22:24 / 06.09.2022
13408

“Буни таълим тизимимизнинг акс-садоси десак ҳам бўлади” – вазирлик вакили мактаб дарсликларидаги хатоларга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда турли синф мактаб дарсликларида хатолар ўтгани расмлари тарқалганди. Халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаев тарқалган хатолар ҳаммаси ҳам ҳақиқат эмаслиги, улар ўз тасдиғини топса, масъулларга чора кўрилишини маълум қилди.

6 сентябр куни Халқ таълими вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида мактаб дарсликларида ўтаётган грамматик, имловий хатолар масаласи кўтарилди.

Kun.uz мухбири ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 10-синф биология, 2-синф ўзбек тили, 7-синф ўзбек тили дарслигида имловий хатолар борлиги, дарсликлар савияси ва сифати устидан вазирлик назорати қай даражада деган мазмунда вазирлик вакилларига мурожаат қилди.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг жавоб беришича, дарсликларда ўтказиб юборилган хатоларни маълум маънода таълим тизимига тутилган кўзгу деса ҳам бўлади.

“Сиз айтган 10-синф биология дарслигида реал китобини қарасангиз, у ерда унақа нарсанинг ўзи йўқ. Каналига кирсангиз ҳам реал бети кўрсатилган. Ёки 2-синф дарслигининг ярми русча ёки ярми ўзбекча эмас, бу биринчи бети чоп этилиш тили учун мос бўлган бет. Китоб тожик тилида бўлгани учун шунақа кетган, лекин биринчи муқовадаги бети тожик тилида. Айтмоқчи бўлганим ҳамма нарсанинг ҳақиқий ёки йўқлигини кўришимиз керак.

Албатта, мактаб дарсликларида хато бугун пайдо бўлмади. 10 йил олдинги китобни кўтарсангиз ҳам, 5 йил олдинги китобни кўтарсангиз ҳам бор. Улар ҳам, ҳозиргилар ҳам экспертизадан ўтган. Афсуски, бу ҳам таълим сифатининг қандайдир бир акс-садоси десак ҳам бўлади. Буни ҳам экспертлар кўради. Бунинг кенгаши бор. Бир ёки икки одам дарсликни тасдиқлаб, қўл қўймайди. Уни ёзган жамоадан ташқари эксперт кенгаши бор. Эксперт кенгашлари қўл қўяди. Энди қандайдир хатолар ўтган бўлса, уларга нисбатан қанақадир чоралар кўрилиши табиий бўлиши мумкин”, – деди халқ таълими вазири ўринбосари.

Top