Спорт | 21:50 / 04.12.2017
52462
2 дақиқада ўқилади

Видео: Стадионга текин чипта билан тушган мухлисларга текин тўп ҳам керак

Бугун «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон футболига хос бўлмаган ҳолат кузатилди - стадионда тартибсизлик юзага келди. «Бунёдкор» ва «Локомотив» жамоалари ўртасида кечган учрашув якунлангач, ташкилотчилар трибуналардаги мухлисларга тўп тарқатишни бошлашди.

Бу сафар тарқатиладиган тўплар сони жуда кўп бўлгани туфайли (танаффус вақтида мухлисларга ўйин охирида 3000та тўп тарқатилиши ҳақида эълон қилинган ва мухлислар ўйин охиригача стадионни тарк этишмаган), уни тарқатиш бошланганидан кўп ўтмасдан, трибуналардаги мухлисларнинг «сабри чидамади» ва ўзлари келиб майдонда тайёрлаб қўйилган тўпларга эга чиқишга ҳаракат бошлашди. Шу тариқа, тўрт томондан мухлислар майдон ўртасига ёпирилиб туша бошлашди.

Воқеа жойида бўлган «KUN.UZ» мухбирларининг маълум қилишича, майдонга тушиб келганлар бошқаларнинг қўлидаги коптокларни тортиб олишга урингани ҳам кузатилган. Уларнинг ҳаракатлари тақдирлаш маросими бошланишига тўсиқ бўлган.

Фото. Мухлислар майдонга чиқиб кетишди, милиция тартиб ўрнатди

Лекин тез орада воқеа жойига тартибни сақлаш ходимлари гуруҳи етиб келган ва тартиббузарлар майдондан олиб чиқилган ҳамда тақдирлаш маросими бошланган.

Қайд этиш керакки, ушбу ўйинга кириш бепул қилиб қўйилган, 30 минг нафардан ортиқ мухлис текин чипталар орқали стадионга кирганди.

Қуйидаги видеода ушбу ҳодиса вақтида стадионда қандай ҳолат юзага келганини кузатиш мумкин.

Мавзуга оид