Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Харажати кам, даромади яхши машғулот – навоийлик саватчи кунига 10дан ортиқ сават тўқиб сотяпти
Навоий шаҳрида яшовчи Жаҳонгир Эргашев 16 йилдан бери саватчилик билан шуғулланади. Ҳунарманд маҳсулот учун асосий хомашё ҳисобланган махсус навли толни ҳам ўзи етиштирмоқда.

Жаҳонгир Эргашевга сават тўқишда оила аъзолари, фарзандлари ҳам кўмаклашади. Ҳунарманд аввалига хомашёни захира қилиб олади. Бунинг учун, Кармана тумани ҳудудидаги экин майдонидан ўзи етиштирган махсус навли толлардан новдалар кесиб келади. Кейин уларни қайнатиб, пўстини шилади. Ишнинг навбатдаги босқичи – новдаларнинг ўзак қисмини олиб ташлаш. Бу учун ҳунарманд махсус ускунадан фойдаланади. Ўзак қисми олиб ташланмаган новда сават тўқиш жараёнида синиб кетади.
“Бу иш билан шуғуллана бошлаганимга 16 йил бўлди. Сават – тўқиб маҳаллий бозорда сотса бўладиган маҳсулот. Ҳамёнбоплиги учун доимо харидори топилади. Йиллар давомида ўз устимда ишлаб, турини кўпайтирдим. Шогирдларга ўргатяпман. Оғир иш эмас, жисмоний куч талаб қилмайди. Аммо майда иш. Ҳамма деталларига эътибор бериш керак. Бироз зерикарли бўлгани учун шогирдларим кам. Даромади ёмон эмас. Кунига 10 та сават тўқишим мумкин. Ойига 3-4 млн сўм даромад қилса бўлади”, — дейди Жаҳонгир Эргашев.

Ҳунарманднинг таъкидлашича, новдадан уй-рўзғор учун зарур бўлган кўплаб буюмларни тўқиш мумкин. Муҳими, сават тўқишда мих ва сим ишлатилмайди. Барча қисми новданинг ўзидан тўқилади. Саватнинг асосий харидорлари бозорларда мева-чева сотувчи савдогарлар.

Жаҳонгир Эргашев ҳунарини фарзандларига ҳам ўргатиб бормоқда. У яқин вақт ичида маҳсулотларини экспорт қилишни ҳам режалаштиряпти.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
12:57 / 05.01.2026
Навоийда автобус ЙТҲга учради. 2 киши ҳалок бўлди
23:25 / 27.12.2025
Навоийда ноқонуний тарзда қарийб ярим тонна балиқ овлаганлар ушланди
14:58 / 17.12.2025
Навоий ИИБда 13 нафар ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланди
14:10 / 09.12.2025