Жаҳон | 17:18 / 31.12.2022
12829
3 дақиқада ўқилади

Кремль матбуотга «йил якунлари»ни қандай сарҳисоб қилиш борасида кўрсатма берган - ОАВ

Нима ёзиш ва нимага эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатилган қўлланма Кремль назоратидаги Россия оммавий ахборот воситаларига юборилган.

Фото: ТАСС

Кремль ўз назорати остидаги Россия оммавий ахборот воситалари учун 2022 йил якунларини қандай сарҳисоб қилиш бўйича қўлланма тайёрлади, деб хабар берди 30 декабрь, жума куни ҳужжатни қўлга киритган "Медуза" интернет нашри. Қўлланма тўртта блокка бўлинган: "Асосийси", "Россияни мустаҳкамлаш", "МҲО" ва "Янги дунё тартиби".

"Асосийси" блокида Владимир Путин қўшни давлатга қарши уруш бошлашга қарор қилар экан, Россияни Украина ва НАТОнинг яқинлашиб келаётган ҳужумидан "қутқарди" деб таъкидлаш тавсия этилади. Ғарб давлатлари гўёки Россия Қримни аннексия қилиб, Донбассда можаро қўзғатган 2014 йилдан буён "рус халқини бўлиб, босиб олмоқчи".

Уруш (ҳужжатда - "махсус операция") қўлланмада "муваффақиятли" деб аталади, бунинг исботи сифатида муаллифлар ҳужум пайтида босиб олинган Украина ҳудудлари Россияга қўшилганлиги ҳақида гапирган. Шу билан бирга, Россия армияси Украинанинг аннексия қилинган тўртта вилоятидан биронтасини ҳам тўлиқ эгаллашга қодир эмаслиги ва 10 ойлик уруш давомида қўлга киритилган ягона вилоят маркази Херсондан чекинишга мажбур бўлгани ҳамда ҳозир бу шаҳарни ўққа тутаётгани айтилмаган.

Баъзи ҳолларда қўлланма матни ўзига зид келади. Шундай қилиб, унда айтилишича, Россия армияси "Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича МҲО мақсадига муваффақиятли эришмоқда", лекин шу билан бирга Россия Украина билан эмас, балки НАТО билан - "бутунлай бошқача миқёс ва даражадаги душман" билан курашаётганини, шунинг учун "тезкор ғалабаларни ҳеч ким кутмаётганини" таъкидлаш тавсия этилади.

Бундан ташқари, қўлланма муаллифлари таъкидлашича, "Ғарб Украинани тобора камроқ жиҳоз ва воситалар билан таъминламоқда", бу НАТО - "инсоният тарихидаги энг кучли ҳарбий машина" билан уруш ҳақидаги даъвога зид келади.

"Россиянинг мустаҳкамлаш" бўлимида тарғиботчиларга Путиннинг юқори расмий рейтинги ва "россияликлар махсус операцияни сўзсиз қўллаб-қувватлаши" ҳақида ёзиш тавсия этилади. Шунингдек, Россия иқтисодиётидаги "яхшиланишда давом этаётган" вазият ҳам тилга олинади. "Янги дунё тартиби" блокида эса матн тузувчилар Россияни "адолатли, демократик ва кўп қутбли дунёнинг етакчиси" деб аташади. Қўлланмада, шунингдек, Путин Европага Қўшма Штатларнинг "вассали" бўлиш ўрнига "ўзига келиб, субъективлиги ва келажагини тиклаш имкониятини" бераётгани айтилади.

Мавзуга оид