15:09 / 08.05.2021
10908

Ўзбекистон халқаро захираларидаги монетар олтин ҳажми қарийб 10 тоннага ошди

Апрел ойи давомида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 1,5 миллиард долларга кўпайди. Буни олтин нархи тиклана бошлаши ва монетар олтин ҳажми ошгани билан изоҳлаш мумкин.

Фото: Akio Kon/Bloomberg

Жорий йил 1 май ҳолати бўйича, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 34,1 миллиард долларни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, 1 апрел ҳолатида республиканинг расмий захира активлари 32,6 миллиард долларни ташкил қилган. Олтин-валюта захираларининг кескин ошишига олтин нархи унцияси учун 1685,35 долларгача пасайишидан кейин, 1830 долларгача қимматлашини сабаб сифатида келтириш мумкин. Шунингдек, ўтган бир ой давомида захирадаги монетар олтин ҳажми 0,3 миллион троя унциясига (9,33 тонна) ошганини ҳам кузатишимиз мумкин.

Маълумот учун, 1 унция 31,1 граммга тўғри келади.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Бундан ташқари, хорижий валюта активлари ҳам ўтган давр мобайнида 75 миллион долларга ошган.

Республика халқаро захираларида 2021 йилнинг 1 май ҳолатида олтин 20,7 млрд долларни, хориж валюта активлари эса 13,1 млрд долларни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид
Top