат чиқиши ортидан эпидемия тезда бошқа давлатларга, хусусан, Кения, Миср, Жанубий Африка ва Марокашга ёйилди. Масалан, 17 март куни қитъада вирус билан касалланганларнинг умумий сони 450 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда ушбу рақам 6 мингдан ошган. Гарчи қитъада ҳали вирус аниқланмаган 8та мамлакат бўлса-да, чегараларнинг ўтказувчанлигини ҳисобга олсак, келгусида бу рақамлар янада ортиши эҳтимолдан холи эмас.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Африканинг 54 мамлакатидан 33таси кам ривожланган давлатлар қаторига киради. Бундан ташқари, 2016 йилда Ранд корпорацияси томонидан эълон қилинган юқумли эпидемияларга қарши энг заиф давлатлар рўйхатидан жой олган 25 мамлакатнинг нақ 22таси ушбу қитъада жойлашган. Шу сабабли, Африкадаги деярли барча давлатлар гигиена талабларидан тортиб то соғлиқни сақлаш инфратузилмасигача ғариб ва ночор аҳволда.

Ноқулай шароитларда яшайдиган одамлар, шунингдек, Саҳройи Кабир атрофидаги Африка мамлакатларига кўчирилган, бошқа давлатларга кетишга мажбур бўлиб, лагерларда стерилланмаган муҳитларда яшаётган жамоаларнинг мавжудлиги масаланинг муҳим ва хавотирли нуқталардан биридир. Агар одамлари лагерларда ҳаёт учун кураш олиб бораётган мазкур минтақаларга вирус тарқалгудек бўлса, унга «мезбон»лик қилган мамлакатларда жорий этиладиган  чоралар қатъий чекловчи ва кескин характерга эга бўлиши мумкин. Бироқ барча ташвишли ҳолатларга қарамай, Осиё, Европа ва Америкадаги давлатларни қуршаб олган юқумли касалликка қарши Африканинг бир қатор устун жиҳатлари ҳам бор, деб айтиш мумкин.

Африканинг устун жиҳатлари нимада?

ЖАРда карантин қоидаларига амал қилиниши ҳарбийлар назоратида
GALLO IMAGES

Биринчидан, Африка яқин ўтмишда кечган Эбола, ОИТС, безгак ва Ласса варажаси каби вируслар билан боғлиқ тажрибага эга. Ушбу тажрибалар эпидемияга қарши курашда қўл келиши мумкин, аммо қитъанинг аксарият минтақаларида соғлиқни сақлаш инфратузилмаси заифлиги, шунингдек, тоза ичимлик суви муаммоси мавжудлиги вазиятни оғирлаштириши мумкин. 

Иккинчидан, Covid-19 дунёда энг кеч ёйилган минтақа – Африка мамлакатларидир. Бу ҳам коронавирусга қарши курашда уларга устунлик бериши мумкин.

Аслида, эпидемиянинг тезлиги ва таъсир қилиш даражаси Африкада эрта аниқланди. Яъни халқаро рейслар тўхтатилиши, кенг миқёсли дезинфекциялаш ишлари, таълим тўхтатилиши, комендантлик соати жорий этилиши, чекланган дастурлар ва карантин каби чоралар нисбатан барвақт амалга оширилди. Бироқ халқаро ҳамжамият Африка мамлакатларида эпидемияга қарши курашга халал берувчи сурункали долзарб муаммоларни зудлик билан бартараф этиши лозим, яъни глобал эпидемиягага қарши кураш микро миқёсдан макро даражага ўтиши даркор.

  • Миср, Судан, Тунис, Гана, Камерун ва Кения аллақачон хорижликлар учун чегараларни тўлиқ ёпган. ЖАР, Жазоир, Марокаш, Мали, Нигерия, Танзания ва Мадагаскар чегараларни қисман ёпган, яъни барча хорижликлар учун эмас. Ҳафта бошида Нигериянинг икки йирик шаҳри - Лагос ва Абуджада икки ҳафталик карантин бошланди.
  • ЖАРда, 1 апрель ҳолатига кўра 1353 ҳолат ва 5 ўлим қайд этилган давлтда 26 март кунидан уч ҳафтага тотал карантин жорий этилган - озиқ-овқат дўконларидан бошқа ҳар қандай савдо шохобчалари ёпилган, мамлакат аҳолисига - 60 миллион кишига уйда ўтириш буюрилган.
  • 80 миллион аҳолига эга, фуқаролик уруши ёқасида турган Конго Демократик республикасида 29 март куни фақат пойтахт Киншасада карантин жорий этилди. 12 миллион киши яшайдиган бу шаҳар кириш ва чиқиш учун тўлиқ ёпилган, аҳолига аввал тўрт кун давомида уйдан чиқмай ўтириш буюрилган, кейин икки кун давомида озиқ-овқат ғамлаб олиш учун кўчага чиқишга рухсат берилган. Бу олти кунлик босқич кейинги ҳафталар давомида такрорланади.
  • Танзанияда барча ўқув муассасалари ва спорт турнирлари бекор қилинган, аммо президент Жон Магуфули масжид ва черковларни ёпишга рози бўлмаган.
  • Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилган, унга кўра кечқурунги соат 9дан эрталабки соат 5га қадар комендантлик соати амал қилади.
  • Камеруннинг жанубий қисмида ҳукуматга қуролли қаршилик кўрсатиб келадиган айирмачилар гуруҳларининг энг йириги - Жанубий Камерун мудофаа кучлари коронавирус туфайли сулҳ тузган. Лекин ҳозирча бошқа гуруҳлар ундан ўрнак олишмади.

Эпидемиянинг геосиёсий оқибатлари қандай?

Халқаро иқтисодиёт ва сиёсатда салбий оқибатлари ҳозирданоқ кўзга ташлана бошлаган эпидемиянинг Африка мамлакатларига кўрсатаётган таъсири нефть нархининг сўнгги йигирма йил ичида энг паст даражага тушиб кетиши билан боғлиқ. Айниқса, Жазоир, Ливия, Нигерия, Ангола, Конго, Габон ва Экваториал Гвинея каби нефть экспорт қилувчи, даромадларининг асосий қисми ушбу маҳсулот билан боғлиқ бўлган бир қатор давлатлар ушбу инқирозни қисқа муддатда чуқур ҳис қилишди.

Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги ишлаб чиқаришни қисқартириш тўғрисидаги келишув бекор бўлгани ва натижада Ар-Риёдда ишлаб чиқариш ҳажми ортгани пировардида нефть нархи кескин пасайишига сабаб бўлди. Бунга «илова» ўлароқ, коронавирус туфайли Хитойда нефтга бўлган талабнинг кескин пасайиб кетиши ушбу мамлакат билан яқин алоқада бўлган нефть экспорт қилувчи Африка давлатларини даромаддан тамоман маҳрум қилди.

Шунга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, экспортининг умумий ҳажмида нефтнинг улуши 80 фоиздан юқори бўлган Африка давлатларини иқтисодий қийин ва келажаги ноаниқ бир давр кутиб турибди.

Европадаги имконият Африкада йўқ

Глобал эпидемиянинг Африка иқтисодиётига етказадиган зарари унинг инсонлар соғлиғига кўрсатадиган таъсиридан кўра анча кучлироқ ва жиддийроқ бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда фонд биржаларида миллий валюталар қиймати ва фоиз ставкаларининг салбий тенденциялари кузатилиши билан бир қаторда халқаро айланманинг қисқариши глобал иқтисодий инқирозни келтириб чиқарувчи асосий омиллардандир. Ғарб ҳукуматлари эпидемиядан азият чекаётган секторларга кенг кўламли ёрдам бериш орқали ушбу инқирозни енгишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо Африка мамлакатларида бундай имконият йўқ. Бироқ қишлоқ хўжалиги ривожланаётган баъзи Африка давлатлари бўҳронни нисбатан оз миқдордаги талафот енгиб ўтишлари мумкин.

Талафотлар Африкада «яшаб» қолади

Африкада эпидемия келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлардан яна бири – зўравонлик спиралидаги «муваффақиятсиз давлат» (failed state) намуналарининг «тест»дан ўтказилиш эҳтимолидир. Ливия ёки Мали мисолларида кўрилгани каби қашшоқлик ва очарчилик исканжасига тушган, идентификация ва чегараларга аниқлик киритилмаган, ижтимоий бирлик мавжуд бўлмаган ва давлат ҳокимиятида заифлик кузатилаётган, шу билан бир қаторда, бой углеводород ва минерал ресурсларга эга бўлган Африка мамлакатлари минтақавий ва халқаро миқёсдаги кучларнинг кураш майдонига айланиб қолиши мумкин.

Кун келиб глобал эпидемия албатта якунланади ва халқаро тизим мувозанатга келади. Аммо баъзи талафотлар Африка мамлакатларида «яшаб» қолади. Маҳаллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги иқтисодиётни қамраб олган ушбу инқироз даври балки сўнгги босқичда имкониятлар ҳам тақдим этар. Аммо Африканинг аксарият мамлакатларида капитал фақат ташқи манбалар орқалигина таъминланишини ҳисобга олсак, вазият у қадар ёқимли бўлмаслиги ойдинлашади.

Шу боис, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа халқаро институтларнинг ушбу жараёнда кўрсатадиган ташаббуслари бугун ҳар қачонгидан кўра муҳимдир.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top