Ўзбекистон | 23:16 / 13.05.2024
13414
2 дақиқада ўқилади

Умумтаълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбири чекланган ҳолда ўтказилади 

25 май куни тадбир 1 соат давом этади, унга 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади. Турли ресторан ва кафелар, хонадонларда «Битирув оқшоми»ни ўтказиш, ўқувчилардан пул йиғиш тақиқланади. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида 2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Унга кўра, «Сўнгги қўнғироқ» тадбири 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади. Тадбирга мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақат 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади. 

Тадбир маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади. Унга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади. 

Шу билан бирга, тадбирда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилиши мумкин. 

2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирини ўтказишда қуйидагилар тақиқланади: 

- турли ресторан ва кафелар, хонадонларда «Битирув оқшоми»ни ўтказиш, имтиҳон ва якуний давлат аттестасиясини ўтказишда, таълим муассасасини янги ўқув йилига тайёрлаш баҳонасида ўқувчилардан пул йиғиш;

- ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш;

- ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши. 

Мавзуга оид