Жаҳон | 20:55 / 04.10.2023
18471
12 дақиқада ўқилади

Россия-Украина можароси: «Коллектив ғарб»дан ташқаридаги давлатлар қайси тарафда?

Россия-Украина урушини гўёки қиёмат қойим бўлгандек тасвирлаётганлар ҳам анчагина. Бундайлар фақат ўз мавжудлиги учун курашаётган Украинадагина эмас. Ёки пропагандачилари «агар ютқазсак, бутун мамлакатни Ҳаагадаги суд кутмоқда», дея аудиторияга «лағмон осаётган» Россиядагина ҳам эмас.

Фото: Володимир Зеленскийнинг телеграм канали

Украина президенти Володимир Зеленский Украина нафақат ўзи, балки бутун дунёдаги эркинлик ва демократия учун курашаётганини бот-бот такрорлайди. ГФР канцлери Олаф Шолц ҳам шу фикрда. Ғарблик шарҳловчиларнинг катта қисми цивилизациялашган дунё ва варварларнинг тўқнашуви ҳақида гапиришади. Россиялик айрим мухолифатчилар ҳам буни тасдиқлашади: Путин «бутун цивилизациялашган дунё» билан урушмоқда, деб.

Путин ва унинг сафдошлари «жаҳондаги давлатларнинг катта қисми» Америка гегемонияси ва адолатсиз дунё тартибидан норози экани, шу сабабли Россия томонида эканини такрорлашни яхши кўришади.

Лекин шу ерда қизиқ вазият кузатилади. Сентябр ойи охирларида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги йиғилишида Россия-Украина уруши бир йил аввалгидан кўра кун тартибидан камроқ жой олди. Дипломатлар Россиянинг ҳарбий жиноятлари ва халқаро жиноят ҳуқуқининг нозик томонларидан кўра, Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг бир қисмидаги давлатларнинг эътирозлари ошиб бораётганини жон-жон деб муҳокама қилишди.

Кўплаб қашшоқ давлатлар Россиянинг Украинадаги тажовузи фонида уларни қийнаётган муаммолар иккинчи планга ўтиб кетганидан ҳафсаласи пир бўлаётганига аниқ-тиниқ шама қила бошлашди.

Соддароқ қилиб айтганда, «жаҳоннинг барча давлатлари» Украинанинг ўз мустақиллиги учун курашида уни қўллаб-қувватлаётгани кўп ҳам тўғри таъкид эмас. Бу таъкиднинг акси — «жаҳоннинг барча давлатлари» Россияни қўллаб-қувватлаётгани нотўғри бўлгани каби.

Нега кўплаб давлатлар Россия-Украина можаросида томонлардан бирини танлашга шошилмаяпти. Журналист Денис Левин буни таҳлил қилиб чиқди.

Жаҳоннинг барча давлатлари

Кўплаб давлатлар учун Россиянинг Украинага босқини — бу Шарқий Европада рўй бераётган, уларнинг ривожланиш истиқболлари, тенгсизликка қарши кураш, иқлим инқирози ва ҳоказоларга билвосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган йироқдаги можаро.

Россия-Украина урушида (тупроқ ва лой кечиб) тўғридан тўғри бор-йўғи икки давлат иштирок этмоқда, уруш эса чекланган ҳудудда бўлмоқда. Европада бунақаси узоқ вақтдан буён биринчи марта кузатилаётгани рост. Агар «европага хослик» омили олиб ташланса — бу шунчаки жаҳонда юзлаб содир бўлаётган регонал можаролардан бири. Ўша Африка давлатларига бу соф жўғрофий жиҳатдан яқинроқ — Эфиопиядаги марказий ҳокимият ва айирмачилар ўртасидаги уруш, Суданнинг Дарфуридаги навбатдаги кескинлашув каби: ўша қочқинлар, ўша етказиш занжирларининг узилиши, ўша «ташқи ўйинчилар»нинг қўшилиши ва мураккаб дипломатик манёврлари билан.

Яна Мали, Чад, Марказий Африка Республикаси, Сурия, Афғонистон, Яман, араб-исроил можароси, Тайван атрофидаги тарангликнинг ошиб бориши ва ҳоказо вазиятлар бор.

Украинадаги уруш — сўнгги ўн йилликларнинг энг қонли можароларидан бири. Агар ярим миллионга яқин йўқотишлар билан боғлиқ энг юқори баҳолашлар инобатга олинса ҳам бу сўнгги йилларнинг рекорди эмас. Дарфурда 2022 йил сўнггига келиб ўлганлар сони 600 мингдан ошган. Тўқсонинчи ва нолинчи йиллар чегарасида Конгода бўлган фуқаролик урушида 4 миллионга яқин инсон ҳалок бўлган.

Украинадаги уруш қурбонлар борасида рекордчи эмас. Дарфурдаги урушда 4 млн киши ўлган. Фото: ktpress.rw

«Европага хослик»дан ташқари, Россия-Украина уруши яна бир муҳим фарққа эга: бу ядровий барқудрат давлатнинг агрессияси. Ҳаттоки шу ҳам уникал ҳодиса эмас. Дам-бадам кескинлашиб турадиган Ҳиндистон ва Покистон можароси ҳам икки ядровий бадқудрат давлатнинг можаросидир. Исроил ва Эрон қарама-қаршилиги ҳам ядровий ва беш дақиқаси кам ядровий давлатнинг зиддияти. «Тайван масаласи»га эга Хитой ҳам ядровий барқудрат давлат. КХДР ҳам. Сўнгги 20 йил ичида Ироқ ва Афғонистонга бостириб кирган АҚШнику, гапирмаса ҳам бўлади.

«Ғарбдан бўлмаганлар» Россия агрессиясига бошқача қарашадими?

Ҳа.

Замонавий дунёвий тартиб — ғарбликларга хос сиёсий фикр маҳсули. БМТ ёки, айтайлик, Халқаро жиноят суди асосан Фома Аквинскийдан тортиб Рафаэл Лемкингача бўлган европалик назариётчилар ва амалиётчилар ишлаб чиққан халқаро ҳуқуқ анъаналарига таянади. Ўзи халқаро сиёсат ва ҳуқуқ субъекти сифатида суверен миллий давлат ғояси ҳам келиб чиқиши ғарбга хос, ўша Африка реалликларига ҳар доим ҳам мос келавермайди.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий агрессиясини қабул қилиш турличалиги замонавий халқаро сиёсат қоидаларининг турлича талқинларидан келиб чиқади. Украинани қўллаб-қувватлаётган кўплаб давлатлар Россиянинг ҳаракатларини «халқаро ҳуқуқни поймол қилиш» деб тушунтиришади. Формал жиҳатдан шундай ҳам: ўйлаб топилган сабаб билан қўшни давлатга бостириб кириш БМТ Низомига зид ва жиноят ҳисобланади.

Муаммо шундаки, сўнгги ўтган йиллар тарихидан бундай аргумент ғарбдан бўлмаган давлатлар учун у қадар ишонарли эмас. Улкан ҳудудда аралашиб яшовчи кланларга эмас, қатъий чизиб берилган чегараларда яшовчи миллатларга бўлиниш маҳаллий урф-одатларга зид келади. Гап яна шундаки, замонавий дунё тартибини бузаётганларга санкция жорий этаётган ва ҳаттоки ҳуманитар интервенция бошлаётган ғарб давлатлари кўпинча ўзлари белгилаган қоидаларни ҳам бузишади — 2003 йилда АҚШ ўйлаб топилган баҳона билан Ироққа бостириб кирганини бунга мисол қилиш мумкин. Гуантанамодаги қамоқхона ҳам яхши мисол.

2003 йилда АҚШ Ироққа бостириб кирган эди. Фото: theguardian.com

Ўзини жаҳон қозиси деб ўйлайдиган ғарбдаги айрим давлатлар халқаро жавобгарликдан қочишга ҳаракат қилишади. АҚШ ҳамон Халқаро жиноят суди асосида ётувчи Рим статутини имзоламаган. Келиб чиқадики, халқаро жиноят ҳуқуқлари меъёрлари ва БМТ судлари юрисдикцияси энг қуролланган ғарб демократиясига тааллуқли эмас.

Хуллас, Жо Байденнинг Россия халқаро ҳуқуқни бузаётгани тўғрисидаги баёнотлари формал жиҳатдан тўғри, лекин ишончга сазовор эмас. Ғарбдан бўлмаган давлатларнинг ўзини тортишига Россиянинг Украинага ҳарбий агрессияси тожовузкор империалистик сиёсат кўриниши сифатида танқид остига олинаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Яна ўша гап, танқид ўз ҳолича легитим — муаммо танқид кимнинг оғзидан янграётганида! Эфиопия ва Виетнам учун Россиянинг Украинага бостириб кириши АҚШнинг Ироққа ёки Франциянинг Малига бостириб киришидан қандай фарқланади?

Демак, ғарбдан бўлмаган давлатлар Россия томонидами?

Йўқ, уларнинг барчаси ўз ҳолича.

Россия билан урушда Украинани аниқ ва биртомонлама қўллаб-қувватлашни рад этиш, ғарблик иттифоқдошлар билан бирдамлик йўқлиги ғарбдан бўлмаган давлатларнинг ҳар бири учун алоҳида сабабларга эга. «Ғарбдан бўлмаганлар» — монолит эмас. Айтайлик, Лотин Америкасида анъанавий равишда аксиламерикачилик кучли, Африканинг кўплаб давлатлари эса томонлардан бирига тарафдор бўлиши учун ташқи дунёдан маҳсулот олиб киришига боғланиб қолган. Уларни ўхшаш дипломатик позиция бирлаштириб туради: улар ўз аҳолиси учун тахмин қилиб бўлмас оқибатлар келтириб чиқариши сабабли можаронинг янада авж олишидан манфаатдор эмас.

Можарони тинч йўл билан ҳал қилишга оид кўплаб лойиҳаларнинг бир қисми уруш контекстини заррача тушунмасдан ёзилган, буни ғарбдан бўлмаган давлатларнинг дипломатик инстинкти юзага чиққани билан тушунтириш мумкин. Яъни, уларга кўра, агар қаердадир қуролли можаро бошланса — уни энг аввало тўхтатиш керак, сўнгра қолган ҳамма нарса қандайдир йўллар билан ҳал қилинади.

Украина ташаббуси билан Жиддада ўтказилган саммитда Россия босқинини сиёсий йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаш борасида ўз позициясини етказиш учун 40 та давлат иштирок этди. Уларнинг ярми Ҳиндистон, Хитой, Бразилия, Жанубий Африка Республикаси каби ғарбдан бўлмаган давлатлар. Айнан шу давлатлар АҚШ ва Европадан фарқли ўлароқ Россия билан алоқаларни сақлашмоқда, биринчи навбатда Хитой ва Ҳиндистон Россиянинг муҳим иқтисодий ҳамкорлари бўлиб турибди. Иқтисодий алоқалар туфайли Ҳиндистон ва Хитой Россияга реал таъсир ўтказиш ричагларига эга. Расмий Киев бу давлатларни ўз томонига ўтказибгина қолмасдан, уларнинг келгусидаги музокара жараёнларида иштирок этишидан ҳам манфаатдор.

Украина президенти Володимир Зеленский Жиддада. Фото: middleeasteye.net

Хитой ҳокимиятининг Россия ҳарбий босқинига муносабати ўта специфик. Мамлакат уруш авж олиши ва давом этишидан манфаатдор эмаслиги аниқ: бу жаҳон иқтисодиёти ва етказиб бериш занжирларига салбий таъсир ўтказади. Хитой ўзининг тинчлик ташаббуси бўйича лойиҳа тайёрлади, Россия-Украина урушини сиёсий йўл билан ҳал қилишда воситачилик қилишга ҳам тайёрлигини билдирди. Лекин бу ҳолатда, Хитой ҳам худди Россия каби АҚШнинг доминантлигидан холи, «кўпқутбли» халқаро тизим яратилиши тарафдори.

Ҳиндистоннинг позицияси янада мураккаб. Мамлакат ҳукумати Россиянинг Украинага босқинини қўллагани ҳам йўқ, уни қораламади ҳам. Ҳиндистон учун Ғарб билан ҳам, Россия билан ҳам савдо алоқалари ўта муҳим (2021 йилдан 2022 йилгача Россиянинг Ҳиндистонга нархи туширилган нефти импорти 5 баробарга ўсган). Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бир неча бор ихтилофлашаётган томонга қўшилмаслик борасидаги азалий ҳинд анъаналарига ҳавола қилиб, Россия ва Украинани музокаралар ўтказиш ва сиёсий ечим топишга чорлади.

Лекин мамлакат ҳукумати анча йиллардан буён ҳалқаро тизим Ҳиндистонга нисбатан адолатсиз тузилганини бот-бот такрорлаб келади. Бу жаҳоннинг аҳолиси энг кўп ва зич жойлашган давлати, энг катта демократия, аҳолиси ёш (ўртача ёш — 28) ҳамда этник ва маданий жиҳатдан турли-туман бўлган давлат ҳисобланади. Боз устига, ядровий давлат. Нега, айтайлик, Буюк Британия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўла туриб, Ҳиндистон унақа эмас? Айни пайтдаги ҳолат балким Иккинчи жаҳон уруши тугаган йилларда маънога эга бўлгандир, чунки ўшанда ҳали мустақил Ҳиндистоннинг ўзи бўлмаган. Бироқ орадан 80 йил ўтди, жуда кўп нарсалар ўзгарган.

Кремл мана шундай хафагарчиликлар билан ўйнашмоқда ва Путинни янги «аксилмустамлакачилик ҳаракати» етакчиси, деб эълон қилмоқда. Лекин бу ҳаракат муваффақиятсизликка учраши тайин. Ғарбдан бўлмаган давлатлар учун «коллектив ғарб»га реал муқобил яратиш «биринчи дунё»нинг бир қисми бўлишга интилаётган Украина ҳудудларини эгаллаб, оккупация қилишни англатмаслиги кундек равшан. Уларнинг нуқтайи назарига кўра, ҳам ғарб коалицияси, ҳам Россия — ҳар бири ўз усули билан империалистик экспансиясини давом эттираётган агрессорлардир.

Шубҳасиз, Россия-Украина можароси бир ярим йилдан буён Ғарб диққат марказида турибди. Бироқ бутун жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти фақат шу вазиятга боғлиқ эмас, дунё ҳеч қачон Россия тарафдорлари ва Украина тарафдорларига бўлинишни истамайди. Худди Ҳидистон ва Покистон тарафдорларига бўлинишни истамаганидек.

Мавзуга оид