Жаҳон | 19:17 / 15.03.2023
9621
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда барча минтақавий газеталар ёпилади 

Улар ўзини ўзи таъминлай олмаяпти, бу эса пировардида бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келмоқда. 

Фото: Табылды Кадырбеков

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги давлатга тегишли барча минтақавий газеталарини тугатиш тўғрисида фармон тайёрлади. 

Агентлик тегишли ҳужжатни 11 апрелга қадар давом этадиган жамоатчилик муҳокамасига қўйди. 

Қайд қилинишича, бугунги кунда барча вилоят газеталарида 228 нафар ходим меҳнат қилмоқда, уларнинг иш ҳақи харажатлари йиллик 105 миллион қирғиз сўмидан (1,2 миллион доллар) ортиқ. 

Шу билан бирга, бирорта нашр ўзини ўзи таъминлай олмаяпти, бу эса пировардида бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келади, деб таъкидламоқда Маданият вазирлиги. 

Ташаббус муаллифларига кўра, ҳудудий газеталар ҳафтада бир марта 1000-2000 нусхада чоп этилади ва вилоят аҳолисини тўлиқ таъминлай олмаяпти. Қирғизистонликлар маълумотни мобил интернет, телевидение ва радио орқали олишни маъқул кўргани учун босма нашрларга бўлган талаб пасайган. 

Буларнинг барчаси вилоят газеталари таҳририятларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинишига сабаб бўлган.  

Маданият вазирлиги қарор лойиҳаси ҳудудий оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилаётган давлат ахборот сиёсатини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилганини қайд этди. 

2017 йилда Қирғизистон ҳукумати минтақа матбуотини ислоҳ қилишга уринган эди. Жумладан, давлат оммавий ахборот воситалари негизида ҳар бир вилоятда медиа-марказ ташкил этиш режалаштирилган эди. Бироқ вилоят газеталари раҳбарлари ўзгаришларга қарши чиқди ва президентга мурожаат йўллади. 

2018 йилда ҳудудий оммавий ахборот воситаларига 148 миллион қирғиз сўми (2,1 миллион доллар) сарфлангани маълум қилинди. 34 та туман ва 12 та вилоят газетаси, шунингдек, 6 та ҳудудий телеканал давлат томонидан молиялаштирилди. 

2019 йил июл ойида Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги барча туман газеталарини молиялаштиришни тўхтатиш нияти борлигини маълум қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид