Танқид ва таҳлил: 5-6 синф Адабиёт дарсликларидаги камчиликлар хусусида

Дарслик яратиш масъулиятли ва мураккаб вазифа. Уни яратишда олимона фикрлар билан бирга педагогик маҳорат, методист қараши ҳам жуда-жуда зарур. Узлуксиз таълим тизими учун яратилган дарсликлар бири-иккинчисини такрорламаслиги, аксинча мазмунан тўлдириши, ўқувчи билимини босқичма-босқич юксалтиришга хизмат қилиши лозим. Шу нуқтаи назардан умумтаълим мактаблари учун яратилган “Адабиёт” дарсликларини таҳлилқилишда давом этсак... (дастлабки 5-синф “Адабиёт” дарслиги таҳлилига бағишланган мақола “Даракчи” газетасининг 2017 йил 27 апрель сонида босилиб чиққан. Ушбу мақолани таълим тизими ва ўқитувчи-мураббийлар нашри бўлган “Маърифат” газетаси саҳифаларида кўришни орзу қилган эдик. Мақола таҳририят столида бир неча ой навбатини кутди, лекин чоп этилмади).
Айрим дарсликлар аввалида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси берилиши одатий тусга кирган. 5-синф “Адабиёт” дарслигида мадҳия берилмагани ҳолда 6-8-синф дарсликларида мавжуд. 7-9-синф дарсликларида эса берилмаган. Бизнингча, давлат мадҳияси ёки ҳар бир синф дарслигида берилиши керак ёки фақат 5-синфда бериш билан кифояланиш керак.
2013 йил “Маънавият” нашриётида чоп этилган С.Аҳмедов, Р.Қўчқоров, Ш.Ризаев ҳаммуаллифлигидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфи учун “Адабиёт” дарслик-мажмуасини варақлар эканмиз, беш саҳифадан иборат кириш қисми бу ёшдаги ўқувчи учун кўплик қилмасмикан, деган мулоҳазага бордик.
5-синф “Адабиёт” дарслигига киритилган ёзувчи ёки шоир ижоди 6-синфда давом эттирилса, аввалги синфда берилган маълумотлар тўлдирилиши, бойитилиши лозим. Афсуски, 6-синф дарслигидаги айрим ижодкорларнинг таржимаи ҳоли айнан такрорланган ёки янги маълумотлар билан бойитилмаган. Ҳатто айрим ўринларда салмоқли ҳажмдаги матнлар, адиб ҳаёти ва ижоди юзасидан берилаётган савол-топшириқлар ҳам ҳеч бир ўзгаришсиз кейинги синф дарслигига кўчиб ўтган. Буни Муқимий, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов таржимаи ҳоли мисолида кузатиш мумкин. Фикримизнинг исботи учун бир-иккита мисол келтирамиз: “Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий 1850-йилда Қўқон шаҳрида Беквачча маҳалласида новвой оиласида туғилган.
Муқимий дастлаб ўз маҳалласида мулла Абдуҳалил мактабида таҳсил олади. Шоирнинг илм ўрганиши ва бадиий ижодга эрта қизиқишида унинг волидаси, қобилиятли аёл Ойшабиби айтиб берган кўплаб эртак ва қўшиқларнинг таъсири кучли бўлган. Муқимий дастлаб Қўқондаги “Ҳоким ойим” мадрасасида таълим олади. 1872-1873 йилларда Бухорога бориб, у ердаги “Меҳтар анбар” мадрасасида ўқишни давом эттиради. 1876 йилда ўқишни тамомлаб, Қўқонга қайтади. Уйланади. Шоир дастлаб ер қурилиши маҳкамасида мирзалик, сўнгра Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжардаги паромда паттачилик қилади...“ (1-қисм, 91-92-бетлар).
Шу тарзда салкам бир ярим саҳифалик 5-синфда берилган маълумотни ўқувчи 6-синфда такрор ўқишга мажбур бўлади.
Худди шу ҳолатни Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига оид материаллар мисолида ҳам кўриш мумкин: “Эркин Воҳидов университетни тугатгач, узоқ йиллар нашриётларда ишлади, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларини чоп қилишда фаол иштирок этди. 1964-йилда яратилган “Нидо” достонидан сўнг бирин-кетин “Орзу чашмаси”, “Палаткада ёзилган достон”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни” каби ажойиб достонлар ёзди...” (1-қисм, 133-135 бетлар). Бир саҳифадан ортиқроқ ҳажмдаги ушбу маълумотлар ҳам 5-синф дарслигининг 142-саҳифасини тўлдириб турибди. Боз устига, шоир таржимаи ҳолидан сўнг берилган “Эркин Воҳидовнинг болалиги ҳақида нималарни биласиз? Шоирнинг қандай тўпламлари чоп этилган? Шоир шеъриятдан бошқа яна қандай жанрларда қалам тебратган?” (1-қисм, 135-бет) тарзидаги саволлар ҳам иккала синфда айнан такрорланган.
Буни техник хато билан хаспўшлаб бўлмайди. Бу ўқувчи шахсини менсимаслик ортидан келган беэътиборликнинг натижасидир. Муаллиф дарсликдаги ҳар бир мавзуни ёритиш жараёнида ўқувчини кўз олдига келтириши, ўзини унинг ўрнига қўйиб кўриши лозим. Қолаверса, амалиётчи фан ўқитувчилари нега пайтгача жим туришган, муносабат билдиришмаган?
Назарий маълумотларни тақдим этишда ҳам номутаносибликлар кўзга ташланади. Хусусан, 5-синф дарслигида масал жанри ёритилгани ҳолда 6-синфда ҳам шу жанрга қайта мурожаат этилади. Агар назарий маълумот бир-бирини тўлдириб, янги маълумот билан бойитса-ку, эътироз туғилмаган бўлар эди. Маълумотни такрорлашдан чекиниб, бу ўринда бадиий тасвир воситалари ҳақида маълумот берилганида, бизнингча, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Негаки, ўқувчи дарсликнинг бир неча ўрнида бадиий тасвир воситалари билан боғлиқ савол ёки эътирофларга дуч келади. Хусусан, “Шум бола”дан олинган парча (1-қисм, 24-бет), “Танобчилар” сатираси1-қисм, (98-бет), Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеъри (1-қисм, 106-бет) таҳлили жараёнида, Аваз Ўтар ижоди юзасидан берилган савол-топшириқларда (2-қисм, 71-бет) ўқувчида ҳақли савол туғилади. Бадиий тасвир воситалари ва уларнинг турлари ҳақида қисқа назарий маълумот бериш орқали ўқувчинингсаволига жавоб бериш, мустақил равишда бадиий асарлардан шу санъатларни топишга йўналтириш мумкин.
5-синф “Адабиёт” дарслиги каби 6-синф дарслигида ҳам ўқувчи учун мураккаб бўлган жумлалар мавжуд. Ҳамид Олимжон ижоди ҳақида гап борганда мана бундай шоирона ифодани ўқувчи англашга қийналмасмикан: “Шоир лирик шеърларининг қамрови кенг, мавзулари ранг-баранг. Аммо бу шеъриятда шундай бир мавзу борки, у ҳаммасидан олдинда, барчасидан кўра эҳтирослироқ, туйғулар пўртанаси фавворадек отилиб турадиган юксак тоғлардаги шалоладек соф, тоза, жўшқин ифода топган бир мавзу – Ватан мавзуси, туғилиб ўсган диёрга муҳаббат ва миннатдорлик ҳислари”; “Ўзбекистон” шеъри Ҳамид Олимжон поэзиясининг бадиият, маҳорат бобидаги энг кўркам намуналаридандир. Унда ўхшатиш, қиёслаш, жонлантириш, муболаға, қаршилантириш, товушлар уйғунлигини англатувчи аллитерация, поэтик такрор, таъкид каби бир қанча бадиий тасвир воситаларидан фойдаланиб, Ҳамид Олимжон Ўзбекистоннинг ўзига хос, бетакрор поэтик тимсолини яратган...” (1-қисм, 104-106-бетлар) ва ҳоказо. Эътибор қаратсак, ушбу жумлада бадиий тасвир воситаларининг саккизта тури саналган...
Ҳолбуки, “Ўзбекистон” шеърининг илк сатрларидан ўқувчида пайдо бўладиган поэтик кайфият ҳақида сўзланг”, “Шеърда қиёс, қаршилантириш каби поэтик тасвир воситаларига мурожаат этишнинг сабабини изоҳланг”, “Ўзбекистон” шеърида яна қандай бадиий тасвир воситалари қўлланган?” (1-қисм, 107-бет) каби саволлар берилгани ҳолда бирор ўринда ушбу бадиий тасвир воситалари ҳақида маълумот берилмаган. Натижада, ўқувчи бадиий тасвир воситалари нима эканлигини билмай, англамай дарсликни якунлайди.
5-синф “Адабиёт” дарслиги ҳақидаги мулоҳазаларимизда савол ва топшириқлар мавзуга, ўқувчининг ёши ва савиясига мос бўлиши кераклигини таъкидлаган эдик. Ушбу камчилик 6-синф дарслиги учун ҳам бегона эмас.
Кириш қисми учун берилган савол-топшириқлар орасидаги “Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор “Адабиёт – атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак” деган эди. Шу гапни изоҳлаб беришга уриниб кўринг-чи”, (1-қисм, 9-бет)деган саволга ўқувчи жавоб топа олармикан?
“Адабий асар асосида яратиладиган кинофильм ёки спектакллар ўша асар билан бир хил бўлиши керак, деб ҳисоблайсизми? Кинофильм ва қиссанинг ўзига хос ҳикоя йўсинини солиштиришга ҳаракат қилинг” (“Адабиёт” 1-қисм, 25-бет) деган савол билан 6-синф ўқувчисига мурожаат қилиш қанчалар ўринли?
Шунингдек, саволлардаги услубий хатоларни ҳам тузатиш зарурати бор. Эркин Воҳидов ижоди хусусида берилган “Тўлиқ қасидани ёки унинг бирор парчасини ёддан ифодали ўқинг” (1-қисм, 144-бет) тарзида берилган саволни “Қасидани тўлиқ ҳолда ёки унинг бирор парчасини ёддан ифодали ўқинг” тарзида ўзгартириш лозим.
“Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини саргузашт асарнинг мукаммал намунаси деса бўлади” (1-қисм, 65-бет) деган фикр, бизнингча, мунозарали. Бу асарни “Гулливернинг саргузаштлари”, “Робинзон Крузо” билан бир қаторга қўйиш мумкинми? Буюк мутафаккир мазкур асарда саргузашт асарларга хос элементлардан унумли фойдаланганини тан олган ҳолда достоннинг бундай баҳоланиши унчалик тўғри эмас, деб эътироф этишга ҳақлимиз.
Жаҳон адабиётидан тавсия этилган бадиий асарлар ўқувчига маънавий озуқа бериши, тафаккур оламини кенгайтириши, уни ўзига ром эта олиши керак. Жанни Родарининг мустақил ўқиш учун берилган “Телефонда айтилган эртаклар” туркумидан берилган “Қутбдаги гунафша” эртаги ўқувчига қандай маънавий озуқа бераркин, деган савол билан ўзимизга мурожаат этайлик. Эртак якунига эътибор беринг: “Тонгда ҳамма гунафшанинг сўлиб қолганини кўрибди, у ингичка толасига эгилиб, оппоқ қор устида рангсиз ва жонсиз ётганмиш. Агар унинг охирги ўй-фикрларини сўзда ифодалаш мумкин бўлса, биз, ҳойнахой қуйидаги сўзларни эшитган бўлардик: “Мана, мен ўляпман. Лекин кимдир бошлаш керак эди-да. Қачонлардир бу ерда миллион-миллион гунафша очилиб ётади. Музлар эрийди, ороллар ҳосил бўлади, улардан болаларнинг қўнғироқдай шўх кулгиси эшитилиб туради” (1-қисм, 81-бет). Якун гўё кўтаринки руҳ билан якунланяпти. Лекин буни ўқиган бола унинг заминидаги тагмаънони илғай олмайди, балки келажакда табиат қонуни, табиий мувозанат бузилар, яъни Шимолий қутб музлари эриб, у ерда янги ҳаёт бошланар экан-да, деган хулосани чиқаради.
“Бемор” ҳикоясидан сўнг назарий маълумот сифатида берилган “Бадиий асар тили ҳақида тушунча” мавзуси ўқувчи учун мураккаблик қилади. Бу ўринда ўқувчи учун мураккаб бўлган илмий фикрлардан кўра “Бемор” ҳикоясида бадиий тил имкониятлари қай даражада намоён бўлгани мисоллар орқали содда ва аниқ ифода этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аксинча, муаллифлар бир ярим саҳифалик назарий маълумотда “Абдулла Қаҳҳор ўзининг мўъжазгина “Бемор” ҳикояси орқали биз билан ўтказган бадиий мулоқоти ўзининг таъсир кучини юз йиллар давомида сақлаб қолиши бадиий тил нақадар қудратли ҳодиса эканининг яққол исботидир” (1-қисм, 117-бет), деган фикр билан чекланадилар.
Дарслик-мажмуанинг 2-қисмидаги “Халқ қўшиқлари” мавзусида тавсия этилган “Бойчечак” қўшиғининг таҳлили ҳам изоҳталаб. Муаллифлар фикрича, бойчечак меҳнаткаш инсон рамзидир. Қўшиқ қуйидагича изоҳланади: Қўшиқ матнидаги “бойчечакни тутдилар, тут ёғочга осдилар” дейилишининг маъносига эътибор берайлик.
Маълумки, халқимизда тут дарахти муқаддас ҳисобланади. Халқ тут дарахти мевасини севиб истеъмол қилади. Унинг танасидан тароқ, бола учун бешик ясашади. Бойчечак халқ орасида рамзий аҳамиятга эга бўлиб, унда чуқур маъно бор. Уни “тутадилар”, “Тут ёғочга осадилар” “қилич билан чопадилар”, “бахмал билан ёпадилар”. Халқда ўз кучи билан қийналиб мақсадга эришса, “Ахир у қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечакнинг ўзи-да”, дейишади. Бу ифодаларнинг барчасида бойчечак меҳнаткаш инсон рамзи эканига ишора қилинади” (2-қисм, 30-бет). Бу фикрларни ўқиган ўқувчи бойчечакнинг тут дарахтига осилиши, қилич билан чопилиши, бахмал билан ёпилишининг сабабини билишга қизиқади, лекин бунга маънили жавоб ололмайди. Муаллифлар қўшиқ таҳлилини фольклоршунос олимларнинг фикрларига таянган ҳолда амалга оширсалар, ўқувчида ортиқча саволга ўрин қолдирмасалар, айни муддао бўлар эди.
Дарсликда тавсия этилган Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги “танбиҳ” сўзига изоҳ бериш лозим эди. Чунки ўқувчи бу сўзнинг маъносини англамаслиги ёки танбеҳ, яъни дакки маъносида тушуниши мумкин. Бу ўринда танбиҳ ўгит, панд-насиҳат, эслатма маъноларида келаётганини аниқлаштириш лозим.
“Ҳикматли сўзлар ҳақида тушунча” мавзуси учун берилган савол ва топшириқлардаги “Ҳикматли сўз” ва “афоризм” тушунчаларини изоҳлаб беринг” тарзидаги саволни ҳам мулоҳаза қилиб кўриш керак. Чунки бу саволга ўқувчи мавзуда берилган “ҳикматли сўзни айримлар грек тилидан ўзлашган “афоризм” деб ҳам қўллайдилар” деган жавобдан бошқа фикр бера олмайди. Дарслик учун тузилган савол маълум бир матн мазмунини қамраб олиши, энг муҳими, ўқувчини фикрлатиши, мулоҳазага чорлаши керак. Зеро, адабиёт дарсликларининг вазифаси ўқувчини фикрлатиш, унинг нутқини, бадиий дидини ўстиришдир.
Аваз Ўтар ижодидан берилган қуйидаги тўртлик дарсликдан ўрин олмаса ҳам унинг маърифатпарварликни тарғиб қилувчи шеърлари ўқувчида шоир ижоди ҳақида муайян хулосалар чиқариш имконини беради:
“Билинг, ушбу замон ғамнокидирман,
Куйиб ўртанмиш элнинг хокидурман.
Авазким, назм элин чолокидурман,
Бошин олмоққа хоннинг покидурман”.
Абайнинг “Насиҳатлар” китобидан берилган пандларни дарсликда анча-мунча ихчамлаштирган ҳолда мазмунан ўқувчи учун мос келадиганларини саралаган ҳолда бериш жоиз. Негаки, Абай насиҳатлари адибнинг муайян ёшдаги ҳаётий тажрибалари маҳсули сифатида 6-синф ўқувчисига оғирлик қилади. Натижада ҳаётий мисоллар билан далилланганмаган бу насиҳатларни ўқувчи юзаки қабул қилади ва тез ёддан чиқаради. “Насиҳатлар”даги “Еттинчи сўз”, “Ўн еттинчи сўз”лар ўқувчини қизиқтира олармикан? “Ўн еттинчи сўз” даги Ақл ва Ғайрат Юракка, яъни кўнгилга бўйсуниши керак деган фикр ҳам нисбий ва мунозаралидир. Кўнгил истаги ва амри билан қилинган ҳамма иш ҳам тўғри бўлавермайди. “Ўттиз еттинчи сўз”дан ўрин олган “Ғайратсиз жаҳл – тул, қайғусиз ошиқ – тул, шогирдсиз олим – тул” (2-қисм, 81-бет) насиҳатини ўқувчига қандай тушунтирамиз? Қолаверса, шу қисмдан ўрин олган 2-,3-,8,-9-,15-насиҳатларни ҳам ўқувчи ҳазм қила олмайди.
Болани китобхон қиладиган, уни китоблар олами сари йўллайдиган асосий омил дарслик. Агар шоир ёки ёзувчи ижодидан берилган намуналар болани ўзига ром этса, у албатта, ижодкорнинг бошқа асарларини ҳам излаб топади. “Рангин туйғулар” бўлими Зулфия ижоди билан бошланади. Аммо шоира ижодидан берилган шеърлар ўқувчини шоира ижодидан узоқлаштиради. Ҳолбуки, шоиранинг ўқувчи ёшига мос асарлари ҳам бор эди. Берилган шеърлар на ўқувчи туйғуларига таъсир қилади, на шеърлар юзасидан берилган илмий таҳлиллар уни қониқтиради. Зулфиянинг “Невара”, “Мен ўтган умрга” шеърларида мураккаб ва катта ҳаётий йўлни босиб ўтган аёлнинг умр ҳақидаги фалсафий қарашлари баён этилган. Бу шеърлардаги туйғуларни 12-13 ёшли ўқувчига мажбурлаб сингдириб бўладими?
Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони “романидан берилган 23 саҳифалик “Низомнинг тантилиги” ҳикоясини “Юлдузли тунлар” романидан Бобур шахсига ҳурмат уйғотувчи ва шу орқали ўқувчида инсонийлик туйғуларини шакллантирувчи парча билан алмаштириш мумкин эди.
Дарсликда ижодкор таржимаи ҳолининг батафсил хроникасини бериш қанчалик тўғри? Ижодкор ҳаёти ва ижодига оид матнларда саналар, жой ҳамда асарлар номи шу даражада кўпки, ўқувчи эмас, ўқитувчи ҳам шошиб қолади. Мисол тариқасида Туроб Тўла ҳақидаги маълумотни келтирамиз: “...ёшлар газетасида адабий ходим, Ўзбекистон Давлат радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва сухандон, Ўзбекистон Давлат нашриёти (Ўздавнашр) муҳаррири, “Ўзбекфильм” киностудиясида сценарий бўлими мудири, Республика Киночилар уюшмасида котиб, Маданият вазирлиги санъат ишлари бошқармаси бошлиғи, Ҳамза номидаги театр директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Адабиётни тарғиб этиш маркази раҳбари” (1-қисм, 27-бет) каби. Бундай маълумотлар ўқувчини чалғитади, қолаверса, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёрланаётган абитуриентлар ҳам сон-саноқсиз ва кераксиз маълумотларни ёд олишга қанчадан-қанча куч сарфлайдилар.
Ҳар бир асардан кейин унинг таҳлилини бериш ижобий ҳолат. Лекин таҳлилда ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар бор. Туроб Тўланинг 4 саҳифалик ҳикоясига 5 бетдан иборат изоҳ берилиши натижасида ўқувчининг фикрлаши учун ҳожат қолдирилмайди.
“Адабиёт” дарсликларини таҳлил қилишдан мақсад катта меҳнат ва машаққатлар самараси бўлган китобни ёки юқори илмий салоҳиятга эга бўлган муаллифларни танқид қилиш эмас. Аксинча, бу мутахассис сифатидаги бурчимиз ва вазифамиз бўлиб, янги дарсликларни яратиш, қайта нашр этиш жараёнида назарда тутиш учун билдирилган таклиф-мулоҳазадир.
Суратлар манбаси: Google Images
Шаҳноза Эргашева,
филология фанлари номзоди
Хуршида Ҳамроқулова,
филология фанлари номзоди
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентда синов тариқасида йўллар бўйида пулли автотураргоҳлар ишга туширилди
Ўзбекистон | 16:55
-
Ҳусийчилар ракетаси Тел-Авивдаги аэропорт яқинида қулади
Жаҳон | 16:43
-
Миллиардер Уоррен Баффетт Berkshire Hathaway бош директорлигидан кетади
Жаҳон | 16:30
-
Ғалабани «ўғирлаган» Трамп, мақсади ўзгарган Россия – ҳафта дайжести
Жаҳон | 16:12
Мавзуга оид

15:16 / 12.12.2024
2025 йилда дарсликлар ижараси учун тўлов олинмайди

16:31 / 13.11.2024
Саманта Ҳарви космонавтлар ҳақидаги романи учун Букер мукофотига сазовор бўлди

18:42 / 30.10.2024
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов тикланиши мумкин

14:50 / 23.10.2024