Ўзбекистон | 10:25 / 05.10.2021
5576
3 дақиқада ўқилади

Жарроҳлик амалиёти мураккаблиги ва самарасига қараб тиббиёт ходимларига табақалаштирилган меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий этилади

Президент “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда жарроҳлик амалиётининг мураккаблиги даражаси ҳамда самарадорлик кўрсаткичларига қараб тиббиёт ходимларига табақалаштирилган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги етакчи хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва бошқа давлат тиббиёт муассасалари раҳбарларини соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув (Healthcare Administration) йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни йўлга қўяди ва уларни мазкур курсларда ўқитиш юзасидан режа-графикни тасдиқлайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 50 нафар менежер мутахассисларни магистрлик йўналиши (Master of Healthcare Administration) бўйича давлат гранти асосида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва бошқа олий таълим ташкилотларида тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш чораларини кўради.

Хирургия марказининг инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси соҳасида қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • трансплантология соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
  • юқори технологик трансплантация амалиётларини амалга ошириш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;
  • хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги илмий ташкилотлари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва биргаликда тадқиқотларни ташкил қилиш;
  • трансплантология йўналишида малакали илмий кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш.

Хирургия марказида:

  • базавий молиялаштириш тизими асосида фаолият юритадиган Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий лабораторияси;
  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Хирургия ва трансплантология кафедраси ташкил этилади.

Белгиланишича, Хирургия маркази ушбу кафедрада ўқитилаётган бакалаврлар, клиник ординаторлар ва магистрлар учун асосий клиник база ҳисобланади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Хирургия марказини модернизация қилиш учун 11 миллион доллар миқдорида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўради.

Мавзуга оид