10:16 / 01.07.2022
6281

«Германияда матбуотга доир қонуннинг ўзи йўқ» – медиа эксперт

Немис медиа эксперти Рене Фалкнернинг айтишича, Германияда матбуот тўғрисида ёки унга алоқадор алоҳида қонун йўқ; немислар соҳани анча ақлли ва айёрона йўл билан тартибга солиб қўйган.

Рене Фалкнер / Фото: Kun.uz

30 июнь куни Адлия вазирлиги ва Конрад Аденауэр фонди томонидан ташкил қилинган семинар тренингдаги нутқида германиялик медиа эксперт Рене Фалкнер ОАВда шахс дахлсизлиги мавзусида гапира туриб, Германияда матбуот тўғрисидаги қонун йўқлигини айтди. Kun.uz мухбири матбуот тўғрисида алоҳида қонун бўлмаган давлатда соҳа қандай тартибга солиниши билан қизиқди.

«Бу ерда матбуот тўғрисида ёки унга алоқадор қонун йўқ. Лекин журналистларда кўнгилли равишда ўзини назорат қилиш мажбурияти бор. Яъни Германиядаги барча газета ва нашрлар бирлашиб, битта уюшма тузишган. Мана шу уюшма бошчилигида ўзига хос «матбуот кодекси» ишлаб чиқилган. Унда агар жамоатчилик журналистларнинг у ёки бу материалидан норози бўлса, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кўрсатилган.

Улар ўзига берилган ваколатни суиистеъмол қилиши борасида маълумотларни эса қуйидаги жадвалда кўришимиз мумкин. 1990 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда журналистлар Матбуот кодексини суиистеъмол қилгани бўйича жами 969 та шикоят қилинган.

3-ўриндаги энг кўп мурожаат журналист ўз касбига ёки ёритаётган мавзусига нисбатан суиистеъмол қилишга тааллуқли. Кейинги энг кўп мурожаат эса реклама ва мақоланинг бир-биридан тўлиқ ажратилмаганидан қилинган шикоятларга тўғри келади.

1-ўриндаги энг кўп шикоят бўлса, бу шахсий дахлсизликка доир чегара бузилган, дея қилинган шикоятлар.

Матбуот кодексидан ташқари, Германиядаги ОАВларнинг ҳар бирида ўзига хос назорат органи бор. Яъни улар таҳририят матбуот кодексида белгиланган қоидаларга амал қилишини назорат қилиб боради», – дейди германиялик мутахассис.

Тадбирда қатнашган яна бир медиа эксперт Гулмира Шукурованинг тушунтиришича, Германияда матбуотга доир бирорта алоҳида қонуннинг йўқлиги бир тарафдан эркинлик ва енгиллик ҳисобланади. Шу билан бирга, немис ОАВлари фуқаролар ёки амалдорнинг бошқа қонунларда назарда тутилган – шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, давлат органларининг иш юритувига доир тартибларга риоя қилади. ОАВнинг давлат ташкилотлари ёки жамоатчилик билан пайдо бўлган муаммолари босимлар орқали эмас, балки фақат суд орқали ҳал қилинади.

Top