Жамият | 15:51 / 29.05.2018
451691
4 дақиқада ўқилади

Аллоҳнинг ваъдаси: Истиғфор айтиб юрадиган банда азобланмайди

Истиғфор айтиш банда томонидан йўл қўйилган хато ва гуноҳларга кафорат бўлади, унинг қалбини тозалайди. “Ислом нури” дастурининг бугунги сонида айнан мана шу мавзу ҳақда сўз боради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов Рамазонда истиғфор айтиш хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди.

YouTube'да томоша қилиш

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Tas-IX'да томоша қилиш

- Рамазон ойининг ҳар бир лаҳзасини ўта ғанимат билишимиз учун биз, аввало, нима ишларни қилишимиз кераклиги тўғрисидаги маълумотлар билан ҳам танишиб чиқишимиз керак. Шулардан бири, албатта, истиғфорни кўпайтиришдир, десак хато қилмаган бўламиз. Истиғфор – барча яхшиликларнинг боши, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки истиғфор барча дардларга даво. У мушкулларни осон қилади, ҳожатларни раво этади. Истиғфор бандани Аллоҳга бандачилигини изҳор қилгувчи ибодат сифатида гавдаланади. Истиғфор банданинг ожиз эканлигини, Роббил оламинга ниҳоятда муҳтож эканлигини англатади.

Пайғамбар (с.а.в)нинг ўзлари, гуноҳлардан мутлақо холи зот бир кунда 100 маротаба тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтишларини ўзлари бизларга ҳадиси шарифларида баёнини берганлар. Шундоқ экан барчамиз истиғфорга муҳтожмиз. 

Истиғфорнинг ўзи нима? У – тавба дегани. Тавба эса бандани Аллоҳга қайтиши дегани. Бир гуноҳдан, ёмон ишдан, ёвузликдан қўлини тортиш, тийилиш ва иккинчи бор бу ишга қайтмаслик деганидир. Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида гўёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломга айтади: “Сиз умматларингизнинг ичида бўлганингиз ҳолатда Аллоҳ уларни жазоламайди. Ва модомики улар истиғфор айтиб турар эканлар Аллоҳ уларни азоблагувчи бўлмайди”, деб марҳамат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов

Мана шу ояти кариманинг тафсирида уламоларимиз айтадики, Аллоҳ таоло томонидан бўладиган кулфатлар, офатлар, азоб-уқубатлар, ҳар-хил кўнгилсизликлар бандаларни ҳимояловчи ва кафиллик берувчи нарса икки хил бўларкан. Биринчиси, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг бизларнинг ичимизда бўлиб туришлари. У зот жисмонан вафот этганлар, орамизда йўқлар. Демак биринчи кафиллик ҳолати қўлдан бой берилган. Иккинчиси, модомики бандалар Аллоҳ таолога истиғфор айтиб турар эканлар Яратган уларни азобламас экан.

Азизлар, шунинг учун ҳам биз истиғфорни кўпайтирувчи бўлишимиз керак. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан алоҳида “Саййидул истиғфор” дуоси қолган. Истиғфорнинг қисқаси, узуни, мукаммали ва, албатта, тилга осони бор. “Астағфируллоҳ” дейишнинг ўзи ҳам истиғфор. Ёки “Астағфируллоҳа ва атувбу илайҳ” ҳам истиғфор саналади. Энг афзали ва мукаммали эса “Саййидул истиғфор”ни айтишликдир. 

Рамазон кунларида турибмиз, истиғфорни кўпайтирайлик. Истиғфоримизда ўзимизни, шахсиятимизни эмас, балки бутун дунё мўмин-мусулмонларини ёдга олайлик. Уларнинг ҳақларига дуо қилайлик. Токи бизда бўлган тинчлик, эмин-эркинлик ва хотиржамлик уларда ҳам бўлсин.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид