Жамият | 13:49 / 29.05.2021
19849
15 дақиқада ўқилади

Сут маҳсулотлари сотувидан нуфузли бренд дилерлигигача: марҳаматлик Улуғбекнинг саргузаштлари      

​​​​​​​UzbekLife хориждаги ҳамюртлар билан интервьюларни давом эттиради. Қаҳрамонимиз Улуғбек Муротбеков Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. 2014 йилдан бери БААнинг Дубай шаҳрида ишлаб келмоқда. Ҳозирда халқаро “Transmed” компанияси дилери.

Велосипедни машинага “айлантирдик”

Оилада 6 кишидан иборатмиз: ота-онам ва 4 ўғил. Мен энг кичигиман. Оиламиз ёшлигимдан сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланар эди. Эсимда, 2001-2002 йиллардан бошлаб, энг катта акам ‒ Давронбек шу ишни йўлга қўйган эди.

Акаларим бошида велосипедда юриб, Марҳамат туманидаги одамлардан сут тўплашар, сўнгра, Андижон ва Шаҳрихондаги сут заводларига сотиб келишарди. Кейинчалик велосипедлар мотоциклга алмаштирилди. Ва ниҳоят, “Damas” автомашиналари сотиб олинди.

2009 йилга келиб, туманимизда кичик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод очдик. Ҳозирда 10 га яқин сут маҳсулотлари “Марҳамат-сут” бренди остида ишлаб чиқариляпти.

Мен асосан, қанча сут маҳсулотлари заводга келяпти, қанча маҳсулот ишлаб чиқариляпти, шуни дастурлаштириб, режалаштирар ва шу орқали оиламга ёрдам берар эдим.

Қишлоқ ва дастлабки таълим

Туғилган гўшам ‒ Марҳамат туманидаги “Янги ҳаёт” қишлоғига муҳаббатим баланд. Самимий инсонлари, баҳаво ҳавоси, сўлим табиати ўзига хос. Туманда ўзбеклардан ташқари, қирғиз, уйғур, қозоқ ва тожиклар ҳам яшаб келишади.

Болалигим фақат туман ҳудудида ўтган. Шу ердаги 42-мактабда 6-синфгача таълим олганман. Инглиз тилини ҳам шу мактабда ўрганганман. Дилором опа деган инглиз тили ўқитувчимиз бўларди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Опа дарсларни ўзгача, интерактив усулларда қизиқтириб ўтарди ва бу тил ўрганишимга асосий туртки бўлган.

Ҳаётимдаги кескин бурилиш

6-синфни тамомлаб, 7-9 синфларни тумандаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган 3-лицейда ўқиганман. Ростини айтсам, у ерда баҳоларим “4” эди.

Негадир эътиборимни кўпинча инглиз тили ўзига оҳанрабодек тортаверар эди. Туман олимпиадаларида ҳам инглиз тили бўйича доим юқори ўринларни қўлга киритганман.

9-синфда ўқиб юрган пайтларимда ҳаётимда кескин бурилиш бўлди десам, муболаға қилмаган бўламан. Туманимиз ўқувчилари номидан шаҳар босқичига қатнашиш учун борган эдим. Танаффусда олди қатордаги 4-5 нафар тенгдошимнинг инглиз тилида жуда равон сўзлашишлари эътиборимни тортди. Рости, бир тарафдан уларга ҳавасим келган бўлса, иккинчи тарафдан ҳафсалам пир бўлди. “Speaking”да билдимки, улардан ортиб, менга ўрин тегмайди.

Улардан қаерда ўқишларини сўрадим. Андижон шаҳрида “Тараққиёт” ўқув марказида таълим олишларини айтишди. Уч нафар дўстим билан шу марказга бориб, ҳайратда қолганмиз. Деярли 60-70 фоиз ўқувчи фақат хорижий тилда сўзлашарди. Бу ерда 4 йил мобайнида таълим олдим. Марказ директори Геннадий Морозов ва барча ўқитувчилардан ғоят миннатдорман.

Аслида, мўлжал Япония эди

Кўпчилик ҳайрон бўлади, нега айнан Дубай, БАА деб! Аслида, менга Япония давлатининг таълими маъқул келган эди. Лицейни тугаллаш арафасида ўзимизнинг олийгоҳлар билан бир қаторда, хорижий ОТМ учун ҳам ҳужжатлар тўғрилай бошладим. Яқин дўстларим билан япон тилини ўрганишга киришдик. Иншолар ёзиб, уларни “кунчиқар юрт” вакилларига жўнатдик.

Қизиғи, дўстларимга 80 фоизлик грант чиққан бўлса, мени 50 фоизлик грант дастурига таклиф қилишди. Ҳолбуки, бир-биримизга ёрдам берган ҳолда иншоларни ёзган эдик.

Табиийки, тушкунликка тушдим. Дўстларим Японияга кетишди. Тўғри, оиламдагилар 50 фоизлик грант дастурида таълим олишимга рози бўлишди, лекин мен бунга кўнмадим. Оиламга қийинчилик бўлишини истамадим.

Дубай ҳақида ҳатто, тасаввурга ҳам эга эмас эдим

Шу орада мен “Тараққиёт” ўқув марказида “Ўқувчиларни қабул қилиш” бўлимида қисқа муддат ишладим. Япон тили сабоқлари ва университетларни излашни тўхтатмадим. Кунлардан бирида ҳамқишлоқ: Ҳусанбой ва Абдулҳамид акалар уйимизга келиб, мендан инглиз тилини ўргатишни илтимос қилишди. Мен рози бўлдим.

Бир ой мобайнида ишдан сўнг, уларга хорижий тилдан сабоқ бердим. Нима масалада эканлигини сўраганимда, Дубайда ишлаш учун ўрганишаётганини айтишди.

Балки ишонмассиз, ўшангача менда Дубай ҳақида ҳеч қандай тасаввур йўқ эди. Ҳатто, унинг шаҳар ё давлат эканлигини аниқ билмасдим. Уларга омад тиладим. Шу орада яна Японига грант ютиш ҳаракатида эдим.

Бир куни Дубайда ишлаётган собиқ ўқувчиларимга алоқага чиққанимда, “Jumeirah Group” меҳмонхонасида ишлашаётганини айтишди. Япония бўлган қизиқишим БАА томон йўналди. Дубай ҳақида изланишлар олиб борар, видеороликлар кўрардим. Ва шу тариқа араб диёрига кетишга қарор қилдим.

Ассалом “Jumeirah group”

Аввалига ота-онам рози бўлишмади. Улар мени қийналади, деб ўйлашди. 2013 йилининг декабрида Дубайга келдим ва иш қидиришни бошладим.

Шу йиллари юртимиздан Дубайга ишга жўнатадиган, иш билан таъминлайдиган ташкилотлар йўқ эди.

Бошида иш топишга қийналдим. Тўғри, кўплаб иш чиқди, баъзиларининг ойлиги, баъзиларининг таклиф қилган иши ёки шароити тўғри келмади. Виза муддати тугаш арафасида қадрдон акалардан бири Ҳусанбой ака иш жойида иш ўрни борлиги ҳақида айтиб қолди. “Jumeirah group”нинг “Jumeirah Beach Hotel” меҳмонхонасига ишга кирдим. Менга кўпинча нега айнан Дубай шаҳрини танлагансиз, деб савол беришади. Саволга жавоб топиш учун шу шаҳарга келиб, ишлаб, ўз кўзлари билан кўришлари керак, деб ўйлайман.

Дубай ‒ жуда катта имкониятлар шаҳри. Етти амирликнинг ичидаги энг ривожланган шаҳар ҳисобланади. У ердаги сўз эркинлиги, барча соҳаларда сервис хизмати яхши йўлга қўйилган.

Бу ерда қандай инсон ёки қайси кийимда эканингиз, амалингиз уларни қизиқтирмайди. Барчага бир хил хизмат кўрсатилади. Меҳмонхона эшигидан ичкарига кирилдими, сиз меҳмонхонанинг азиз меҳмони ҳисобланасиз.

Бу ерда компанияларга эгалик қиладиган юртдошлар ҳам бор

Аввало, барчаси Аллоҳдан. Қийинчилик билан бўлса-да, иш топса бўлади. Юртдошларимизнинг аксарияти меҳмонхона, савдо-сотиқ, кўчмас мулк соҳасида ишлашяпти. Етарли билим ҳамда малакага эга бўлса, ишлай олади. Ўз бизнесини йўлга қўйган, ўзбек ошхоналари очган, ҳатто, катта компаниялаларга эгалик қиладиган ўзбеклар бор бу ерда.

Юқорида таъкидлаганимдек, хизмат кўрсатиш, имкониятлар ва тинчлик шаҳри. Ҳамма ўз иши билан банд. Биров билан бировнинг иши йўқ. 

Дубайга кўплаб мамлакатлардан мигрантлар келиб ишлайди. Об-ҳавоси жуда ажойиб. Аксарият одамлар БАА оролларини чўл ва 50 градус иссиқ дейишади. Аслида, Бирлашган Араб Амирликларида икки фасл: қиш ва ёз мавжуд. Яъни, 6 ой қиш бўлса, 6 ой ёз давом этади. Менга кўпроқ қиш фасли ёқади. Июль-август ойларида ҳавонинг ҳарорати 50 градусдан ортиқни ҳам ташкил қилиши мумкин. Намлик ҳисобига ёзда юриш сал қийинроқ.

Дастлабки меҳнат фаолиятим ҳақида

Расман 2014 йилнинг январь ойидан иш фаолиятим бошланган. Илк иш жойим ‒ ёш болалар клуби эди. Келган меҳмонларнинг 2-12 ёшгача бўлган фарзандларининг вақтини чоғ ўтказиш мақсадида, улар билан турли дастурлар, кўнгилочар ўйинлари ўтказар, спорт турлари билан шуғуллантирар эдик.

Қабулхонада 9 ой мобайнида ишладим. Сўнгра “Jumeirah grouop” таркибидаги бошқа фирмага ҳужжатларимни топширдим. Ушбу бренд остидаги меҳмонхоналар ёнма-ён жойлашган. “Madinat Jumeirah”нинг “Dar Al Masyaf” қабулхонасига қабул қилиндим.

Масъулият катта эди. Табиийки, бу ерга келадиган меҳмонлар муаммосиз дам олишни хоҳлайди. Уларга сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилар эдик. Осмонўпар “Бурж Халифа”да овқатланиш, турли қимматбаҳо автомашиналарда чўлни сайр қилиш, мусаффо денгиз ё бассейнларда дам олиш каби ишларни ташкиллаштирардик.

Аксарият меҳмонлар чўлда саёҳат қилиш ва голф ўйнашни ёқтиришарди. Ўша пайтда шу бренд янги меҳмонхона қураётганди. Менежеримнинг ўзи таклиф билан чиқди, мен рози бўлдим. Ишхонага янги келган ходимларга иш ўргатдик. “Food-Testing” қилиб турли овқатлардан татидик, сервисларни текширдик. Худди сайёҳлардек яшадик 1 ҳафта давомида. Бу жуда муҳим эди, албатта.

Янги меҳмонхона очилиши жуда қийин бўларкан. Икки ой давомида муаммолар бўлиб турди. 2017 йилнинг ёз ойларида бошқа соҳада ўзимни синаб кўриш истаги туғилди.

Хато кечирилмас эди

Португалиянинг “Sacoor Brothers” компаниясидан таклиф олдим. Бу ерда ойлик кўп, аммо қулайликлар камроқ эди. Очиғи, бир ой қийналдим. Ҳисобим бўйича 7 ой мобайнида сотувчи бўлиб ишладим.

Компаниянинг 30 га яқин дўконлари бор эди. Кейинчалик “Supervisor – гуруҳ сардори” лавозимига ўтдим. Костюм-шим, футболка, оёқ-кийимлар сотиларди. Бу лавозимда уч ой ишладим. Кунлардан бирида компания раҳбарлари биз билан тренинг ўтказди. Тренинглар давомида кадрлар бўлими бошлиғи менга «агар сенга имкон берилса, бош офисга бориб ишлармидинг?», дея таклиф билдирди. Рости, кутмаган эдим.

Мени Бренд-тренер қилиб ишга олишмоқчи эди. “Sacoor Brothers” компаниясида қарийб 2,5 йил ишладим. Бу ерда ўзим учун катта тажриба тўпладим. Қоидалар жуда қаттиқ, барча ходимлар хато қилмасликка уринардик. Сабаби, хато кечирилмас эди.

Ва ниҳоят, “Transmed” компанияси

Ҳозирда “Transmed” компаниясида фаолият олиб бормоқдаман. Бундай компаниялар БААда жуда кўп эканини қайд этишни истардим. Асосий иш дилерлик, яъни, таъминотчиликдан иборат.

“Transmed” компанияси 1946 йили Ливанда ташкил топган ва БААга 1975 йили кириб келган. Бугунги кунда Африка қитъаси мамлакатлари ва Туркияда ҳам фаолиятини олиб боради.

Асосан, инсонларнинг кундалик эҳтиёжлари ва истеъмол маҳсулотлари: шампун, совун, болалар таглиги (памперс), аёллар гигиеник воситалари каби брендлар. Биз БААдаги ягона таъминотчи ҳисобланамиз.

Ушбу компанияга келишимга Давронбек ака сабабчи бўлган.Улар бу компания ҳақида маълумот бергач, қизиқишим ортиб, ҳужжат топширганман. Ўн икки номзод ичидан мени танлашган.

Дубайда гипермаркетлар кўп. Хусусан, брендлар ҳам. “Carrefour”, “Lulu”, “Union Coop”, “Sharjah cop”, “Emirates coop” шулар жумласидан. Биз асосан, компаниялар ўртасида воситачи – бизнесни ривожлантириш ходими ҳисобланамиз. Маҳсулотлар ҳақида ўз таклифларимизни берамиз. Гипермаркетлардаги маҳсулотлар биз томондан сотилган бренд маҳсулотларидир.

 Масалан, болалар тагликларининг турли ўлчамлари бор. Агар бирорта ўлчам сотилмай қолса, биз учун хунук иш ҳисобланади. 10 хил маҳсулот бўлса, ҳаммаси гипермаркетларга бориши керак. Бўлмаса, бу салбий оқибатларга олиб келади.

Шаҳардаги деярли ҳар бир гипермаркетда ходимимиз бўлиб, улар ҳолатларни текширади: маҳсулотларнинг туриши, сифати, талабгирлиги дегандек. Маҳсулотларимиз ҳар бир гипермаркетда бир хил туриши керак. Мерчендайзерлар расталар ҳолатига жавоб беришади. Хуллас, ҳамкорликда, доимо алоқада фаолият юритилади.

Яшаш учун кураш шиддатли кечади

Баъзида, ижтимоий тармоқлар орқали бу ерга келиб ишлаш ҳақида саволлар беришади. Хўш, меҳмонхона ёки савдо-сотиқ соҳасида иш топиш имконияти катта. Бунда, албатта, инглиз тилини билиш жуда муҳим. Кўп дўстларим тилни билмагач, ишлай олмай, қайтиб кетишган. Тилни билмай келиш катта хато.

Ишга олиш тартиби қатъий принциплар асосида. Назаримда, Дубайнинг ҳамма ери ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. Ҳиндистонлик, покистонлик, бангладешлик меҳнат муҳожирлари жуда кўп. Қийин шароитларда ишлаётганликларининг гувоҳи бўлганман. Бундай ишларга таклиф қилмаган бўлар эдим.

Иш берувчи компаниялар кўп. Аммо иш қидирганлар ундан ҳам кўп. Мисол учун, бу ерга келиб, бир ой иш қидирасиз. Топилгач, яна бир ой кутишга мажбурсиз. Сабаби виза, ишга жойлашишда зарур бўладиган ҳужжатбозлик, суҳбат ва ҳоказолар. Ойлик эса ойнинг охирида. Уй ижараси ва яшаш учун эса пул керак.

Агар Дубайга келиб, 3-4 ой ишлаб яхши даромад қиламан десангиз, адашасиз. Келишингиз билан иш топсангиз ҳам, топганингиз виза ва билет пулини ҳам қопламаслиги мумкин. Юртимизда эса ўз уйидан туриб пул топаётган танишларим борлигини биламан.

Дубайга келиб ишламоқчи бўлган инсон обдон пухта ўйлаши, режа қилиши керак. Ўз устида ишлаб, режани 3-4 йил деб қўйиш керак. Энг камида Дубай билан тўлиқ танишиш учун бир йил вақт кетади.

Юртимиздаги кўп танишларим фақат диплом олиш учун ўқиётганини айтишади. Ўқиган соҳасида иш топиш жуда қийин. Нуфузли университетларда ўқишган бўлса-да, Дубайда оддий ишлардан бошлашган.

Бу шаҳарда таълим шартнома пуллари жуда қиммат: Ўзбекистонда қизил диплом олган бўлсангиз ҳам, бу ерда оддий ишчи бўлиб ишлашингизга тўғри келади.

Ҳукумат маҳаллий аҳолидан хавотирда

Бу шаҳарда кўплаб нуфузли университетларнинг филиаллари фаолият юритади. Гувоҳи бўлганим, маҳаллий аҳолининг ишламаслик даражаси тушиб кетяпти. Ҳозирда ҳукумат томонидан маҳаллий аҳолини ишга жойлаштириш ғояси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу боис ҳар бир ташкилотда маҳаллий аҳолини кўришингиз мумкин. Ҳукумат келажакда аҳолиси ишсиз, тажрибасиз бўлиб қолишидан хавотирда.

Ўзбеклар ҳақида ёмон гап эшитмаганман

Муҳожирларга нисбатан муносабат яхши, ирқчилик йўқ ҳисоби. Ҳаммани бирдек кўришга ҳаракат қилишади. Юртдошларимиз ҳақида муносабатлари, фикрлари яхши. Шу вақтгача ўзбеклар ҳақида ёмон гап эшитмаганман.

Бугунги кунда Дубай, умуман амирликларда юртдошларимиз сони кескин ўсяпти. Хоҳ у овқатланиш тармоғи ёхуд савдо кўрсатиш шохобчаси бўлсин, албатта, юртдошларни кўришингиз мумкин.

Бундан 6-7 йил илгари асосан Тошкентдан келган меҳнат муҳожирларини учратар эдим. Сўнгги пайтларда водийлик юртдошлар ҳам кўпайиб бормоқда. Инглиз тилига қаратилган юксак эътибор туфайли, деб биламан буни. Ҳозирда Дубай шаҳрида Марҳаматнинг ўзидан 30-40 киши “ризқ”ини териб юрибди.  

Мақсадим: Дубайдаги хизмат кўрсатишни юртимизда татбиқ этиш

Режаларим бисёр. Дубайдаги сервис даражасини юртимизга, хусусан, Марҳамат туманига олиб кириш.

Оилам, яъни, аёлим ва фарзандим билан Дубайда истиқомат қиламан. Албатта, юртни соғинаман. Деярли ҳар куни уйдагилар билан алоқадамиз. Режаларим кўп, аммо бутунлай кетиш ниятим йўқ, ҳозирча. Шунингдек, олий таълим олиш ниятим ҳам йўқ эмас.

Давронбек ОРИПОВ суҳбатлашди

Мавзуга оид